Бош саҳифа / Маданият / Шоир ва публицист

Шоир ва публицист

Ўткир Раҳмат ижодига бир назар

Қўлимда Ўткир Раҳматнинг “Ўтли руҳ” китоби. Ундаги мисраларни ўқир экансиз, гўё қалбингизга қуёш киргандек бўлади. Шеър — қалбнинг қуёшланиши. Сўзга айланиш осонми? Шеърлардаги уйғоқ, ўтли сўзлардан руҳингиз ором олади.

Зеро, феълу шамоилдан қалбгача, қалбдан руҳгача шоирлик бўлмаса, шеър қайда, ашъор қайда?! Дил қайдаю, руҳ қайда?!

Япроқларнинг келмас уйқуси,
Оқшом қучиб тинмас ҳаяжон.
Эркаланиб ойнинг ёғдуси,
Аллалайди уни беармон.

Сониялар ўтар сабрсиз,
Узоқлада юрар ҳали тонг.
Умр қандай қолдиради из,
Ёғду бўлиб ёғилар осмон.

“Япроқларнинг келмас уй- қуси”. Нозик мисра. Тунда ҳамма нарса ухлайди. Ҳатто замин ҳам,  осмон ҳам сукунатда гўё. Япроқ худди юрак каби ухламайди.  Кўзлар, юзлар, қўллар… бутун вужуд уйқуга кетади. Лекин юрак… юрак ҳеч қачон ухламайди. Юрак ухласа ҳаёт тугайди. Япроқ — худди юракнинг ўзи. Кузатганмисиз, улкан дарахт тунда тин олади, лекин “Япроқларнинг келмас уйқуси”.  У титрайди, шивирлайди, шитирлайди. У ҳаётдан, муҳаббатдан сўзлайди. Гўё ҳаяжонда пичирлайди. Ойнинг ёғдуси уни эркалайди. Қоронғуликда нур. Ва у қоронғуликни эзгуликка чорлаяпти, қорон- ғуликни яхшиликка буркаяпти. Бир сафар анжуман бўлди. Мавзу адабиёт, шеърият, журналистика тўғрисида бўлди. Маънавият олови гуриллади. Фикрларни эшитиб вулқонланасиз. Юрагингиздан нимадир тошади. Сўз айтгингиз келади. Мулоҳазалар янги ва янги. Рўпарамизда Абдулла Орипов —  Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири. Кўзлар чарақлади. Ҳамманинг нигоҳи улуғ шоирда. Абдулла ака фикр билдирди:

— Ўткир Раҳматнинг иккита юраги бор: бири — шеърият, бири — журналистика… Зал жим қолди. Чунки Абдулла ака ҳамиша оҳори тўкилмаган сўз айтар эди. Ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ташбеҳни топар эдилар. Бу гал ҳам аллома ижодкор ёруғ сўзни айтди. Топиб айтилган, ташбеҳ қошида ҳамма лол қолди.

Ўткир аканинг шеърларини ўқиганда ҳарорат сезасиз.

Илҳақликка шайланган,
Унга кўнгил бойланган,
Тилимда сўз айланган,
Бойчечагим, бойчечак.

Ўткир аканинг бойчечак ҳақидаги шеъри. Унинг бирон мисрасида баҳор деган сўз йўқ. Лекин шеърни ўқиётиб, қалбингизни баҳор бағрида кўрасиз. Бойчечакнинг қиқирлаб кулишини эшитасиз.

Дарвоқе,  “Иккинчиси журналистика” Абдулла Орипов бу гапни бежиз айтмаган эдилар. Ўткир Раҳмат ҳаётини, ижодини журналистикасиз мутлақо тасаввур қилиш мумкин эмас. “Халқ сўзи” газетаси бугунги кунда ўзининг мулоҳазали теран мақолалари билан ўқувчилар қалбини забт эта олди. Негаки, газетанинг сўнгги йилларда савияси ва мавзулар кўлами сезирларли даражада ўзгарди. Унинг саҳифаларида энг сўнгги янгиликлардан тортиб ҳаётий масалаларгача ўрин олди. Шунданми, газетанинг ҳар бир сонини ўқувчилар интиқ кутади. Шоирлар, адиблар, етук журналистлар, таниқли олимлар шу газетада чиқсам, дейди. Том маънода айтадиган бўлсак, бугунги давр газетаси қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб берди у. Ваҳоланки, Ўткир Раҳмат “Қишлоқ ҳаёти” газетасида бош муҳаррир бўлган  пайтларда ҳам ижодкорнинг самимий фикратини кўрган эдик.

Шоир Ўткир Раҳмат Самарқандни Тошкент билан туташтирган ижодкор. Ўткир аканинг қалбида Ўзбекистон, шеръларида  истиқлол бўстонлари,  достонлари, ҳаёт оҳанглари…

Ўткир Раҳмат шеъриятидан адабиёт аталмиш бу боққа кирган ҳар бир қалб нур топади. Зилол булоқлардан, сиру синоатлардан тўйинади. Шоирнинг “Хокисор майса”, “Хаёл ифори”, “Юракдаги қуш”, “Дилчироқ”, “Оҳанглар ранги” каби бир қанча китоблар, шеърлар тўпламларини мутолаа қилган китобхон назм гулларининг ифорини туяди. Адабиёт руҳини ҳис этади. Меҳри дарё шоирнинг  ҳаяжонли назмида ҳаётнинг шеърга айланганини кўриб завқланади.

Менгнор ОЛЛОМУРОД,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Нега Турон деб аталган?

Тарихий асарлар ва географияга оид манбаларда Турон, Туркистон, Туркистон губернаторлиги, Ўрта Осиё, Марказий Осиё каби …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE