Бош саҳифа / Маданият / Штаб тузилди

Штаб тузилди

Вилоят ҳокимлигида 2019 йилнинг 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида бўлиб ўтиши белгиланган халқаро бахшичилик санъати фестивалига алоҳида тайёргарлик кўриш бўйича штаб тузилди.

Фестивалга тайёргарлик ишларини бошлаш мақсадида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов бошчилигида ўтказилган йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосарлари, тегишли бош қармалар раҳбарлари, Ўзбекистон халқ бахшилари, сценарист ва режиссёрлар, тарихчилар, ёзувчи ва шоирлар, ОАВ ходимлари жалб этилди.

Вилоят ҳокими йирик тадбирнинг ўтказилиши юзасидан бахшичилик санъати ривожига ҳисса қўшган халқ бахшилари ҳамда фан докторларидан таклиф ва тавсиялар олди. Мазкур ўринли таклифларнинг бажарилиши юзасидан мутасаддиларга керакли кўрсатмалар берди.

Таклиф ва тавсиялар орасида йўқолиб бораётган халқ достонлари, халқ оғзаки ижоди намуналарини видео, аудио ва матнда ёзиб олиб қолиш лозимлиги, бахшичилик мактабидаги кутубхонани зарур китоблар ва мусиқа асбоблари билан жиҳозлаш, Шеробод достончилик мактаби асосчиси — Шерна бахшининг қабри атрофида ободонлаштириш ишларини олиб бориш мақсадга мувофиқ бўлиши каби масалалар айтилди.

Йиғилиш якунида воҳада бахшичилик санъати ривожига қўшган ҳиссаси учун Шоберди бахши Болтаев, Муҳаммад бахши Эшбоев ва Бахтиёр бахши Ортиқовлар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланишди.

Президентимизнинг жорий йил 1 ноябрда қабул қилинган «Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида»ги қарорига биноан ҳар икки йилда Сурхондарё вилоятида Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилади. Фестиваль доирасида Термиз шаҳрида кенг миқёсли тадбирлар ташкил қилинади.

С. ТЎРАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ноанъанавий сабоқ

Милоддан аввалги II асрда Юнон-Бақтрия подшолиги чегара ҳудуди қандай ҳимоя қилинганини биласизми? Оғир ва енгил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan