“Сиз қонунни биласизми?”

0
104

кўрик-танловининг вилоят босқичи якунланди

Қонунни билмаслик жазодан қутулишга баҳона бўлмайди, дейишади. Демократик жамиятда эмин-эркин улғаяётган ёшларнинг ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятини ривожлантириш, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш муҳим вазифалардан биридир.

Таълим муассасаларидаги ўқувчи ёшларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, бу борада уларнинг билим савиясини ошириш эса “Сиз қонунни биласизми?” кўрик-танловининг асосий мақсади ҳисобланади.

Ушбу кўрик-танловнинг вилоят босқичида Қизириқ туманининг “Парламент”,  Олтинсой туманининг “Адолат” ҳамда Термиз шаҳрининг “Парламент” жамоалари  4 шарт бўйича ўзаро куч синашди. Дастлаб, жамоалар ўзлари таҳсил олаётган таълим муассасасида яратилган шароитлар ҳамда Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид қонун ҳужжатларининг  нормаларини шакллантиришга оид таклифларини кўргазма тарзида намойиш этишди. Сўнг, иштирокчиларнинг ҳуқуқий билимдонлиги савол-жавоб асосида синовдан ўтказилгач, жамоаларнинг “Ватан келажаги-ёшлар қўлида” мавзуида тайёрлаган видеороликлари намойиш этилди. Якунловчи шартда жамоаларнинг жамиятда, ёшлар орасида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари акс эттирилган саҳна кўринишлари баҳоланди.

Айниқса, барчага маъқул бўлган қамоқхонадаги икки ёшнинг суҳбати, ўз фарзандини эрта турмушга бериб пушаймон бўлган ота-онанинг надомати каби таъсирли саҳна кўринишларида жамиятдаги мавжуд иллатлар танқид остига олинди.

Кўрик-танлов ниҳоясида Термиз шаҳрининг “Парламент” жамоаси ғолиб деб топилди.   Олтинсой туманининг “Адолат” жамоасига иккинчи,Қизириқ туманининг “Парламент” жамоасига учинчи ўрин насиб этди. Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Наргиза
ҚОРАБОЕВА,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят
Кенгаши жамоатчилик билан алоқалар
бўлими бошлиғи

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг