Бош саҳифа / Маданият / Шаҳрисабздан хушхабар

Шаҳрисабздан хушхабар

Барчангизга маълумки, Соҳибқирон Амир Темур туғилиб вояга етган кўҳна Шаҳрисабз жорий йилнинг 6-10 сентябрь кунлари илк бор ўтказилган I Халқаро мақом санъати анжуманига мезбонлик қилди.

Ўзбек миллий мақом санъатининг ноёб намуналарини тарғиб этиш, уни асраб-авайлаш, ёш авлодни мумтоз наволарга ҳурмат руҳида тарбиялаш, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилган анжуман бутун дунё нигоҳида, эътиборида бўлди. Мазкур нуфузли санъат байрамида Сурхондарё вилояти жамоаси ҳам фаол иштирок этиб, барчанинг эҳтиромига сазовор бўлгани, албатта, қувонарлидир.

Шаҳарнинг қадимий Оқсарой мажмуасида, бобомиз Амир Темур ҳайкали ўрнатилган майдонда воҳамизнинг ўзига хослиги: маданияти, санъати, халқ ҳунармандчилиги ва қадриятлари акс этган этнографик шаҳарча барпо этилди. Мўъжаз шаҳарчанинг қиёфаси, бунда намойиш этилган кўргазма ярмаркалари, ижро этилган мақом ва фольклор қўшиқлари 73 давлатдан келган 300 дан ортиқ хорижлик меҳмонлар ҳамда иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Таъкидлаш жоизки, муваффақиятли ўтган I Халқаро мақом санъати анжумани якунида, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ташкилий қўмитаси томонидан ташаккурнома билан тақдирланди. Келинг, алоҳида эътироф этилган вилоятимиз вакилларининг иштироки хусусида бироз мулоҳаза юритсак.

Дастлаб, анжуманга тайёргарлик жараёнида вилоятимиз учун ажратилган ҳудуднинг умумий манзарасини ҳосил қилиш ҳақида келишиб олинди. Вилоят “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раҳбари Феруза Холмирзаева томонидан тайёрланган лойиҳа барчага маъқул келди.

— Лойиҳамизга кўра, Оқсарой мажмуаси ва Соҳибқирон бобомизнинг муаззам ҳайкалига олиб борадиган йўлак бўйлаб этнографик шаҳарчада воҳамизнинг ўтмиши, урф-одатлари, қадриятлари бутун бўй басти билан намоён бўлди, — дейди Феруза Холмирзаева. — Шаҳарчага рамзий девор орқали кирилади. Изчилликдаги олтита кичик устунлар уйғунлашиб, гўё ранг-баранг “Шашмақом” композициясини ҳосил этади. Ундаги ёрқин ранглар, нақшлар ва безаклар кишида байрамона кайфиятни уйғотади. Худди мана шундай кўтаринкилик билан Сурхондарё вилояти учун ажратилган майдончага қадам қўясиз.

Дарҳақиқат, шаҳарчага кираверишингиз билан гиламдўз ҳунармандларнинг дастгоҳда сержило гиламлар тўқиётганига кўзингиз тушади. Сўнг, кулолчилик, халқ амалий санъати вакиллари иши билан яқиндан танишасиз. Бойсуннинг жанда матоси ҳам йиғилганларни ўзига ром этиб, ундан тикилган либос ва буюмларнинг харидори кўпдан кўп бўлди. Вилоятлараро ташкил этилган миллий таомлар кўргазмасида ош, “Чўпонча” қовурма гўшт, тандир кабоблар тайёрланиб, сурхонча тол товоқларда дастурхонга тортилди. Жануб офтобида пишган сархил мевалар ва полиз маҳсулотларининг мазаси меҳмонлар томонидан алоҳида эътироф этилди. Ҳунарманд расталари ва ўтовларда намойиш этилган кўргазмалар хорижлик сайёҳларнинг воҳамиз маданиятига бўлган қизиқишини янада оширди. Шунингдек, шаҳарча бўйлаб Термиздаги Айритом ёдгорлигидан топилган чолғучи созандалар, Болаликтепа деворий суратлари каби ноёб экспонатларнинг нусхалари махсус лавҳаларда ўз ифодасини топди. Айвонларда бахшилар навбат билан термаю достонлар куйлашди. Чанқовузнинг сирли садоси ижро этилган фольклор қўшиқларга жўр бўлди. Фестиваль қатнашчилари ва меҳмонларни янада ўзига ром этган Сурхон ҳовлисида санъаткорларнинг чиқишларига ўрин берилди. Ҳовли манзараси катта тўй шукуҳини ёдга солиб турарди.

— Театримиз жамоаси билан Холиқ Хурсандов асари асосидаги “Аёл ҳақида қасида” мусиқали фольклор томошасини намойиш қилдик, — дейди вилоят мусиқали драма театри директори вазифасини бажарувчи Муяссар Қорақулова. — Шунингдек, вилоят мақом ансамбли, “Бойсун” фольклор-этнографик ва “Шалола” ашула ва рақс халқ ансамбллари ўз бадиий дастурлари, Сариосиё тумани “Дашнобод анори” фольклор-этнографик халқ ансамбли эса ўзлари тайёрлаб келган “Мунчоқ рақси” билан йиғилганларни хушнуд этди. Театримизда саҳналаштирилган “Шоҳ ва шоир” спектаклидан Амир Темур, “Алишер Навоий” спектаклидан Алишер Навоий, янги саҳналаштирилаётган “Ал Ҳаким ат Термизий” спектаклидан Термизий ҳамда “Алпомиш” спектаклидан Алпомиш ва Ойбарчин образлари ҳам кенг оммага намойиш этилди. Айниқса, Амир Темур монологи буюк аждодимизнинг орзусини томошабинлар қалбига олиб киргандек бўлди.

— Қўли гул ҳунармандларимизнинг ишларига хорижлик сайёҳларнинг қизиқиши жуда баланд бўлди, — дейди вилоят ҳунармандлар уюшмаси раҳбари Муҳайё Жўраева. — Кўргазмада гиламчилик, кулолчилик, каштачилик, дўппидўзлик ишлари уларни яратиш жараёнлари орқали кўрсатилиб, тайёр маҳсулотлар савдо расталаримизга қўйилди. Қўл меҳнатининг жозибаси, ҳунармандларнинг маҳорати ҳар бир ишда акс этиб турарди. Бунда гилам тўқувчи Барно Муртазаева, Хадича Раҳимбердиева, Шаҳло Шаропова, кулоллар Рамшид Муродов, Шокир Чориев, миллий либос усталари Дилфуза Пирназарова, Иқлима Тошбоева, Ҳанифа Салимова, бош кийимлар муаллифи Назокат Собирова, зардўз Гулҳаё Шаропова, ҳунармандларимиз Мухтор Холмўминов, Раҳматулла Мўминов, Алишер Камоловлар иштирокини алоҳида тилга олмоқчиман. Кўргазма-ярмаркаларда, шунингдек, воҳамиз тарихига оид қадимий сўзана ва либослар, гиламлар, миллий чолғулар, сопол буюмлар намойиш этилиб, улар ҳақида маълумотлар берилди.

Вилоят жамоасининг бадиий дастурлари ҳудудда ўрнатилган катта экран орқали ҳам намойиш этиб борилди. Биз ҳам вилоятимиз вакилларини санъат байрамидаги фаол иштироки билан самимий муборакбод этамиз.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Нега Турон деб аталган?

Тарихий асарлар ва географияга оид манбаларда Турон, Туркистон, Туркистон губернаторлиги, Ўрта Осиё, Марказий Осиё каби …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan