Бош саҳифа / Жамият / Ширинмиянинг фойдаси

Ширинмиянинг фойдаси

Ширинмия ёки қизилмия (лотинчада Glerrhizza glabra) бурчакдошлар оиласига мансуб, кўп йиллик ўсимлик. У асосан тоғ ёнбағирларида, тўқайзорлар, дарё ёқаларида, ариқ бўйларида, шўр ва қумли ерларда, баъзида экинлар орасида ҳам ўсади.

Илдизи ўқ илдиз, ер остида илдизпоялар ҳосил қилади ва 5-6 метр чуқурликкача кириб боради. Пояси тик ўсувчи, шохланган ёки шохланмаган, туклар билан қопланган бўлиб, баландлиги 50 сантиметрдан 200 сантиметргача етади.

Барглари мураккаб ток патсимон, ранги яшил. Гуллари икки жинсли, ранги сариқ, барг қўлтиқларида оддий соябон тўпгул ҳосил қилади. Меваси 3-7 уруғли, пишганда очилмайдиган дуккак мева. Уруғи қаттиқ, силлиқ, яшил рангда. Ширинмия апрель ойининг охиридан май ойигача гуллайди. Меваси август ва сентябрь ойларида пишади.

Ширинмия асосан Ўрта Осиёда табиий ҳолда тарқалган. Мамлакатимизнинг кўп жойларида ўсади. Кузатув давомида биз “Термиз ота” зиёратгоҳи атрофидаги тўқайзорларда ҳамда университетимиз Учкўз тажриба участкаси ариқ бўйларида ҳам табиий ҳолда ўсишига гувоҳ бўлдик.

Ширинмия таркибида турли хил касалликларга даво бўлувчи фойдали доривор моддалар бор. Жумладан, кўп миқдорда ширин таъмга эга глитцирризин моддаси, эфир мойлари, 27 турдаги флавоноидлар, глюкоза, қанд, крахмал, аскорбин кислотаси, оқсил ва бошқа фойдали моддалар бор.

Тиббиётда глитцирризин моддаси организмдаги сув ва туз миқдорини меъёрга келтириши, шамоллашдан ҳимоя қилиши, турли хил аллергик ҳамда қичима, қўтир ва эшакэми каби тери касалликларга даво бўлувчи хусусияти аниқланган. Илдизидан тайёрланган шарбатлар нафас йўллари яллиғланишида балғам кўчирувчи, оғриқ қолдирувчи ва тинчлантирувчи таъсирга эга.

Халқ табобатида илдизидан тайёрланган дамламалар терлатувчи, енгил сурги сифатида ҳамда нафас қисиши, йўтал, меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси касалликларини даволашда ишлатилади. Шундан бўлса керак, кўпчилик ўсимлик илдизининг дамламасини истеъмол қилишади. Ширинмия тетиклаштириш, ёшартириш ва кўриш қобилиятини меъёрда сақлаш каби дориворлик хусусиятига эга. Тўйимли ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини тановул қилгандан сўнг 20-30 дақиқа ўтгач, бир ой давомида ҳар куни 2 ёки 3 маҳал дамламани ичгач, фойдали хусусияти намоён бўлади.

Тажрибалардан шу нарса маълум бўлдики, ширинмия вилоятимизнинг кўп жойларида табиий ҳолда ўсаяпти. Унинг серҳосил, қурғоқчилик ва шўрга чидамли, турли хил шароитларда ўсадиган навларини илдизпояларидан кўпайтириш ишларига эътибор берсак, доривор ўсимлик яна ҳам кўпаяди.

Мавлуда ОЛИМЖОНОВА,

ТДАУ Термиз филиали 2-босқич

 талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan