Бош саҳифа / Жамият / Шифокор — халоскор

Шифокор — халоскор

“Халоскор. Шу сўзни эшитганим ҳамоноқ кўз олдимга кулиб турган оқ халатли шифокор келаверади. Эсимни танибманки, тақдирнинг оғир зарбаларини енгиш учун кучли бўлишга ҳаракат қилдим. Аммо юрагим панд берди… Аҳволим оғирлашиб, бормаган шифохонам қолмади. Ахийри, шифокорлар яшашимдан умид узишди. Бироқ, Худога онамнинг, мурғак фарзандларимнинг ноласи етиб, тақдир мени сиздек шифокор — халоскорга йўлиқтирди. Самимий, билимдон, қалби дарё сиздек нажоткорнинг даволаш усули мени қайта ҳаётга, оиламнинг иссиқ бағрига қайтарди. Бунинг учун сиздан умрбод миннатдорман!”

Бу бир бемор аёлнинг шифокорга ёзган мактубидан парча. Вилоят кардиология маркази директори Баҳодир Ғаффоровга қалб тубидан отилиб чиққан илиқ сўзлар ёзилган бундай мактублар тез-тез келиб туради. Унинг айтишича, аслида шифокорга берилган энг олий мукофот ҳам шу. Чунки бундай сўзларни эшитган халоскор ҳам қувончдан, бахтдан бутун вужуди яйраб кетади. Ич-ичидан касбидан қониқиш туяди, бу қониқиш эса кейинги эзгу ишга илҳом, куч ва ғайрат беради.

14 йилдирки, Баҳодир Ғаффоров инсоннинг энг нозик аъзоси — юрак билан боғлиқ хасталикларни даволаб, элнинг хизматида. Дастлаб, фаолиятини республика ихтисослаштирилган кардиология маркази кардиореанимация бўлимида бошлаб, тез орада устозлари эътиборига тушди. 2008-2009 йилларда қон айланиш тизими бўйича Новосибрск илмий-тадқиқот институтида коронар томирларини контраст билан текшириш ва унга стент қўйиш бўйича катта тажриба тўплаб қайтгач, Б.Ғаффоров РИКМ томонидан 2010 йилда вилоятимиздаги ҳозирги кардиология марказига  ишлаш учун юборилди. Бу ерда у кишининг ташаббуси билан кардиореанимация ва интенсив терапия бўлими ишга туширилди ҳамда қолган барча бўлимлар фаолияти тубдан яхшиланди.

— Марказимиз ўтган йиллар давомида юрак хасталикларини аниқлаш ва даволаш учун барча замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланди, — дейди Б.Ғаффоров. — Ва бу беморлар саломатлигини тиклашда ўз самарасини бераяпти. Президентимиз ташаббуси инвестиция дастури доирасида марказимиз мукаммал таъмирланади. Келгуси йилдан кардиожарроҳлик йўналиши ишга туширилиб, бўлим замонавий ангиография аппарати билан жиҳозланади.

Баҳодир Ғаффоров ҳудудда айнан кардиология йўналиши бўйича етук мутахассисларга эҳтиёж борлигини сезиб, ўтган олти йил мобайнида ўнга яқин шогирдлар тайёрлади. Ҳозирда уларнинг тўрт нафари вилоятимиз туманларида фаолият олиб бораяпти.

Изланиш ва ўрганишдан чарчамаган шифокор Россия, Германия, Ҳиндистон, Англия каби давлатларда халқаро кардиологлар конгресларида иштирок этиб келган. Деҳлидаги И.Аполло клиникасида қон-томир орқали қилинадиган операция ҳамда шу йилнинг май ойида Санк-Петербург шаҳридаги В. Алмазов клиникасида юрак трансплантацияси бўйича малакасини оширган. Албатта, тиббиёт соҳасида мутахассисларнинг ўз устида тинимсиз ишлаши, янги даволаш усулларини ўрганиши муҳим. Шу боис шифокор шогирдларини, вилоятдаги ёш кардиолог мутахассисларни ҳам бунга ундайди.

— Марказда юрак-қон томир касалликларини даволаш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича йил давомида вилоят миқёсида семинарлар, амалий конференциялар ўтказиб борамиз, — дейди Б.Ғаффоров. — Айниқса, туманларда беморларда кўп учрайдиган юрак ишемик касалликларининг ўткир формалари, уларнинг бирламчи ва иккиламчи профилактикаси бўйича шифокорларга маълумотлар берилади. Ва амалий кўникмалар ўша ернинг ўзида синаб кўрилади. Аммо баъзан юрак касалликларининг оғир турлари учрайдики, зудлик билан зарур муолажа қилиш талаб этилади. Айрим вазиятларда бундай ҳоллар ўлим билан якунланади. Агар марказимиз ва вилоятдаги барча туманлардаги тиббиёт муассасалари билан электрон масофавий алоқа ўрнатилса, кўплаб беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Бундай алоқа ўрнатилган тақдирда туман тиббиёт бирлашмасига шошилинч равишда келтирилган бемор текширувдан ўтказилади ва уларнинг натижалари автоматик равишда марказимиздаги мутахассисларнинг компьютерларига келиб тушади. Улар таҳлил натижаларига қараб, керакли даво чоралари бўйича маслаҳат бериши, шу дақиқанинг ўзидаёқ хавф бартараф этилиши мумкин. Бу янгилик узоқ туманлардан Термиз шаҳрига келишга имконияти бўлмаган беморлар учун ҳам қўл келади.

Албатта, шифокорнинг ғоясида жон бор. Негаки, айнан масофавий алоқа марказ бўлимларида ва Жарқўрғон тумани тиббиёт муассасаси билан ҳам йўлга қўйилган. Тажриба эса ўзини оқлаган.

Қаҳрамонимиз, бир қиз, икки ўғилнинг севимли отаси, бахтли бир оиланинг устуни. Гарчи пойтахтда ўз фаолиятини давом эттириши учун шароит ва имконият етарли бўлсада, Баҳодир ака етти йилдан буён воҳамиз аҳолисининг дардига шифо топиб келаяпти.

Ҳа, кўксимизда уриб турган юрак туфайли ҳаётмиз, яшашда давом этамиз. Агар унинг фаолиятида бирор ўзгариш бўлса борми, дарров кардиологдан нажот излаймиз. Унинг муолажасидан сўнг эса у яна бир маромда ура бошлайди. Ва беихтиёр хаёлимиздан шундай ўй ўтади: “Барака топсин. Умри узоқ бўлсин. Дунёда ана шундай халоскорлар кўпайсин!”

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE