Бош саҳифа / Жамият / Шифокорларнинг янги қирралари

Шифокорларнинг янги қирралари

Шаҳар оилавий поликлиникасида гинеколог кўригидан ўтаётиб, шифокор рўйхатни ёзиб бераркан, фақат у айтган дорихонадан дори-дармон олишимни тайинлади. Ҳолбуки, бу каби ҳолатларга сиз ҳам жуда кўп бор дуч келган бўлсангиз керак. Хўш, нега шундай?

Ўша манзилдаги дорихона айни шу шифокорга тегишлимикан ёки бошқа манфаатдорлик жиҳати бор, деб ўйлайсизми? Ёки фалон сўмга олинадиган  дори-дармонларда ўша шифокорнинг ҳам улуши бордир? Қайси дорихонага кирмай ёнимдаги суммага бир кунлик тугул, бир дона таблетка сотиб ололмадим. Яхшиямки, бир дорихоначи айнан шу рўйхатдагилар керакми ёки ўрнини босувчилари ҳам бўладими, деб сўраб қолди. Бошқа бир шифокор билан маслаҳатлашиб, бир курслик дори-дармонимни харид қилганман ўшанда. Яратганга шукрки, тезда тузалиб кетдим, аммо ўша шифокорнинг бу талқиндаги иши ўз касбидан кўра кўпроқ пул ишлаш илинжида юрган очкўз кимсани эслатиб турарди.

Илгари шифокорнинг бирламчи малҳами, ширин сўзи деган даъват  бўларди. Ҳозир давр ўзгардими ёки, хуллас, тиббиёт ходимларида шу жиҳат сезилмай қолгандек…

Фарзандимнинг иссиғи кўтарилиб, уйқу аралаш инграётганини кўриб, қўрқиб кетдим. Дар- ҳол вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасига йўл олдик. У ерда иситмаси 39 даражадан ошаётганини кўрган врачлар ҳамшираларга биринчи ёрдам кўрсатишларини тайинлади. Муолажа хонасида ҳамширанинг ғўнғиллаши қулоғимга чалинарди-ю, ўғлимнинг аҳволи сабаб нимадир дейишга ўзимда куч топа олмасдим.

— Дарров бу ерга чопгандан кўра уйда биринчи ёрдам кўрсатса бўлади-ку! Туғиб қўйиб, қарашни билмайсанлар!

Барига кўз юмдим, фарзандимнинг аҳволи яхшиланса, бўлгани эди. Қўлидаги свеча икки бўлиниб, полга тушди. Шундай бўлса-да, уни ишлатиш учун чоғланди. Бунга йўл қўймай, бошқасини очишини айтсам, ўша свечани ювиб келаяпти, бизда дорилар ҳисобли, дейди. Яна ўзинг қўй, деб менга тутқазди. Қўлим қалтираб, қўя олмадим. Ҳамширанинг эса фиғони фалаккка кўтарилди.

Бу ҳам майли. Шифокорлар бизни ётишга буюрди, анкета тўлдираётиб бояги ҳамшира мухбир бўлиб ишлашимни билгач, муомаласи умуман ўзгариб, яхши гапира бошлади. Демак, инсоннинг мансабига  қараб муомала қилинар экан-да!

Пульмонология бўлимига ўтказилдик.  Ўндан ошиқ палаталарда врачнинг айтишига қараганда 2 дона болалар кровати бор экан. Кун ора сувнинг ўчирилиши, ҳожатхонанинг кун бўйи бекитилиб қўйилиши, айтишга арзимайдиган сабаблар, деб ўйларсиз. Аммо боласини ёлғиз қолдириб кета олмайдиган оналар, ҳомиладор аёллар, ичбуруқ бўлган болалар бундай пайтда қандай йўл тутишлари лозим? Палатадаги дераза ойналари кеча-ю кундуз ланг очиқ, пашша-чивин дегандай, бор ҳашоротлар бемор хонасида меҳмон. Деразага тутиладиган махсус ҳимоя сеткалари йўқлиги ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмайди.

Юқоридаги муаммоларни шифокорга айтган эдик ҳамки, “… бўлмаса Тошкентга бориб даволанинглар, мен бунақа муаммоларни ҳал қиладиган ҳам, эшитадиган ҳам эмасман”, дея ўшқирганча бемор фарзандимни ҳам кўрикдан ўтказмай чиқиб кетди. Хўш, бемор ва унинг яқини ана шундай ҳолатларда кимга мурожаат қилиши лозим. Шифокор уларни эшитмаса, ким эшитади? Бироз ўтиб шифокор аёл каминанинг мухбирлигини  билди, шекилли,  қайтиб келиб ўғлимни текширган бўлди.

Бу ҳам майли, 2-3 ёшлардаги фарзандини олиб ётган аёлнинг ёнига қайнонаси келди-да, “шифокор келинингизни ҳайдаб юборинг, қандай бирга яшайсизлар бундай бетгачопар аёл билан”, дея қайнонага дашном берганини айтиб қолди. Фарзандининг аҳволи билан бўлари бўлган шўрлик келиннинг ҳолини энди бир тасаввур қилинг-чи! Қачондан бери шифокорлар беморларининг шахсий ҳаётига ҳам аралашадиган, турмушини бузишгача борадиган бўлиб қолди? Ҳалиги аёл:

— Шифокор билан гаплашаман, оилам бузилса, у тиклаб бероладими, — дея тушкунликка туша бошлади. Атрофдагилар эса эътибор бермасликка, шайтонга ҳай беришга ундаб, уни йўлдан қайтарган бўлди.

— Ўғлимнинг иссиғи тушмай, ичи  сура бошлади. Вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасининг қабулхонасига келиб шифокорларга кўрсатдик, улар юқумли касалликлар шифохонасига йўлланма билан жўнатишди. У ердаги врачлар текшириб кўргач, “болангиз бизнинг касал эмас”, дея  бўлимга жўнатишди. У ерда  ҳам 4 марта “болангиз ҳеч қандай касал эмас”, дея олиб қолишмади. Ҳолбуки, ўғлимнинг ичи тинимсиз кетиб, иситмаси ҳам тушмаётган эди. Ҳали бу, ҳали у бўлимга бола ва юкларим билан югуравериб сарсон бўлдим. Тўртинчи марта пульмонология бўлимига  борсам, ҳалиги врач бамайлихотир телефонда гаплашаяпти. Эшик олдида иссиғи ошган болам билан кутиб турибман. Врач пинагини ҳам бузмасдан қандайдир таниши билан қачон дам олишга боришини гапиради. “Боламни текширмайсизми”, деб гурунггини бузган бўлдим. У эса “кутиб тур” ишорасини қилиб, қўлини силкитди ва гапиришда давом этди:

Гаплашиб бўлиб, ўғлимни текширди-да, “айтдим-ку, бизнинг касал эмас. Юқумли касалликлар шифохонасига борасан”, деди. Улар шу ерга жўнатганини айтсам,

— Мен гапираётган пайтда гапирма! Ўша врачларинг ким ўзи, — дея дўқлай кетди.

Хуллас, минг азоб билан пульмонология бўлимига жойлашдик. Озгина шартакилигим туфайлими, бизга қарайдиган шифокор билан муаммо бўлмади. Аммо бўлимдаги ҳамшира ва фаррошлар касалларни менсимасдан муносабатда бўлиши кишининг ғашига тегади. Фаррошларнинг қўполлигини айтмайсизми?

ХХХ

—  Танишим боласи билан шифохонага тушганини эшитиб, қизим билан кўришга бордик. Ҳол-аҳвол сўрасак, боласини кўтарганча кўзларида ёш қалқиб нима деярини билмай охири ёрилди. Бола бояқиш неча кундирки, иситмаси тушмаётганини, ғамхўрлик қиладиган шифокор йўқлигини айта бошлади. Нега иситмаси тушмаётганини, қон таҳлиллари қандай чиққанини сўраса, шифокори ўдағайлаб, “билгинг келаётган бўлса, кел, мени ўрнимга ўтириб халатимни кий, биласан. 11 йил ўқиш керак билиш учун”, дея шифокорлигини пеша қилиб, жавоб беришдан бўйин товлаганини айта бошлади. Қизиққонлигим тутиб, пульмонология бўлимини бошимга кўтардим. Кеч соат олтилар чамаси  шифокорлар йўқ экан. Охири қаердандир бош шифокорнинг ёрдамчиси ва бир нечта шифокор пайдо бўлиб, мени тинчлантиришга ҳаракат қилди. Улар ўзларини бир шифокорга 60 дан ошиқ бемор қарашини, асаблари тамом бўлиб, шунақа муомала қиладиган бўлиб қолганлигини рўкач қилдилар. Соғлом муносабатда бўлмайдиган мутахассис ишламасин, аризасини ёзгани яхши эмасми? Шу кунги машмашалардан кейин эртасига яна бемор танишимнинг ҳолидан хабар олишга бордим. Борсам, шифокори уларни пойтахтдан келган профессорнинг қабулига кўрикка олиб кетган экан. Келишди. Боланинг аҳволи яхши. Иситмаси ҳам чиқмапти. Шифокорлар ҳам яхши қарашганини эшитганимдан сўнг ҳайрон қолдим. Наҳотки, уларнинг касбларига эътиқод уйғотиш учун ташқи томондан тазйиқ керак бўлса? Ё ўз ўринларини йўқотишдан қўрқиб шу даражада ўзгаришдими? Мана шундай беморларига ғамхўрлик қилишнинг ҳам иложи бор экан-ку!— дейди Р. Абдурасулова.

Энди бир ўйлаб кўрайлик. Наҳотки, тиббиёт ходимлари ўз касбига совуққонлик билан қарашга, беморларга совуқ муносабатда бўлишга  ўзларини ҳақли, деб ўйлашса? Ахир, шаҳар бедарвозами?..

Бу билан биз кимнидир қораламоқдан, тиббиёт ходимларига қора чапламоқдан йироқмиз. Фақат баъзиларга ўзларини четдан кузатганда қанчалар хунук кўринишини, бу нафақат касбига, обрў-эътиборига ҳам ярашмаслигини эслатиб қўймоқликни лозим топдик.

Сайёра АЛЛАЕВА,

“Сурхон тонги”  мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хатловдан ўтган 23 964 нафар аёл тақдирида ўзгариш борми?

Термиз шаҳрида 180 676 нафар аҳоли мавжуд бўлиб, шундан аёллар сони 88531 нафарни ташкил этади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan