Бош саҳифа / Жамият / Шиори адолат эди

Шиори адолат эди

Орамизда шундай одамлар борки, бутун умри, қалб қўри билан, меҳнати, жонкуярлиги билан халқни, туғилиб ўсган тупроғини ардоқлаб, унга жон фидо қилиб яшайди. Тўрахон Сайимов ҳам ана шундай фидойи инсонлардан бири эди. У киши вафот этган бўлишига қарамай номи ҳам, қилган ишлари ҳам халқ орасида, яқинлари ардоғида қолди.

Тўрахон Сайимов Шўрчи тумани Кетмон қишлоғидан чиққан шиори адолат бўлган прокурор эди. У киши илк фаолиятини 1963 йилда Шўрчи туман прокурори ёрдамчиси бўлиб ишлашдан бошлаган. Ўша кезларда ёш юристнинг ишидан қониқиш туйган вилоят прокурори уни 1966 йили Бойсун туманига прокурор этиб тайинлайди. 1988 йилдан бошлаб эса умрининг сўнгига қадар Қумқўрғон туман прокурори ёрдамчиси лавозимида ишлаб, одамларнинг оғирини енгил қилишда, уларнинг ҳуқуқий билимини ошириш йўлида бир қатор ишларни амалга оширган.

“Тўрахон Сайимов ҳеч вақт мен прокурорман, деб кеккайган эмас. Ўзи шундай одамларни ёмон кўрар, чақирган жойга борар эди. Дўстларига ҳурматли, меҳрибон эди. У уйда ҳам меҳнатсеварлик билан иш тутарди. Тўғри келса, дам олиш кунлари дала-даштга қўй-эчки боқиб кетарди. Мен прокурорман, деб ўтирмасди”, дея дўстлари хотирлайди.

Бутун умрини адолат йўлида ҳуқуқ-тарғибот ишига бағишлаган бу инсон ҳақида фақат илиқ гаплар айтиш мумкин. Ўша кезлар прокуратура соҳасида ишлаш осон бўлмаган. Прокурорларнинг ҳар қадами назоратда эди. Фуқароларнинг мурожаатини ҳаққоний ҳал қилиш, баъзи бир жиноий ишни кўриб чиқиш учун суриштирувчилар билан прокурор ҳам тенг жавобгар ҳисобланар эди. Шу боис, Тўрахон Сайимов қўл остидаги ҳамкасблар балан фақат адолат йўлида курашарди. Ошна-оғайнигарчилик, таниш-билишлар илтимосидан ҳам кўра, фуқаронинг тақдирини ўйлаб иш тутарди. У кишининг қилган меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. Тўрахон Сайимов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист”, “Прокуратуранинг фахрий ходими” каби юксак унвонлар билан тақдирланганди.

Яхшиларнинг бир гапи бор — инсон азиз, хотира ундан ҳам азиз. У инсон яқинлари қалбида қилган ишлари ва камтаринлиги, оқкўнгиллиги билан абадий яшайди. Ҳар гал отамнинг суратига термулганимда: “қизим мен доимо сизлар билан биргаман, қандай иш қилишингдан қатъий назар адолатли бўл, ана шунда одамлар сендан рози бўлади, ишингда ҳам ривож кўрасан”, дегандек бўлаверади. Англадимки, эзгу амал билан яшаган инсон ҳеч қачон унут бўлмайди.

Муқаддас Сайимова,
ўқитувчи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Янги ўқув йилидан хорижий тиллар ўқитувчиларига 50 фоиз устама тўланади

021 йил 19 майда давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan