Бош саҳифа / Сиёсат / Шерободдаги сайлов округлари сиёсий жараёнга тайёрми?

Шерободдаги сайлов округлари сиёсий жараёнга тайёрми?

Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази вилоят бўлими томонидан ОАВ вакиллари, ТерДУ талабалари, участка сайлов комиссияси аъзолари ва сайловларнинг ошкоралик тамойиллари асосида ўтишига масъуллар ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида навбатдаги медиа-тур ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари Шеробод туманидаги сайловолди тайёргарлик, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари ишлари билан яқиндан танишдилар. Қувонарлиси, мамлакатимизда шу йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда биргина Шеробод туманидан икки мингдан ортиқ ёшлар илк бор масъулият билан танлаган муносиб номзодларга овоз бериш бахтига муяссар бўлишаркан.

— Шу кунларда уйма-уй юриб, сайловчилар рўйхатини шакллантириш баробарида сайловларда биринчи бор иштирок этадиган ёшларимиз билан сайлов қонунчилигига доир тушунтириш ишларини ҳам олиб бормоқдамиз, — дейди Шеробод туман ҳокими ўринбосари Умид Қувватов. — Бундан ташқари, овоз беришда саломатлиги туфайли ўзгалар кўмагига муҳтож фуқароларимизга ҳам сайлов қонунчилигида белгиланган тартибда хизмат кўрсатиш чораларини кўриб қўйдик.

Медиа-тур давомида журналистлар билан Халқаро матбуот марказининг вилоят бўлими мутасаддилари, адлия ходимлари 700 нафарга яқин воҳадошларимиз меҳнат қилаётган “Шеробод текстиль инвест“ МЧЖдаги ёшлар даврасида ҳам бўлишди. Сўз олганлар мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар хусусида тўхталар экан, умидвор ёшларни халқ орзусини ифода этувчи муҳим сиёсий тадбирда уюшқоқлик билан иштирок этишга чорлади.

Аждодларимиз ёшлар учун энг улуғ ибрат, сабоқ, тарбия намунаси. Шу маънода тадбир сўнггида иштирокчилар шу муборак заминда қўним топган улуғ ҳадисшунос олим Муҳаммад Исо Термизий мажмуасини зиёрат қилишди.

А. РАЖАБОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Эркинлигимиз кафолати

Маълумки, ҳар бир суверен ва мустақил давлатнинг ўз қомуси – Конституцияси бўлади. Таъбир жоиз бўлса, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan