Бош саҳифа / Спорт / Шоҳиста Индонезияга боради

Шоҳиста Индонезияга боради

Самбо кураши бўйича Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига йўлланмани қўлга киритган Шоҳиста Амирова воҳамизнинг фахрли спортчиларидан десак, адашмаган бўламиз.

У жорий йилнинг 1-4 февраль кунлари Тошкент шаҳрида 2000-2002-йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида ўтказилган самбо бўйича Ўзбекистон чемпионатида ғолибликни қўлга киритди. Ҳозирги кунгача у спортнинг миллий кураш, самбо, дзюдо йўналишлари бўйича ўтказилган мусобақаларда иштирок этиб, уч карра Ўзбекистон чемпиони, беш карра Ўзбекистон чемпионатида иккинчи ўрин соҳибаси ҳамда икки карра Осиё чемпионатига йўлланмани қўлга киритган. Шоҳистахон Термиз туманидаги 5-ўрта таълим мактабининг 9-синфида  таҳсил олмоқда.

— Ёшлигимдан спортга жуда қизиқар эдим, бошида ота-онам қаршилик қилганди, лекин эришаётган ютуқларимдан руҳланиб, спорт билан шуғулланишимга имконият яратиб беришмоқда, — дейди Шоҳистахон Амирова. – “Рио-2016” Паралимпиада мусобақаларида ҳамюртларимизнинг эришган ютуқлари мени янада тўлқинлантириб юборди. Келажакда мен ҳам Жаҳон чемпионатларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш учун астойдил ҳаракат қилмоқдаман. Спортдан ташқари,  расм чизишга, шеърий китоблар ўқишга, пазандалик сирларини ўрганишга қизиқаман.

— Шогирдимда туғма истеъдод борлигини машғулотларга келган кунларданоқ илғагандим,— дейди  самбо кураши бўйича вилоят  жамоаси бош мураббийи, Шерзод Исматуллаев. — Ҳар бир машғулотга масъулият билан ёндашади. Ўз устида ишлашни сира канда қилмайди. Ютуқларининг асоси ҳам Шоҳистанинг ана шу тиришқоқлигида, деб биламан.

Бошида қизимнинг уй ишлари, дарслари бир четда қолиб кетмасмикин деган ҳадикда спорт билан шуғулланишига қаршилик қилгандим, — дейди онаси Сибжамол Мусурмонқулова. — Аммо, қизим ҳам спортни, ҳам оила юмушларини ва дарсларни бирдек олиб бораётганлигини кўриб, қаршилик қилиш эмас, унга шароит яратиш бериш кераклигини англадим. Қизимнинг ютуқларини кўриб, қувонаман, шундай фарзандим борлигидан фахрланаман.

Мамлакатимизда спортга қаратилаётган эътиборга лаббай деб жавоб бера олаётган бундай спортчи қизимиз билан фахрланамиз.

Шаҳло ТЎЛАЕВА,
Термиз тумани
5-мактаб ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ғолиблар муносиб тақдирланди

Олдин хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ал Ҳаким ат Термизий хотирасига бағишланган кураш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan