Бош саҳифа / Жамият / Шарафга муносиб ҳаёт йўли

Шарафга муносиб ҳаёт йўли

Салмоқли, залворли, ҳамма ҳавас қиладиган ҳаёт йўлида ўзига яраша из қолдириб, кўпларни ўзига эргаштира олган инсонлардан бири Хурсанд Ориповдир. Узоқ йиллар ички ишлар бошқармасида меҳнат қилиб келаётган қаҳрамонимиз эл орасида ҳурмат, обрў-эътиборга ўз меҳнати ила эришган фидойилардан.

1968 йили Жарқўрғон туманида туғилган Хурсанд Орипов оилада ўнинчи фарзанд эди. Отаси Хайрулло бобо фарзандларига метин иродали бўлишни, ҳаётнинг пасту баландликларига сабр ила бардош бермоқ лозимлигини уқтиришни канда қилмаган. 10 йиллик таълимдан сўнг Хурсанд ҳарбий хизматга отланди. Йигитлик бурчини Украинада, ҳаво кучлари қўшинида ўтади.

— 2 йиллик ҳарбий хизмат давомида вертолётларга техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланардик. Ўрмонда қишнинг изғирин совуғига қарамай таътилсиз ишлардик. Ҳозиргидек шароит ва имкониятлар қайда дейсиз. Хизматни яхши ўтаётган эканманми, командирларимиз уйга, ота-онамга ташаккурнома жўнатган экан. Ота-онам олам-олам қувонч билан мактуб йўллашганида ҳаракатларим бесамар кетмаганидан кўнглим ёришарди, — дейди Хурсанд ака аскарлик даврларини эсларкан.

Хизматдан қайтган Х. Орипов 1 йил қурулишда ишлаб юрди. Ёш Хурсандга  тартиб-интизом, қатъий қоидалар маъқул келарди. Шу боисми, 1989 йилда Термиз шаҳар пост-патрул хизматида милиционер ходими бўлиб ишга кирди,  бир йил тўлар-тўлмас, Бошқирдистондаги УФА олий ўқув юртига ўқишга отланди. Суҳбатдан муваффақиятли ўтган қаҳрамонимиз 1-курсни тамомлаб, 2-курсга ўтар чоғида собиқ иттифоқ парчаланиши оқибатида Тошкент олий милиция мактаби (ҳозирги Ички ишлар вазирлиги академияси)да таҳсилни давом эттиришига тўғри келди.

— Биз мазкур мактабнинг биринчи битирувчилари эдик. У ерда ҳам тартиб-интизом жуда қаттиқ эди. Тозаликка, ўқишимизга ҳам талаб ниҳоятда кучли эди. Кўплар ўқишдан ҳайдалди. Ўқишни ўз ихтиёри билан ташлаб кетганлар ҳам бўларди. Ана шундай иродасизлик қилган баъзи дўстларимни жомадонлари билан кетаётганда йўлдан қайтарганман. Сабрли бўлишни маслаҳат берардим. Мана ҳозир айни ўша дўстларим ўз соҳалари бўйича юқори натижаларга эришдилар, — дейди Хурсанд ака. — Бир умр ички ишлар соҳасида меҳнат қилиб, нафақага чиқиб кексалик гаштини суришмоқда.

1995 йилда ўқишни тамомлаган Х. Орипов вилоят ИИБнинг тергов бўлимида иш бошлади. 2004-2014 йилларда бўлинма бошлиғи, сўнг ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчи бўлиб ишлаб келаётган ватандошимиз ҳар бир берилган топшириқ ва вазифани инсонийлик тамойилларидан келиб чиқиб бажаришга ҳаракат қилади. Ўз ишига масъулият билан ёндашиши, самарали меҳнати инобатга олиниб, 2008 йилда II  даражали “Шон-шараф” ордени билан тақдирлангани ҳақидаги хотираларни  шундай эслайди:

— Термиз туманида хизмат сафарида эдим. Ишга шўнғиган бир пайтимда бошқармамиз бошлиғи Комил Умматқулов қўнғироқ қилиб қолдилар. Гўшакни кўтарганим ҳамоноқ Комил аканинг ҳаяжонли овози эшитилди. Улар: “Эшитдингизми, “Шон-шараф” ордени билан тақдирландингиз,” деб қолдилар. Бошлиғимиздаги ҳаяжон ва хурсандчилик энди каминага кўчганди. Буларнинг бари кутилмаганда рўй берганди.

Гиёҳвандликка қарши кураш бўйича кўпгина ишларни кўриб чиққан Хурсанд Орипов жиноятчиликни фош этиш билан бирга “касаллик“ка чалинган кимсаларни тўғри йўлга солишни ўзининг инсонийлик ва касбий бурчи, деб билади.

— Билмадим, негадир гиёҳвандлик билан касалланганлар билан ишлаётиб, уларни бу йўлдан қайтаргим, даволаниши учун қўлимдан келганча ташаббус кўрсатгим келаверади. Уларга соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан эринмайман, — дея куюнчаклик билан гапираётган Хурсанд ака ҳар бир юртдошини ўз яқинидек кўриши юз-кўзларидан сезилиб туради.

Х. Ориповнинг шогирдлари устоз изидан бориб, турли лавозимларда фаолият кўрсатиб келаётир. У шогирдлари бўлмиш Н. Хўжамуродов, О. Жияновлар ҳақида тўлқинланиб гапиради.

Бу йил ҳам Хурсанд Орипов учун қувончли воқеа бўлди. Кўп йиллик меҳнати инобатга олиниб, ИИВ томонидан полковник унвони берилди.

Ўз касбига муҳаббат қўйган ва ватанига сидқидилдан хизмат қилишга бел боғлаган инсонгина қийинчиликларни қўрқмасдан енгиб, ҳаёт ҳақиқатларига тик қарай олади. Полковник Х. Орипов ҳам айни шундай ватанпарвар ва сабр-тоқатли инсонлардан эканини ўз ҳаёт йўли мисолида исботлай олди. Оилавий ҳаётда ҳам ўз бахтини топган бу инсон 2 ўғил, 2 қизнинг суюкли отаси. Ўғиллари Хуршид ва Исломжонлар оталари касбини давом эттиришни орзу қилишади.

Биз полковник Хурсанд Орипов ва у кишининг ҳамкасбларини касб байрамлари билан қутлаб, мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт тилаймиз!

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE