Шўро инқирози

0
40

Саид Аҳмад ўзининг ранг-баранг, ҳаётий ва хушчақчақ асарлари билан ҳозирги ўзбек адабиётида муносиб ўрин эгаллаган адибларимиздан бири ҳисобланади. Адиб ижодининг муҳим жиҳати шундаки, у мавзуни халқ ичида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан олади.

Ёзувчи халқнинг дилидаги дардни, гапни унинг дидига мослаб айтган ва шу орқали китобхонларнинг ақли ва қалбига таъсир кўрсатган.

Масалан, адибнинг «Жимжитлик» романини ўқий бошлаган китобхон асарни якунламасдан туриб, уни қўлидан қўйгиси келмайди. Бу роман 1988 йилда ёзиб тугатилган бўлиб, у эзгулик ва ёвузликнинг абадий курашига бағишланган. Унда ташқаридан сокин, осойишта кўринган, бироқ аслида ич-ичидан емирилиб бораётган шўро даврининг кирдикорлари ва инқирози, раҳбарларнинг ўз лавозимларини суиистеъмол қилишлари, уларнинг бу йўлдаги адолатсизлигию, пора- хўрликлари ҳеч бир муболағасиз, бўрттиришларсиз акс эттирилган.

Асарнинг бош қаҳрамонлари бўлган Толибжон, Мирвали ва Жайроналарнинг ҳар бири турфа характерга эга бўлган образлардир. Толибжон қарийб йигирма йиллик жудоликдан сўнг она қишлоғига қайт ган ва у ерда хотиржам яшамоқчи бўлган тоза қалбли, тўғрисўз, бировга ёмонлик истамайдиган инсон. У кучли билим ва мустаҳкам иродага эга бўлганлиги учун қанчадан қанча қийинчиликларни енгиб, ҳаётни давом эттиришга, ўз йўлини топишга ҳаракат қилади. Албатта, бунда унга энг катта ёрдамни Жайрона беради. Аммо ҳеч бир инсон мукаммал бўлмаганидек, Толибжон ҳам камчиликлардан ҳоли эмас эди. У ҳақиқатгўйлиги туфайли қаршисидан чиққан тўсиқларга қарши курашишни билмасди. Жайрона Толибжон ҳақида қайғурганидан уни очиқдан-очиқ танқид қилиб ўзгартиришга ҳаракат қилар эди. Унда Толибжонга нисбатан ҳурмат, кейинчалик эса муҳаббат туйғуси ҳам пайдо бўлади. Жайронада мукаммал даражада ҳам гўзаллик, ҳам ақл-заковат, ҳам довюраклик ва шижоат мужассамлашган эди. Унинг образи романда ҳақиқат, адолат ва эзгулик учун курашувчи тимсол сифатида намоён бўлади. У Мирвали ва унинг шерикларининг кирдикорларини очишда асосий роль ўйнайди. Мирвалини биз асардаги бош образ дейишимиз мумкин. Унинг образида икки хил одам кўриниши гавдаланган. Романнинг биринчи қисми «Бир танда икки одам» деб номланишининг боиси ҳам айнан шунда. Чунки Мирвалини ўзининг тўрт ёки бешта ишонган одамларидан бошқа ҳеч ким аслида қандай инсонлигини билишмасди. Ташқаридан қараганда у ишбилармон, олижаноб, ўз колхозининг ривожи учун тиниб-тинчимайдиган одам эди. Тўғри, Мирвали ҳақиқатдан ҳам тиниб-тинчимасди, ишнинг кўзини биларди, доим ҳаракатда эди, лекин буларнинг ҳаммасини ўз манфаати учун қиларди. У ўз мақсади йўлида ҳеч кимни аямасди. Унда шафқат ҳисси йўқ эди. У ўз йўлига тўсқинлик қилаётганларни қийинчиликсиз ўлдирарди. Мирвали ўз сирларидан хабардор бўлган икки гувоҳни ярим соат ичида ўлдириб қайтаётганида машинада “Ўхшайдику” куйини эшитиб қайтади. Муаллиф шу ерда унинг бу ғайритабиий одатига ўзига хос ўхшатиш қилади:“Бухоро амирлигининг жаллоди ҳам одам ўлдирганидан сўнг чаккасига гул тақиб шаҳарни айланар экан”. Мирвали ҳам худди шу жаллод сингари ўзининг ваҳший ишларидан завқ олар эди.

Асарнинг деярли барча етакчи қаҳрамонлари фожиали қисмат эгаларидир. Толибжон билан Жайрона энди бахтли ҳаётларини бошлаётганларида Толибжоннинг ўлими барча китобхонларнинг кўнглини ларзага солади. Лекин асар якунида Толибжондан зурриёт қолганлиги маълум бўлиши, худди зулматда нур пайдо бўлгандек кўнгилларни ёритиб юборади. Асар Мирвалининг жарликлар орасидаги ўлими билан якун топади. Қанчалик жиддий бўлмасин, лақаби «эшшакқулоқ» бўлган Эрали тоға образи ор- қали муаллифнинг юморга бойлиги яққол сезилади. Мирвали ўзининг барча қилмишлари учун етарлича жавоб олади. Асарнинг бош ғояси ҳам ёвузлик устидан эзгуликнинг тантанаси, дейиш мумкин. Фақат бу йўлдаги бирдан бир тўсиқ одамларни курашишга ожиз қилиб қўйган ҳақиқатнинг бўғилиши эди. Асарда муаллиф бу ҳолга қарши курашувчилар бор экан, унинг абадий давом этиши мумкин эмаслигини кўрсатиб беради.

Бир сўз билан айтганда, адибнинг қайси асарини ўқиманг унда аччиқ кулги яширинганини сезасиз. Бу кулги китобхоннинг кайфиятини кўтариш учун, асарнинг муваффақиятини таъминлаш учун эмас, балки у орқали жамиятдаги гиламнинг тагига бостирилган иллатлар аёвсиз фош этилади. Инсонлар ўртасидаги меҳр-муҳаббат, андиша, Ватанга содиқлик тараннум этилади. Ҳассос ёзувчимизнинг тафаккур маҳсули бўлган асарларининг муваффақияти ҳам ана шунда!

Сарвиноз
ТЎРАЕВА,
ЎзМУ талабаси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг