Шукрона

Яратганга беадад шукроналар бўлсинким, жонажон юртимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар кўзни қувонтиради. Муҳтарам Президентимизнинг доно сиёсатлари туфайли мамлакатимизнинг барча вилоятларида, шаҳар ва туманларида тарихий зиёратгоҳлар қайта таъмирланиб, янги масжидлар барпо этилмоқда.

Юртбошимиз 2017 йил 10-11 февралда Сурхон воҳасига ташрифлари чоғида Термиз шаҳрида янги масжид лойиҳаси билан танишиб, зарур топшириқлар берган бўлсалар, ўша ҳафтанинг ўзида, яъни 14 февралда “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекдилар. Ана шу қутлуғ ва тарихий ҳужжатга кўра 6 гектар жой ажратилиб, ишлар бошлаб юборилганди.

Муборак Рамазон ойида муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида бу улкан мажмуа фойдаланишга топширилди. Термиз шаҳри кўркига кўрк қўшган Ҳаким Термизий номидаги масжиднинг тантанали очилишида Қуръон тиловат қилиниб, масжидда ўқилган намозда Президентимиз ва шу қутлуғ мажмуани бунёд этган қурувчилар, ҳомийлар ҳақларига дуои шукроналар қилинди.

Кўпнинг дуоси кўл, дейдилар. Иншоллоҳ, бу мажмуа минг йиллар давомида шаҳримизнинг, халқимизнинг, юртимизнинг кўрки ва фахри бўлиб қолади. Салобатли масжид, илмий-тадқиқот маркази, имомлар учун 5 та хизмат уйи, меҳмонхона, оталар чойхонаси, 70 ўринга мўлжалланган таҳоратхона ва бошқа хизмат кўрсатиш иншоотларининг қисқа вақтда бунёд этилиши ҳазилакам иш эмас.

Биз, мусулмонлар ҳайит ва жума намозларида Президентимизга мустаҳкам соғлиқ, ички ва ташқи сиёсатда олиб бораётган ишларига улкан зафарлар, юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик, деҳқон ва тадбиркорларимиз ишига файзу барокат тилаб, дуолар қиламиз.

Азиз биродарлар, шуни унутмаслигимиз лозимки, бу мажмуа нафақат Термиз шаҳри, Сурхон воҳаси, нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами тарихида қутлуғ ва муборак воқеа бўлиб қолажакдир. Фурсатдан фойдаланиб, бугунги улуғ рўза — Рамазон ҳайити билан барча ватандошларимизни самимий табриклаб, ибодат ва саховат, мурувват ва ҳидоят ойида қилинган илтижолар, эзгу дуолар ижобатини Яратгандан тилаб қоламиз. Рўза-Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин, азиз биродарлар!

Алиакбар САЙФИДДИНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси
 вилоят вакили,
Бобохон ҚОСИМОВ,
Музработ туман бош имом-хатиби

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE