Бош саҳифа / Жамият / Шифобахш коврак

Шифобахш коврак

Коврак зирадошлар оиласига мансуб ўсимлик. Ер юзида унинг 170 дан зиёд тури бўлиб, мамлакатимизда  50 тури учрайди. Смола-елим олиш учун сассиқ коврак, Куҳистон ковраги каби 10 тури ишлатилади. Табиатда сассиқ коврак (Ferula assa-foetida L.) кенг тарқалган бўлиб, елим-смола асосан шу турдан олинади.

Коврак асосан, қумли чўллар, адирлар, тоғлар ва тоғолди ялангликларда, соф тупроқли ерларда ўсади. Ундан халқ табобатида азалдан хавфли шишлар ва захм касаллигини даволашда, ундан олинадиган елим-смоланинг спиртли тиндирмаси астма, томир тортиши ва асаб касалликларида ишлатилган.

Тиббиётда коврак елим-смоласи — assa-foetida номи билан кукун, эмулсия ва спиртли тиндирма ҳамда оғриқ қолдирувчи ва тинчлантирувчи восита сифатида ишлатилади. Шарқ мамлакатларидан Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистонда унинг елими ва илдизи кулинарияда зиравор сифатида, косметика саноатида атторлик воситалари ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Ибн Сино бобомизнинг фикрича, коврак уруғининг қайнатмаси 3 маҳал 50 граммдан ичилса, она сути кўпаяди.  Ширасига анжир қўшиб ейилса, сариқ касаллигини тузатади. Елимига мурч, сирка қўшиб, ёмон сифатли яраларга сурилса, фойда қилади. Соч тўкилишига ҳам ўта фойдалидир. Шунингдек, бош мия, склероз, бронхит, астма, гепатит, кўк йўтал, диабетга даво, қон кетишини тўхтатади. Иштаҳани очади. Илдизи томчилаб сийиш ва буйрак оғриқларига шифо. Уч маҳал қайнатмасидан 30 граммдан ичилса, фойда қилади. Илдиз қайнатмаси барча оғриқларни босади. Бўғилишни кетказади, оғриқни тузатади.

Белгиланган тартибда ковракнинг елим-смоласини йиғиш учун  Ўзбекистон Республикаси  биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда назорат қилиш инспекцияси томонидан ҳар йили квота ажратилади ва шу асосда керакли хом ашё тайёрланади. Аммо ўсимлик смоласини йиғишда фуқаролар белгиланган йўриқномадан фойдаланмаяпти. Сассиқ коврак ҳаётий шаклига кўра 8-9 йилда бир маротаба гуллайди ва мева бериб, кейин нобуд бўлади. Ундан хўжасизларча фойдаланиш оқибатида ушбу ўсимлик турининг майдонлари йил сайин қисқариб бормоқда. Ҳозирги кунда ковракзорлар фақатгина тоғолди майдонларда сақланиб қолган, холос.

Шу боис, бу ўсимликдан фойдаланиш меъёрларини ва жавобгарликни  қатъий белгилаб, ҳар йили йўқотиладиган ковракларнинг ўрнини тўлдириб бориш ҳақида ҳам жиддий ўйлаш керак.

Ҳ.ЭШНАЗАРОВ,
вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси  инспектори

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сувга чўкишдан сақланинг!

Сўнгги вақтларда вилоятимиз ҳудудида фуқароларнинг, айниқса вояга етмаганларнинг сув ҳавзаларида чўкиб кетиши билан боғлиқ нохуш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE