Бош саҳифа / Таълим / Шаҳрисабз мақом ихлосмандларини чорлайди

Шаҳрисабз мақом ихлосмандларини чорлайди

Шарқ халқлари мусиқа маданиятининг ажралмас бўлаги ҳисобланган мақом санъати мана неча асрлар оша сайқалланиб, тингловчиларини ҳайратга солиб келади. Бу оҳангларда ўтмишнинг ўчмас садоси, ижрочиларнинг қалб тўлқинлари бутун жозибаси билан намоён бўлади.

Маълумки, Президентмизнинг 2017 йил 17 ноябрда “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мақом санъатининг истиқболи билан боғлиқ вазифаларни амалга ошириш белгиланганди. Ўтган давр мобайнида соҳага етук мутахассислар жалб этилган ҳолда мамлакат миқёсида кенг кўламдаги ишлар бажарилди. Хусусан, ҳудудларда “Мақом” ансамбллари ташкил этилиб, уларга маҳоратли ижрочилар жалб этилди. Таъкидлаш жоизки, вилоят ҳокимининг қарорига асосан ташкил этилган янги намунали мақом ансамбли ҳам ана шу саъй-ҳаракатларнинг ифодасидир.

— “Мақом” ансамблимизнинг 23 нафар иштирокчилари вилоятимиз туманларида ижод қилаётган маҳоратли ижрочилар орасидан танлов асосида саралаб олинди,— дейди ансамбль бадиий раҳбари Зариф Маҳмадалиев. — Улар орасида Эркин Хўжагелдиев, Амриддин Хидиров, Муҳайё Зафариддинова, Дилшода Аҳадова, Нарзулла Аҳадов сингари ёш, истеъдодли мақомчиларимиз бор. Қисқа вақт мобайнида репертуаримизни “Бузрук” мақомидан “Насруллоие I, II, III тароналари”, “Баногоҳ”, “Қадимий ушшоқ”, “Сарахбори оромижон” каби қўшиқлар билан бойитиб, ижроси устида ишлаяпмиз. Шаҳрисабзда ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжуманида биз учун ажратилган ҳудудда бу қадимий санъатмизни тингловчиларга намойиш қиламиз.

Дарҳақиқат, Шаҳрисабзда жорий йилнинг 6-10 сенябрь кунлари Халқаро мақом санъати анжумани бўлиб ўтади. Президентимизнинг “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, анжуман ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади. Унда вилоятимизнинг “Мақом” ансамбли ҳам ўз репертуарлари билан қатнашади. Фаолиятини бошлаётган ушбу ёш ижодий жамоа аъзолари учун бу анжуман катта мактаб вазифасини ўташи шубҳасиз. Негаки, ушбу нуфузли анжуманда юртимизнинг мақом усталари қаторида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан ҳам санъаткорларнинг иштирок этиши кутилмоқда. ЮНЕСКО шафелигидаги ушбу анжуман доирасида “Мақом мусиқа санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида илмий-амалий конференциянинг ўтказилиши ҳам режалаштирилган. Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой майдонида мақом санъатига оид турли кўргазмалар, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоб- лар, альбомлар, фотосуратлар намойиши бўлиб ўтади. Шаҳрисабзнинг Оқсарой майдонида мақом санъатига бағишланган музей ва миллий созлар лабораторияси ҳам ташкил этилади.

Айни пайтда уларнинг сотуви ҳам ташкиллаштирилади. Мазкур анжуманга ташриф буюрадиган хорижий меҳмонлар учун пойтахт Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилоятидаги меҳмонхона ва ов- қатланиш хизматлари учун 50 фоизлик чегирмаларнинг тақдим этилиши катта қулайликдир.

Барчангизни анжуман майдонларига чорлаб қоламиз.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳарбийлар-ёшлар даврасида

“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига асосан мамлакатимизда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE