Бош саҳифа / Жамият / Сиз келманг, биз борамиз!

Сиз келманг, биз борамиз!

Илгари бирор-бир ҳужжатни расмийлаштириш учун бир нечта ташкилотнинг эшигида сарғайиб, идорама-идора югуриб, қанча вақтимизни сарфлар эдик. Энди-чи? Энди бу сарсонгарчиликларга давлат хизматлари орқали чек қўйилди.

Яъни бугун жойларда ташкил этилган “Давлат хизматлари агентлиги”да фуқароларга қулайлик яратилди. Дастлаб, 33 та хизмат тури билан аҳолининг оғирини енгил қилган агентликда бугун хизмат кўрсатиш тури 130 тага етди. Ана сизга замонанинг ўзгаришию, қулинг ўргулсин ахборот технологияларининг афзаллиги.

Термиз шаҳридаги “Матбуот уйи”да “Давлат хизматлари агентлиги” вилоят бошқармаси фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда агентлик томонидан ўтган вақт давомида қилинган ишлар ва хизмат кўрсатиш борасида жорий қилинган янгиликлар, соҳага доир қонун ва қарорлар юзасидан оммавий ахборот воситаларига маълумот берилди.

— Ўтган йилда агентликнинг вилоят бошқармаси томонидан аҳолига 55 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди, — дейди агентликнинг вилоят бошқармаси юрист-маслаҳатчиси Беҳзод Шаметов. — Бугунга келиб бу кўрсаткич икки баробарга ошиб кетди. Хизмат кўрсатиш турлари ва соҳалари ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда. Хусусан, бунга нафақа миқдорини белгилаш, солиқдан қарздорлиги бор-йўқлиги ҳамда судланмаганлик тўғрисидаги маълумотномалар бериш, ўзбошимчалик билан қурилган объектларга нисбатан мулк ҳуқуқи белгилаш каби хизматларни мисол қилиш мумкин.

“Сиз келманг, биз борамиз” акцияси доирасида дам олиш кунлари агентлик вилоятимизнинг чекка ҳудудларига бориб, аҳолига сайёр давлат хизматларини кўрсатиб келмоқда. Бу сайёр хизматлар агентликнинг махсус автобуслари ёрдамида амалга оширилмоқда. Энг муҳими, мазкур автобусларда иккита ноутбук, принтер, шунингдек, нотариус учун махсус касса аппарати ва бошқа қулайликлар мавжуд.

— Давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида айрим ташкилотлар томонидан қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилганини ҳам аниқладик, — дейди агентликнинг вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Фарҳод Қулмаматов. — 2019 йил бошидан буён энг кўп қонун бузилишига йўл қўйган ташкилот бу ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари ҳисобланади. Шу кунгача ушбу соҳа ходимларининг 34 нафари маъмурий жазога тортилди. Шунингдек, қурилиш соҳаси, мактабгача таълим муассасалари ходимлари ҳам бундай ҳолатларга йўл қўйган.

Яна бир янгилик. Эндиликда агентлик абитуриентларнинг олий ўқув юртларига ҳужжат топшириш жараёнларига ҳам кўмаклашади. Бунда абитуриент фақат фуқаролик паспорти ҳамда шаҳодатномасининг асл нусхасини тақдим қилса кифоя. Илгаригидек сурат, тиббий кўрик маълумотномаси каби ҳужжатлар фақат талабаликка қабул қилингандан кейин олий ўқув юртларининг ўзига топшириладиган бўлди. Бу эса хусусан, тиббий кўрик маълумотномасини олиш жараёнидаги коррупцияга ва оворагарчиликка барҳам беради.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE