Бош саҳифа / Сиёсат / Сенатор Японияда тақдимот ўтказди

Сенатор Японияда тақдимот ўтказди

Япониянинг Рисшо университетида “Буюк ипак йўли – тарих, археология ва санъат” мавзусида халқаро симпозиум ўтказилди.

Рисшо университети лойиҳаси асосида ташкил этилган ушбу нуфузли симпозиумда икки мамлакат университетларининг профессор ва тадқиқотчилари, илмий-академик доиралари вакиллари, хусусан, Ўзбекистоннинг Япониядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ғайрат Фозилов, Ўзбекистон Фанлар академияси вице президенти Баҳром Абдуҳалимов, тарих фанлари доктори, профессор Шокиржон Пидаев, тарих фанлари номзоди Баҳодир Тур- ғунов, Термиз давлат университети ректори, сенатор Абдуқодир Тош- қулов ҳамда ТерДУнинг Ўзбекистон тарихи кафедраси ўқитувчиси Зебо Алимардонова иштирок этди.

Симпозиумда шарқ ва ғарб цивилизациясини боғлаган Буюк ипак йўлининг шаклланиши ва ривожланиш босқичлари, ушбу қадимий йўл ҳудудида яшаган халқлар тарихи, археология, этнография ва санъатининг жаҳон маданий тараққиётида тутган ўрнига оид илмий-тадқиқот натижалари маъруза шаклида баён этилди.

А.Тошқулов ўз маърузаси орқали симпозиум иштирокчиларига вилоят ҳокимининг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказиб, бутун дунё аҳлини қизиқтириб келаётган Қоратепа, Фаёзтепа, Далварзинтепа, Кампиртепа ва Зартепа сингари қадимий будда маданияти ёдгорликларини замонавий сайёҳлик масканларига айлантириш, хорижликлар ва юртдошларимиз учун қатор қулайликлар яратиш мақсадида Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Шу асосда Япония матбуотида Термиз давлат университети, Сурхондарё вилоятининг бой тарихи, ўтмиши ва бугуни, сайёҳлик салоҳияти ҳақида кўплаб мақолалар чоп этилди.

Рисшо университети Япониядаги энг қадимги таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Унга 1872 йили асос солинган. Ушбу олий ўқув юрти 20 та факультетни, 15 та тадқиқот институти ва марказларни бирлаштирган. Университетда 12 минг нафар талаба таҳсил олади. У ерда хорижий мамлакатларда фаолият кўрсатадиган 40 та олий ўқув юрти билан ўзаро шериклик алоқалари йўлга қўйилган.

Халқаро симпозиум доирасида Термиз давлат университети ректори ҳамда Рисшо университети президенти Нобуро Саито ўртасида ўтказилган мулоқотда 2019 йилнинг баҳорида Термизда йирик илмий конференция ўтказиш, археология йўналишида қўшма факультетни ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар алмашинувини амалга ошириш бўйича истиқболли келишувларга эришилди.

Кунчиқар мамлакатга илмий сафари чоғида мамлакатимиз вакиллари Соко ва Нагоя университетларида ҳам бўлишиб, ҳамкорликда илмий ва таълим лойиҳаларини амалга ошириш ва ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича тажриба алмашишди.

ВИЛОЯТ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сайловнинг молиялаштириш тизимини бузганга қандай жавобгарлик бор?

Конституциямизда фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, миллий сайлов тизимининг асослари белгилаб қўйилган. Бу қоида ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan