“Шароит яратилса, олимпиада чемпионлари тайёрлайман”,

0
40

– дейди ангорлик мураббий Асқарали Якубов

Спортнинг комбат айкидо тури мамлакатимизда таниқли мураббий Фахриддин Усмонов ташаббуси билан Амир Темур бобомизнинг жанг санъатлари асосида яратилган.

Бугун республикамизда фаолият кўрсатаётган комбат айкидо федерацияси ташаббуси билан спортнинг бу тури, айниқса, Осиё мамлакатларида анча танилиб улгурди. Ҳозир Марказий Осиёдаги қўшни давлатларнинг спортчилари комбат айкидо билан жиддий шуғулланишмоқда.

Асқарали Якубов 2005 йили Ангор туманида мўъжазгина хонада тўгарак очиб, қишлоқ ўғил-қизларини комбат айкидо билан шуғуллантира бошлади. Шу йиллар мобайнида спортнинг айнан шу тури бўйича воҳамизда етук спортчилар камолга етишишди. Масалан, бугун Ангор туманидаги 13-умумтаълим мактабининг 7-синфида таҳсил олаётган Иброҳим Бойқобилов Асқарали Якубов очган тўгаракка келганда тўрт ёшда эди. Тинимсиз машғулотлар, устознинг сабоқлари бесамар кетмади. Иброҳим Бойқобилов олти карра жаҳон чемпиони деган юксак унвонга сазовор бўлди.

Иқтидорли спортчи шу йил 23 февралдан 25 мартгача Таиланд давлатида ўтган комбат айкидо бўйича жаҳон чемпионатида 41 килограмм вазнда рингга чиқиб, рақибларидан устун келди ва олтинчи марта жаҳон чемпиони деган унвонни қўлга киритди. Ўзбекистон терма жамоаси сафида мусобақаларга жалб қилинган Иброҳимнинг чет элга бориши ва нуфузли мусобақада ўзбек ўғлонларининг неларга қодирлигини намойиш этишида вилоятимиз ва Ангор тумани раҳбарларининг ҳиссаси каттадир. Чунки улар иқтидорли спортчининг олис мамлакатга бориб келиши учун имконият яратиб беришди.

Яқинда Асқарали Якубовнинг шогирдлари Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти хотирасига бағишлаб ўтказилган комбат айкидо бўйича халқаро турнирда қўшни давлатлардан келган спортчилар билан баҳслашиб, 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалларини қўлга киритишди. Бу муваффақиятда Ангор туманидаги 27-умумтаълим мактаби 4-синф ўқувчиси Ислом Каримов, Иброҳим Бойқобилов, Шоҳбоз Сайдуллаев, Ойбек Солиев, коллеж ўқувчиси Муҳаммад Бойқобиловлар ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар.

— Ангор тумани жисмоний тарбия ва спорт бўлими қошидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг комбат айкидо тўгарагига раҳбарлик қилиб келаяпман, — дейди тажрибали мураббий Асқарали Якубов. — Машғулотларда 50 нафардан ортиқ ўғил-қиз иштирок этмоқда. Худди шундай тўгарак Термиз шаҳар Ёшлар иттифоқи қошида ҳам ташкил этилган бўлиб, моҳир мураббий Қодиржон Хушбоқов 40 нафар ўғил-қизга комбат айкидо сирларини ўргатмоқда. Ҳар икки тўгаракнинг тарбияланувчиларини тез-тез баҳсга чорлаймиз ва уларнинг маҳоратини ошириб бораяпмиз. Албатта, комбат айкидо спорт турига қизиқувчилар жуда кўп эмас. Чунки бу спорт турининг усуллари мураккаб. Фақат тинимсиз машғулотлар эвазига шогирдларимнинг ва ўзимнинг саъй-ҳаракатим билан жаҳон чемпиони тарбияладим. Агар маҳаллий раҳбарлар туманимизда спортга эътиборни янада кучайтирсалар, келгусида Ангордан бокс бўйича олимпиада чемпионлари тайёрлаш ниятим бор. Чунки бугун мен мураббийлик қилаётган тўгаракда шуғулланаётган болалар ўртасида боксга қизиқувчилар ва шуғулланаётганлари жуда кўп. Келгусида боксчи шогирдларимдан чемпионлар чиқишига ишонаман ва шунга ўзимдаги бор маҳорат ва кучимни сафарбар этаман.

Усмонали НОРМАТОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг