Бош саҳифа / Маданият / Шеъриятга ошно кўнгиллар

Шеъриятга ошно кўнгиллар

“Истеъдод шундай бир гавҳарки, у денгиз тубида, садаф ичида ҳам гавҳар, истеъдод шундай бир зилол ирмоқки, унинг ҳар қатрасида дарёларнинг қудрати, уммонларнинг теранлиги бор, истеъдод шундай бир гулки, унинг ҳар бир очилмаган ғунчасида чаманларнинг бўйи ва таровати бор”. Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ўз даврида истеъдодга ана шундай баҳо берганди.

Зеро, бугун ана шу истеъдодни юқтирган шоирқалб сурхонликларнинг мисраларида, байтларида ҳам садафу гавҳарларни, ғунчаларнинг хушбўй тароватини ҳис қилиш мумкин.

Масалан, қумқўрғонлик Зиядулла Мустафоқулов мақола ва хабарлари билан газетамиз саҳифаларида иштирок этиб келади. У кишидан тез-тез тўртликлар ҳам олиб турамиз. Эътиборимизни тортган жиҳат — у киши кўпроқ туманидаги, айниқса, “Жалоир” маҳалласидаги ўзгаришлар, қишлоқдошларининг ютуғи, фазилати ҳақида тўлқинланиб, меҳр билан ёзади. Айниқса, муаллифнинг китоб ҳақида ёзган шеъри ўқувчини у билан яқин дўст тутинишга ундайди:

Китобни хор айламанг,
Дунёни тор айламанг.
Билинг, иноят унда,
Билим, ҳидоят унда.
Қуёшдир, нурдир китоб,
Ул чиндан ҳам моҳитоб.

Қумқўрғон туманида яшовчи 16-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Карамат Авазов, ўқувчилардан ангорлик Саййодхон Ишмўминова, шўрчилик Дилноза Бегматова, Термиз шаҳридан Азиза Музаффарова, Одил Эркинов,  деновлик Абдусалом Абдуназарийлар Биринчи Президентимиз хотирасига бағишлаб ёзилган шеърларини жўнатишган. Уларнинг сатрларида улуғ юртбошимиз амалга оширган ислоҳотлар, ёш авлодга кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик ўз ифодасини топган.

Қўлига қалам тутган ижодкор борки, туғилиб ўсган тупроқ, киндик қони тўкилган муқаддас макон — Ватан ҳақида куйлайди, унинг мадҳига ашъорлар  битади. Муштарийларимиз орасида ҳам Ватан ҳақида ҳароратли шеърлар ёзиб, ижод қилганлари бисёр. Турғун Самиев, ўқувчи ёшлардан музработлик Гулжаҳон Эргашева, Маржона Искандарова, деновлик Хуршида Ортиқова, Термиз шаҳридан Фотима Нарзиева, Нодира Раҳматова, Термиз туманидан Шухрат Хаитов, ҳарбий хизматчи Д.Фармонова ҳамда Гулбой Мирзаев, Рисолат Абдуқаюмовалар   ҳам Ватан мадҳ этилган машқларини таҳририятга жўнатган. Айниқса, Оқилжон Холмуродовнинг “Ватан” шеъри ўзгача руҳда ёзилганини кўриш мумкин:

Ватан асли остонадан бошланади, дейдилар,
Ватан нима? — у бир қўрғон, бошпанадир дейдилар.
Унинг ҳар бир хизматига шай турмоқлик бурчимиз,
Ҳимояга берилгандир, билакдаги кучимиз.

Музработ туманидаги 2-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Моҳигул Хонимова ҳам жонажон қишлоқ манзаралари ва жажжи ўқувчиларига атаб қоғоз қоралаган.

Улуғ бу даргоҳнинг чечаги ўзинг,
Дилимни яйратар ҳар битта сўзинг
Ҳарфлар шодасидан тузиб гулдаста,
“Ватан — онам” дея ёзарсан аста.

Шўрчилик Сирожиддин Холбоевнинг шоирликка, адабиётга ҳаваси Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ижоди орқали туғилганини алоҳида эътироф этиб, мактуб йўллаган.

Ватанни ўргандим адирларидан,
Ҳам онамнинг кўҳна тандирларидан.
Сўнг барчасин жамлаб, такрор ўргандим
Сирожиддин Саййид сатрларидан.

Шу туманда яшовчи меҳнат фахрийси Холмат Исоқов ва узунлик Ўсар Маманиязов, Маҳкамбобо Рўзиевлар умрнинг ҳар они ғанимат эканлигини таъкидлаб, қоғоз қоралаган. Уларнинг тўртликларида кишини мулоҳазага ундовчи фикрлар ифода этилган.

Бундан ташқари, газетамизга ўзининг шеърий машқ- ларини хат орқали йўллаган ижодга ҳавасманд муштарийларимиз ҳам талайгина. Жумладан, ангорлик Феруза Азимова, Роҳила Тўраева, Термиз туманидан Абдуҳошим Бегимов, музработлик Камолиддин Абдувоҳидов, Маржона Тошпўлатова ҳамда ўқувчилар Шодия Тўрақулова, Моҳичеҳра Суюновалар шеърий машқлари устида ишлаши, шеър ёзиш қоидалари, техникасини мукаммал ўрганиши, кўпроқ бадиий адабиётларни мутолаа қилишлари лозим.

Очиғи, таҳририятимизга ана шундай ижод маҳсулларини мактуб қилиб йўллаганлар жуда кўп. Албатта, уларни кўриб, биз ҳам воҳамизда қалби ижодга, адабиётга ошнолар кўплигидан қувонамиз. Уларнинг ижод намуналарини кўздан кечирар эканмиз, назаримизда, бу тоифа кишиларнинг ҳаётга қараши ўзига хосдек туюлади. Улар сўз билан, эзгуликка бўлган муҳаббат билан дунёни янада мазмунли этмоқни исташади. Аслида, адабиётнинг кучи ҳам шунда-да.

ТАҲРИРИЯТ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

ДУНЁ ХАЛҚЛАРИНИ РОМ ЭТГАН САНЪАТ

Илиев Вания — Сербия мусиқа ассоциацияси бўлим мудири, журналист, Сербия Европа мамлакатида санъат йўналишидаги таълим …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan