Бош саҳифа / Жамият / Сиздан бошланади асли тафаккур…

Сиздан бошланади асли тафаккур…

Эзгулик нуридан қалби мунаввар инсон тиниб-тинчимайди. Мудом бировларга яхшилик қилай, элга нафим тегсин, деб олға интилади. Меҳнатидан шуҳрат топган фидойи ўқитувчи Алия Маматказина ҳам ана шундай кишилар сирасидан. Ҳамкасбимиз шу йил 18 февралда 70 ёшни қаршилайди. Бироқ ҳали-ҳануз инсонларга зиё улашишдан чекингани йўқ.

Алия Маматказина 1949 йилда Термиз шаҳрида туғилган. Мактабни тамомлагач, 1966-1970 йилларда Украина шаҳрининг Винница педагогика институти рус тили ва адабиёти факультетида таҳсил олди. Шундан сўнг Термиз шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлиб болаларга сабоқ бера бошлади.

Тиришқоқ ва ташаббускор қаҳрамонимиз Термиз шаҳар халқ таълими бўлимида кадрлар бўйича методист, педагогика кабинети мудираси лавозимларида ҳам ишлади. 1987 йилдан эса Сурхондарё вилояти ўқитувчилар малакасини ошириш институти халқ таълими раҳбарлари кабинети методисти сифатида фаолият юрита бошлади.

Маматказина Алия Али-Аксаровна жонкуяр ва талабчан педагогдир. Ушбу йиллар мобайнида у ўзининг ҳалоллиги, тўғрисўзлиги, ўз касбига фидойилиги билан жамоа ўртасида ҳурмат қозонган. Республика, вилоят, институт миқёсида ўтказилган тадбирларда, семинарларда, конференцияларда фаол иштирок этиш билан бирга, ўз соҳасининг етук мутахассиси сифатида ҳамкасблари орасида тан олинган. Алия Маматказинанинг республика ва халқаро журналларда юзга яқин мақолалари нашр этилган. 2003 йил АҚШ томонидан IREX дастури доирасида соҳа ходимлари ўртасида “Ижтимоий алоқалар” йўналиши бўйича ўтказилган кўрик-танловда ғолиб бўлиб, Америка Қўшма Штатларида тажрибасини ошириб қайтди.

Инсон мақсадга эришмоғи учун кўп фазилатларга эга бўлмоғи даркор. Аммо бу фазилатлар инсонда йиллар давомида шаклланиб боради. Фақат иқтидор, шижоат ва муайян мақсад билангина улар бўй кўрсата олади. Алия Маматказина ҳам ана шундай шижоат билан жамоамизда етук илмий педагог мутахассис, самимий устоз сифатида ҳурмат топди. Устоз ҳар бир дарсга янги ғоя билан киради. 70 ёшни қаршилаётган бўлса-да ахборот ва педагогик технологиялардан яхши хабардор. Ўз тажрибаларини шогирдларига ҳам ўргатишдан чарчамайди.

Фидойи педагог оилада 3 нафар фарзанднинг меҳрибон онаси. ”Рус маданияти” маркази уюшмасининг фаол аъзоси.

Устоз-мураббий Алия Маматказинани қутлуғ 70 ёши билан вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази жамоаси чин дилдан табриклаб, доимо соғ-саломат бўлишини тилайди.

Сурхондарё вилояти халқ таълими ходимларини
қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш
худудий маркази маъмурияти ва профессор-ўқитувчилари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тийин сўмни тежайди

“Пулни ҳеч ким ердан супуриб олмайди”. Халқ орасида тез-тез тилга олинадиган бу иборада жон бор. …

Битта изоҳ

  1. Табриклайман!! Алия-опани анча ийлдан бери биламан..соглик-саломатлик тилайман!!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE