Бош саҳифа / Адабиёт / Шеърият оқшоми

Шеърият оқшоми

Термиз давлат университетида элимизнинг суюкли ижодкори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Шоирликни қисмат, деб билмишлар айтадилар: “Бу сирли, ажиб дунё экан дўстлар, унга ҳарчанд бу оламларнинг ҳисоби билан кириб бўлмас. Фақат кўнгилнинг айтганлари, деганлари устун келаверади. Бунда яшар Жомий, Навоийни танимоқ, билмоқ, кўнгилни ишқ билан, муҳаббат билан тўлдирмоқлик муҳим вазифа. Ёзганларингни эса онангнинг мунаввар чеҳрасига, юзига қараб ўқиб беролсанг, яхши. Аксинча бўлса, бу ишинг дан ҳеч маъни йўқдир. Яна шоирликни адабий олифталикдан устун қўймоқ, ўз йўлини топмоқлик, унинг қалб вазифасидир”. Худди мана шу эътирофу кечинмалар сизга шоир Сирожиддин Саййидни эслатган бўлса, ажаб эмас. Дарҳақиқат, замонавий ўзбек шеъриятига халқ оҳангларини, мумтоз шеъриятимизнинг гўзал анъаналарини олиб кирган шоирни шеърият мухлислари яхши билишади. Сурхон одамларининг буюк қалбини, кечмишини, бетакрор табиатию унга ҳайратла боқаётган беғубор нигоҳларини тараннум айламиш шоирнинг ҳар мисраси таниш ва қадрдон. Сиз ҳашамсиз Ватан сувратини, оналар юзидаги ажинларда зоҳир бўлмиш азал ҳикматини ҳам шу ердан топасиз. Гўё ўзингизни топгандек севинасиз. Худди мана шу лаҳзаларда шоир ва унинг ўқувчилари билан яқинлик, илиқлик пайдо бўлади. Мудом соғинчлар билан кўнгил, дил сафарига шошаётган шоирнинг ҳам қадрдонлари мана шу одамлар, унинг содиқ муҳиблари. Табиийки, улар билан бўлажак учрашув ҳам ҳаяжонларга тўла.

Термиз давлат университетида ташкил этилган навбатдаги ижодий учрашув меҳмони бўлган шоир Сирожиддин Саййид элдошлари билан бўлаётган юзма-юз мулоқотдан мамнунлигини изҳор этди. Айниқса, Сурхон замини, одамлари ҳаётида бўлаётганган ўзгаришлар ҳар бир ижодкор кўнглини тўлқинлантиришини билдирди.

— Бир вақтлар ёпиқ шаҳар бўлган Термиз аввалгисидан тамоман фарқ қилади, — дейди шоир С.Саййид. — Устоз Теша Сайдалиев шеърларида ёзмиш “олов қалблар яшайди бунда”. Юртнинг ободлиги йўлидаги ҳар бир ишда камарбаста бўлаётган мард ўғлонлари, шижоатли Барчинойлари кўнглимизни тоғдек кўтаради. Қолверса, Термизийларнинг табаррук хоклари ётибди бу муқаддас заминда. Шу боис, унинг ҳар зарраси шеър бўладиган, тупроғини кўзга тўтиё билиб, унга муҳаббатли бўлмоқлик лозим.

Самимий руҳда кечган шеърият оқшомида шеърлар ўқилди. Учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан чоп этилган янги номдаги китоблар университет ахборот ресурс маркази ва иқтидорли талабаларга совға қилинди.

— Бу учрашувни ҳали ўқувчилик йилларимда орзу қилгандим, — дейди университет талабаси Шарофиддин Шоимқулов. — Сирожиддин Саййид ижодига қизиқаман. Шеръларида оддий, аммо гўзал ифодалар, ташбеҳлар бор. Сурхон соғинчларига тўла бу оташин мисралар ҳар бир китобхон қалбини, албатта, сеҳрлайди. Биз истардикки, бундай ижодий мулоқотлар биз ёшлар билан кўпроқ уюштирилса.

— Адабиётимизнинг, шеъриятимизнинг етакчи вакилларидан бири бўлган Сирожиддин Саййид Сурхон фарзанди, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исроил Шомиров. — Унинг ижоди бахшиларимиз куйлаган дос тонлар ҳайратию, Навоий сабоқларига туташ.

Яна жаҳон адабиётининг тили нотаниш, аммо туйғулари яқин бўлган шоирлари билан барчамизни қалбан яқин этади. Элимизнинг севимли шоири билан бўладиган кейинги учрашувларни кутиб қоламиз.

Мавлуда АБДУРАҲМОНОВА,
Шоҳиста ЖЎРАЕВА,
ТерДУ академик лицейи ўқитувчилари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Рамазон илҳомлари

Ўн саккиз минг олам сарвари Сен сан, Жамики кўзларнинг гавҳари Сен сан, Нега нил бузилди …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan