Бош саҳифа / Жамият / ШАМСУЛ МИЛЛАТ

ШАМСУЛ МИЛЛАТ

Фахр билан баралла айта оламизки, Навоий ижоди, фаолияти, шахсияти, унинг таълимоти, туркий маънавият ва тафаккурнинг энг ноёб қомуси—энциклопедияси, десак янглишмаймиз. Биринчи Юртбошимиз ташаббуси билан миллий боғда қўйилган ҳайкал тепасидаги гумбаз пештоғида “Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ, Ёр ўлунг бир-бирингизгаки, эрур ёрлиғ иш”, дея шоҳ байт битилган. Ҳазратнинг бу шоҳ байти миллий мустақиллигимиз ғояси, моҳияти, мазмунини ифодаловчи дўстликнинг умумбашарий мангу мадҳиясидир. Ватанни ва миллатни улуғлаш, яхши кўриш ҳеч қачон миллатчилик деб баҳоланмаслиги лозим. Ваҳоланки, тоталитар совет тузуми даврида бу нарса айнан миллатчилик деб баҳоланар эди ва унинг азиятини бизнинг зиёлиларимиз—олимлар, шоирлар, ёзувчилар, маданият ва санъат арбоблари кўп чекишган. Юқоридаги сарлавҳани баралла айтишга бугун маънавий, ҳуқуқий жиҳатдан тўла асосимиз бор. Чунки Навоийни тўла қонли ўрганиш, у зотни англашни бизга МУСТАҚИЛЛИК ҳадя этди. Совет Навоийшунослиги “Улуғ мутафаккир”, “Шеърият султони”, “Хамсанавис шоир”, “Давлат арбоби”, деган атамалардан нари ўтмасди. Шукурки, Навоийни ўрганиш ва англаш масъулияти бўйи басти билан ўзимизга қолдирилди.

Бундан йигирма олти йил илгари, яъни 1991 йил “Алишер Навоий йили” деб эълон қилинди. Шоирнинг 550 йиллик юбилейи муносабати билан Ўзбекистон фанлар академияси Тил ва адабиёт институтига А. Навоий номи берилди. Пойтахтимиздаги энг баланд ва кўркам жойда ташкил этилган миллий боққа ҳам Навоий номи қўйилди. Дабдабали гумбаз тагида узоқ-узоқдан кўриниб турадиган муҳташам ҳайкал ўрнатилди. Ўша йили Навоийга бағишланган анжуманда давлатимизнинг биринчи Президенти И. Каримов маъруза қилиб, Навоий ижодига жуда катта баҳо берар экан: “Мен қаерда Навоий шеърларини биладиган одамни кўрсам ҳавасим келади”, деганларида бу шунчаки оддий гап эмас, балки фахр ва ифтихор эди. Давлатимиз ва халқимиз томонидан бундай ишлар давом эттирилмоқда. Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилиб, унга ҳазрат Навоий номи берилди.

Ҳазрат Навоийни— “Шамсул миллат“ деганда унинг болаликдан то умрининг охиригача қилган ишлари, фаолияти ва дунё хазинасидан-да ноёб бўлган адабий-маданий мероси назарда тутилади. Шунинг учун ҳам Навоийни англаш деган жумла жуда катта маънога эга. Дунёда маънавият, маърифат, илм-фан, дин, тасаввуф, шаъриат, тариқат каби тафаккур силсилаларини англаш, ўрганиш учун нима керак бўлса, уни ҳазрат ижодидан бемалол топа оласиз.
Бир гал шаҳримиздаги коллежлардан бирида Навоийхонлик кечасида иштирок этишга тўғри келди. Ҳамроҳларимиздан бири сўзга чиқиб, ҳазрат ҳақида батафсил маълумотлар бериш баробарида “Навоий туркий шоирлар ичида биринчи бўлиб “Хамса” яратган деган сўзни бир неча бор ишлатди. Учрашувдан қайтаётиб автобус кутаётганимизда секингина четга чорлаб, “Домла сиз фан докторисиз? Нега тарихий ҳақиқатни тўғри талқин этмадингиз”— дея маърузасида айтган сўзларни айнан келтирдим.
—Менга жуда муҳим ва янги гап айтасизми, деб ўйлабман?—дея заҳархандалик билан кулди.
Мен у кишидан ҳеч бўлмаганда “Сал фаромуш қилибман ёки эътибор бермабман” деганга ўхшаш жавобни кутгандим. Қиссадан ҳисса, биз Навоийхонлик учрашувлари қаерда, қандай жойда, қандай табақа билан ўтказилаётганлигини эътиборга олишимиз лозим. Масалан, мактаб, коллеж ўқувчилари, дорилфунун талабаларининг қабул қилиш ва маънавий ҳазм қобилияти турлича. Бундан ташқари, корхона, ташкилот, муассасаларда бўладиган учрашувлар, маънавият соатлари алоҳида эътибор ва масъулият талаб қилади. Агар аудитория бор-йўғи беш кишидан иборат бўлса ҳам биз улар олдида айтадиган сўзимизни, ишлатадиган далил ва рақамларимизни ўйлаб, ислоҳ қилиб, даврага мос, тўғри келиш келмаслигини тасаввур қилиб, кейин ишни бошлашимиз лозим. Хонаси келганда, яна бир гапни айтмасак бўлмас. Айрим зиёлиларимиз, Навоий ёки Бобур таваллуд куни келишини пойлаб туришади. Мактаб ва олийгоҳ дарсликларида берилган таржимаи ҳоллари, ёзилган шеърлар рўйхатини шундоқ кўчириб келишади. Бу янги илмий мақола эмиш… 40 йиллик фаолиятимда бунга кўп дуч келганман. Ахир, Навоийхонлик, Бобурхонлик, Бедилхонлик мавсумий иш эмас-ку? Унинг ўрнига бир рубоий ёки ғазалини шарҳлаб беринг…

Шу сабабли Навоийнинг ижоди ҳақида одатий факт ва далилларни келтиришни лозим топмадик. Чунки ҳазрат ижодига мактаб дарслигидан тортиб, дорилфунун қўлланмаларигача жуда кенг ўрин берилган. Бугунги Навоийшуносларнинг ва унинг ижоди, фаолиятини тарғиб, ташвиқ қилувчиларнинг биринчи вазифаси шоир ижодига, фаолиятига доир тадқиқотлар, рисолалар, монографиялар, мақолалар билан ўқувчиларни муттасил таништириб боришлари лозим. Яқинда қўлимга СамДУ профессори, филология фанлари доктори Муслиҳиддин Нуриддиновнинг “Комил инсон адабиёт идеали” деган китоби тушиб қолди. Нафақат ўқувчи, балки ижодкор сифатида ҳам бу китобдан катта қониқиш ҳосил қилдим. Характерли томони шундаки, нафақат Шарқнинг, балки дунёдаги буюк даҳолардан бўлган тўртта “Хамса”навис шоир ижодига мурожаат қилинган. Дунё тан олган даҳолар Низомий Ганжавий, Амир Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий “Хамса”ларидаги илк достонлар—“Махзанул асрор”, “Матлаъул анвор”, “Туҳфатул аҳрор” ва “Ҳайратул аброр” илмий-қиёсий таҳлил қилинади.

Мутолаа давомида муаллифларининг ўзига хос, бетакрор ғоялари, таълимотлари, тафаккур тарзлари, ўз замонасидаги диний-ахлоқий, ижтимоий-маънавий, маърифий қарашлари ва муносабатлари ифодаланган тўртала достон юксак бадиий фалсафий, мумтоз асарлар деган хулосага келасиз. Хўш, тўрт нафар даҳо “Хамса”сидаги илк достонлар нега олим томонидан тадқиқот учун танлаб олинди? Бунинг боиси шундаки, Шарқ мумтоз адабиёти ва “Хамса”чилик анъаналарига кўра “Хамса» нинг биринчи достонида муаллиф кўзлаган, режалаган энг асосий мақсадлари, дунёвий, диний, тасаввуфий, фалсафий қарашлари таълимот ва ғоялари ифодаланадики, бу кейинги достонлар учун энг устувор дастур, тамойил ва режа вазифасини ўтайди.
—Амир Хусрав Деҳлавий ва Алишер Навоий ижодида умуминсоний тушунчалар исломий ақидалар негизида шаклланган. Шу боис биз Қуръон ва Ҳадиси шарифда инсон ҳақида билдирилган фикрлар билан иккала даҳо шоир қарашлари тўла мувофиқ келишига амин бўлдик,—деган фикрларни билдиради муаллиф.

Юқорида бежиз учрашувдаги воқеани илова қилмадик. Аслида туркий шоирлар орасида биринчи бўлиб “Хамса” битган киши бу Низомий Ганжавий ҳазратларидир. У зот 27 йил давомида “Хамса”ни ёзиб (1173-1200 йиллар) тугаллаганлар. Лекин ўша давр анъанасига кўра, Низомий “Хамса”си форс тилида ёзилган эди. Буни қарангки, Навоий билан Низомий “Хамса”си орасида 400 йиллик муддат бўлсада, ўхшашлик жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Ҳазрат Навоий бор-йўғи ўз “Хамса”сини икки йилда ёзиб тугатади. Шуни унутмаслик керакки, у биринчи бўлиб шундай катта эпик асарни туркий тилда ёзиш мумкин эканлигини исботлади ва унинг ҳар бир китобини (достон) қойилмақом тарзда ўз даври ҳодисотлари, кузатишлари, замон, дин, башариятга бўлган муносабатини ифода этган ҳолда ёритди. Бежиз ҳазрат “Эмас осон бу майдон ичра турмак, Низомий панжасиға панжа урмак”, деб айтмаганлар.

Марказий телевидение орқали берилаётган “Ҳидоят сари” кўрсатувларида у қайси мавзуда бўлмасин муҳтарам Мунаввар қори Турсунов ҳазратлари Алишер Навоийдан кўплаб иқтибослар келтирадилар. Кўпчиликка маълумки, Мунаввар қори Навоий, Жомий каби мумтоз шоирлар ижодини жуда яхши билади. Чунки уларнинг ижоди динимизнинг, тасаввуф таълимотининг барча саволларига тўлиқ жавоб бера олади. Навоийнинг устози Абдураҳмон Жомий ҳам улуғ шайх ва сўфи бўлганлар. “Ҳайратул аброр” достонида Жомийнинг буюк пир ва авлиёлигини, сўфийлигини Навоий шундай тарифлайди.

Қайси жаҳон, олами кубро дегил,
Қудрати Оллоҳу таоло дегил.
Хирқа анинг жисмида қаптон бўлиб,
Қаптони тан, жисми анинг жон бўлиб.

Демоқчики, ҳазрат Жомий махсус сўфиёна хирқа (жанда) киймасада, унда валийлик, сўфийликнинг барча белгилари муҳайё эди. Энди қарангки, шоир биргина “кубро“ сўзини ишлатиши билан устози ва пири Жомийнинг ким эканлигини шундоққина миянгизга қуйиб қўяди. Жомий бошини таважжуҳ—тафаккурга эгса ўн саккиз минг оламни сайр қилиб чиқади, дейди. Кубро—илоҳий оламнинг ердаги ифодаси, деган маънони англатади. Мана сизга шогирднинг устозга беқиёс ҳурмати ва муҳаббати.

Навоийхонлик нафақат мактаб ва дорилфунунларда, балки жума намозларида жомеъ масжидларимизда ҳам ўтилишини жон-жон деб истардим. Бекорга юқорида Мунаввар қори Турсунов ибратларини келтирмадик. Масалан, ҳазрат Навоий Қуръон китобини таржима қилдиришда нақадар жонбозлик кўрсатганлари, бу ишни шоир Восифийга топширганликлари, бу борадаги барча моддий маънавий кўмакларни ўз зиммасига олганликлари ҳазратнинг ислом динига нақадар жону жаҳони билан ўзини бахшида қилганлигини кўрсатмайдими? Демак, Қуръоннинг форс тилига таржима қилинишида ҳазратнинг ҳиссалари беқиёс. Ваҳоланки, бу фактларни ҳанузгача кўпчилик билишмайди. Тарихий китобларни озгина варақласак, янада кўп нарсалар ойдинлашади. Бундан ташқари, Навоий тасаввуф, тариқат, шаъриатнинг кўпгина муаммо ва саволларига ўзининг барҳаёт мероси билан лаббай деб жавоб берган ижодкордир. Ана шундай бебаҳо меросимизни ҳамиша улуғлаган ва бу борада улкан ишларни амалга оширган, мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов “Агар Алишер Навоийни авлиё десак—у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак—мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак—шиорларнинг султонидир”— деб бежизга таъкидлаб кетмаганлар.

Ҳазратнинг ҳар бир рубоийсини, ғазалини истаганча таҳлил қилишингиз мумкин. Лекин ўшанда ҳам охирги бир маъносини тополмайсиз. Масалан:

Жондин сени кўп севармен,
эй умри азиз,
Сондин сени кўп севармен,
эй умри азиз,
Ҳар неники севмак ондин
ортуқ бўлмас,
Ондин сени кўп севармен,
эй умри азиз.

Демоқчимизки, бу рубоийни ким ўқиётганлигига, ким ўрганаётганлигига боғлиқ. Бунда тасаввуф, ҳамд (Оллоҳ таърифи-мадҳи), наът (пайғамбар сифатлари), орифлик, ошиқлик ҳам мавжуд. Ана шу нарсалардан хабардор бўлган киши тўрт сатрлик асарни ўқувчига, тингловчига сингдира олади, анжуман аҳли эса воизни бир умр аржуманд этади.
Устоз Абдулла Орипов таъбири билан айтганда: “Чор Россияси ва совет империяси даврини ҳисобга олганда Ўрта Осиё халқлари 130 йил қарамлик, тобелик ҳукмида асосий қон ва жон томирларидан маҳрум қилинган эди.” Ҳар қандай мумтоз шоирларимиз, олимларимиз ижоди узоқ муддат бир томонлама ўрганилди. Энди биз учун барча имкониятлар мавжуд. Фақат аждодларимизни қандай тушунамиз, қандай англаймиз ва буни фарзандларимизга, келгуси авлодга қандай етказамиз, бу сизу бизнинг савиямизга боғлиқдир. Бунинг исботи учун узоққа бормайлик. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир… қолаверса, Ислом Каримов фаолиятини бир лаҳза ақл кўзгусидан ўтказайлик.

Ҳазратнинг шундай байтлари бор:
Нафинг агар халққа бешакдудур,
Билки, бу нафъ ўзунга кўпракдудур.

Бу сиймоларнинг фаолияти, ижоди халқига, Ватанига, миллатига, давлатига чексиз фойда, шон-шараф ато этиши билан бирга, ўзларининг азиз номларини тарих зарварақларида олтин ҳарфлар билан абадий муҳрлаб қўйдилар. Унутмаслик керакки, тарихда қалам билан битилган сўзни болта билан кўчириб бўлмайди…

Навоий ижодига ва шахсиятига бўлган қизиқиш йил сайин ортиб бормоқда. Шундай экан, Навоий асарларини ўрганиш, ўқиш учун барча замонларда андоза бўладиган қўлланмалар зарур. Айниқса, Навоий асарларининг тўрт томлик изоҳли луғатини тўлдирилган ва қайта таҳрир қилинган ҳолда ҳар ўн беш, йигирма йилда қайта чоп этилиши жуда муҳим ва зарур, деб ҳисоблаймиз. Чунки биз ҳар ой, ҳар йили Навоий ҳақида қилинаётган тадқиқотлар, яратилаётган асарлардан ўзимизни ва ўзгаларни огоҳ қилиб боришимиз лозим.

Эрурсен шоҳ—агар огоҳсен сен,
Агар огоҳсен—шоҳсен сен.

Бу умумбашарий даъват! Шундагина Навоийни тўғри англаган ва англатган бўламиз.
Шу йил 22 январда Юртбошимиз Ш. Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинди. Унда “Жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ва ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини чет тилларга таржима қилиш” шунингдек, “…Аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишда бир қатор муаммолар мавжудлигини қайд этиш лозим” дейилади. Дарҳақиқат, қилинган ишларни эътироф этиш билан бирга камчиликларимиздан кўз юммаслигимиз керак. “Майда нарсаларда синчков бўлмаган олимнинг катта масалаларни тўғри ҳал этишига ишонманг”,—деганди устоз Ғайбулла ас Салом. Юқорида таъкидлаганимиздек, Навоийхонлик, Бобурхонлик кечаларига у ёки бу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда тарғиботчи зиёлиларимиз пухта тайёргарлик кўриб, китобхонлар билан учрашгани маъқул, деб ўйлаймиз. Шунда биз “Шамсул миллат”— “Миллат Қуёши” ҳақида гапираётганлигимизни доимо англаб, масъулиятни, фарзандлар ва авлодлар олдидаги фарз ва қарзимизни ҳис этиб турамиз.

Сафар ОМОН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE