Бош саҳифа / Жамият / Сизга нима бўлди, аёллар?!

Сизга нима бўлди, аёллар?!

Мамалакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпроғини аёллар ташкил қилади. Улар қишлоқ хўжалиги, таълим, маданият, санъат, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик, бир сўз билан айтганда, жамиятимизнинг барча жабҳаларида меҳнат қилмоқда.

Бироқ бугунги глобаллашув жараёнида аёллар орасида жиноятчиликнинг ортиши атрофдагиларни огоҳ бўлишга ундайди. Яна бир ташвишли ҳолат: хориждаги фуқароларимизнинг аксарияти у ерга ишлаш мақсадида кетадию, айримлари турли диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолади.

Айниқса, ёшлар ва аёллар жиноятчилиги борасидаги аҳвол кишини ташвишга солмай қўймайди. Масалан, ўтган йилнинг ўзида мингдан зиёд ўқувчи ёшлар жиноятга қўл ургани, умумий жиноятларнинг олтитасидан биттасини хотин-қизлар содир этгани афсусланарлидир. Бунинг сабаби ўқув муассасаларида ўқувчиларнинг давоматини ўрганиш ва назорат қилиш бўйича мукаммал тизим яратилмагани эмасми?

Статистик маълумотларни кузатганда, ўғирлик, фирибгарлик, безорилик, гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва ўтказиш каби „умумий“ жиноятларнинг салмоғи аёлларда анча катталигини кўрамиз.

Ҳеч ким ўз-ўзидан жиноятчи бўлмайди ва ҳеч ким шундай сифат билан туғилмайди. Бунга фақат қандайдир вазият, вақт, қистов, ҳолат ёки ғоявий бўшлиқ, шунингдек, ён-атрофнинг таъсири бўлиши мумкин. Эрта тонгдан кимнингдир ҳожатини чиқараман деб қаергадир йўл олаётган аёл изидан жажжи қалб соҳибларининг тамшаниб кузатаётганини бир кўз олдингизга келтиринг, бу нигоҳ эгасининг айби нима? Нега у соғинч азоби билан яшаши керак?! Узоқ-узоқларда одам савдоси билан шуғулланиб, бирини икки қиламан, деб жиноятга қўл ураётган меҳрибон аёл, тўхтанг, кимни сотиб фойда кўрмоқчисиз? Шу пайтгача қандай яшадингиз, сизни виждон аталмиш покиза ва соф туйғу қаттиқ таъқиб қила бошласа, нима қиласиз? Ўша жабрдийдаларнинг эгасига нима деб жавоб берасиз? Пул учун ноқонуний ҳужжатлар билан кимнидир олий маълумотли қилмоқчи бўлган опажон ёки сингилжон, айтинг-чи, бу билан сиз ўз келажагингизга ўзингиз болта урмаяпсизми? Ахир, ким сизга кафолат беради-ки, ўша қалбаки ҳужжат эгаси сизнинг набира ёки эварангизга сабоқ бермайди, деб.

Донишмандлардан бири айтганидек, “Эркак илмли бўлса, фарзанд илмли бўлади, аёл илмли бўлса — миллат илм ли бўлади”. Демак, қадимдан аёлларнинг илмли, оқила, фозила бўлишидан жамият манфаатдор бўлган. Хотин-қизларимиз жиноят борасида эмас, балки, илм-фанда, маърифат ва таълим-тарбия соҳасида ўз фаолликларини намоён қилишса, нур устига нур бўлармиди…

Д.НОРМУРОДОВА,
халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаш депутати

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Улуғ инсон эди…

У пайтлар Ангор тумани маданият бўлими бошлиғи бўлиб ишлар эдим. Ташкилотчилигим, ташаббускорлигимни яхши билган туман …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE