Бош саҳифа / Жамият / Шундай шифокорлар бор бўлсин

Шундай шифокорлар бор бўлсин

Ўн икки йил олдин буйрагимни операция қилдириб, тош олдирдим. Аввалига аҳволим яхши эди. Бироқ етти йилдан сўнг буйракларим яна оғрий бошлади.

Дард жуда қаттиқ эди. Бормаган духтурим, ичмаган дорим қолмади ҳисоб. Афсуски, касаллигим асл сабабини бирон врач топа олмади. Ҳатто, жарроҳлар касалимни аниқлаш учун бир неча бор буйрагимни, оёқларимни операция қилишди. Аммо фойдасиз эди. Дард йўқолмас, касаллик аниқланмас эди. Шу зайлда беш йил умрим азобда ўтди. Ота-онамга раҳмат. Соғлиғимни тиклаш йўлида кўп югуришди, энг асосийси, матонат, сабр-бардош ва умид билан соғайишимни кутишди. “Энди шу дард билан ўлар эканман-да!”, деган фикр менга тинчлик бермас эди. Узоқ йиллар жуда қаттиқ оғриқ билан яшаган инсоннинг умиди сўнар экан…

Шундай оғир кунларнинг бирида Бойсун туман марказий касалхонаси уролог-врачи Улуғбек Улашовнинг олдига бордик. У киши мени кўрикдан ўтказар экан, ота-онамга қараб “Беш йилдан бери нима қилиб юрибсизлар?! Ахир, қизингизнинг бир буйраги чириган, ишламаяпти, дарров вилоят марказий шифохонасининг урология бўлимига олиб боринглар, акс ҳолда айрилиб қоласизлар!” деди.

Ота-онам ўша куниёқ мени вилоят марказий касалхонасининг урология бўлимига олиб боришди. Мени кўрикдан ўтказар эканлар, бўлим врачлари — Илёс Хурсандов, Анвар Алламуродов, Шомурод Поёнов маслаҳатлашиб, Улуғбек Улашов қўйган ташхис тўғрилигини тасдиқлашди ва мени операцияга олишди.

Улуғбек Улашов ҳақ бўлиб чиқди. Битта буйрагим олиб ташланди. Фаолиятини йўқотган экан…

 Вилоят марказий шифохонаси уролог врачлари Илёс Хурсандов, Анвар Алламуродов, Шомурод Поёновлар менинг беш йиллик изтиробларимга чек қўйишди, яна ҳаётга қайтаришди,ёш қалбимда яшашга бўлган меҳрни уйғотишди. Операциядан сўнг бир неча кун 1-вилоят касалхонасининг урология бўлимида даволандим. Дунёда шундай билимли, хокисор, виждонли врачлар борлигига шукроналар келтирдим.

Оллоҳга шукур, айни пайтда соғ-омонман. Уйимга — Бойсунга қайтиб, бахтли яшамоқдаман. Оғриқлар буткул йўқолган. Мени ўлимдан қутқарган Бойсун туман марказий касалхонаси уролог врачи Улуғбек Улашов ҳамда 1-вилоят касалхонаси урология бўлими врачлари Илёс Хурсандов, Анвар Алламуродов, Шомурод Поёновларга чин қалбимдан миннатдорлик изҳор этаман.

Зарина АНВАРОВА,

Бойсун туманидаги “Пасурхи”

маҳалласи фуқароси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE