Сеҳрли хирмон

Қишлоқ бошида, дарё томон кетадиган йўл ёқасидаги тепаликда кенг хирмонжой кўзга ташланади. Унда ён-атрофдаги далалардан ўрилган буғдой боғлари чиғаналарда (чана) ташилиб, ғарам қилинган. Жуда катта, баланд-баланд ғарамлар. Қишлоқнинг тўрт томонидан ҳам кўриниб туради.

Чиғана … уни юки билан бўйнига бўйинтуруқ босилган икки ҳўкиз бемалол тортади. Ҳар чиғанага йигирма беш-ўттиз боғ буғдой босилади. Чиғаналарнинг икки томондаги олди қўчқорнинг шохидай қайтиб турган чўпи қўчқороғи тоғ арчаси ёки тол дарахти танасидан йўнилади. Чиғана тўртбурчак шаклида бўлиб, ҳар бурчагида икки метр келадиган хода-поялар тик туради. Унинг таги ясси, силлиқ. Пайкалда, худди қорда сийпанган чанадай, ҳўкизлар изидан енгил кетаверади. Бундай чиғаналарни уста Зиёдиллонинг бобою бобокалонлари ясаб келган… Уста Зиёдилло ҳам оталаридан ўрганиб то қишлоққа техника кириб келгунича ва кейин ҳам қишлоқ деҳқонларига чиғана ясаб берган ва ўзи ҳам чиғана тортган…

Қишлоқнинг эркагу аёллари тўпланиб, ҳафталаб ўрган буғдой пайкалдан ташиб хирмон қилингач, галагов бошланади. Беш-олти ҳўкиз бир-бири билан бўйнидан қатор боғланиб, хирмонжойга ёйиб ташланган буғдой боғлари устига ҳайдалади, айлантирилади. Соатлаб, тунлар, кунлар… Баъзан тонггача хирмонжойдан ой ёруғида деҳқоннинг гоҳ қувноқ, гоҳ ғамгин қўшиғи далаларга, сойларга, қишлоқ гузарларига таралади…

Майда-ё, майда…
Темир туёғим, ҳайда…
Қалқон қулоғим, ҳайда…
Майда-ё, майда,
Ҳайда-ё, ҳайда…

Хирмон қўшиғидан ҳўкизлар ҳам қувват оладими, ғарамдан ташланган боғларни ғирчиллатиб, синдириб, майдалаб олға итилишади. Улар бир жойда айланаётганини билмайди. Манзилларига қачон етишни ҳам ўйламайди. Фақат дунё каби айлангани айланган. Уларнинг изидан қўлида говрон тутган хирмончи ҳам тинмай айланар, баъзан-баъзан майда айтиб юборар, бу қўшиқдан ўзининг ҳам ҳўкизларининг ҳам чарчоғи ёзилгандай бўларди. Унинг қўлидаги говрон-ингичка узун ирғай хипчин, агар бирор зарурат туғилиб, ҳаракат қилмаса, умуман ишламасди. Чунончи, ҳўкизлар то ҳулкар юлдузлари хирмонжой устига тик келмагунича уларга ҳам, деҳқонга ҳам тиним йўқлигини билишар, шунга кўникиб қолишганди. Агар ҳали хирмон янчишга ўрганмаган бирор жувонани галаговга қўшиш лозим бўлиб қолса, деҳқон уни “тажрибали” ҳўкизлар орасига тиқиб боғлар, натижада ўртага қолган жувона шўхлик қилолмас, хирмондан чиқиб кетолмас, ёнидаги “ака”ларига қараб оёқ босар, туёғи остида бошоқлар ситилиб, уларнинг орасидан олтиндек жавдар тўкиларди.

Майда-ё, майда…
Майда қилгин уватиб,
майда-ё-майда
Сенсан менинг қувватим,
майда-ё-майда…

“Ҳа, жониворлар-а, ғайратингга балли!” Деҳқоннинг қичқириғи ҳам ҳўкизларга далда берарди.

Хирмонжойдан сал нарида, ғарамлар ёнидаги қамиш чайлада етти-саккиз ёшлардаги болакай эски, тирсакларининг пахтаси чиққан тўнига ўраниб ухлаб ётар, тоғаснинг маҳзун қўшиғи уни худди алладек ширин уйқуга элтганди. Бу тоғанинг бемаҳал оламдан ўтган опасидан қолган етим бола эди.

Жиян, ҳов жиян, деган овоздан бола уйғониб кетди, – сен ҳам озгина галагов ҳайда. Мен дам олай.

Майли, -деди болакай ва чанг қўллари билан кўзларини уқалаб, хирмон томон юриб келди.

Говронни ол.

Тоға чайлага эгилиб кириб, кўзадан косага озроқ сув қуйди-да, уни чайиб ташлаб, сўнг тўйиб яхдай Қиличбулоқ сувидан ичди

Худога шукур, деди у, косани дастурхон устига тўнтариб қўяркан.

Нафасини ростлаган тоға чайладан чиқиб, ғарамга қадалган шохани олди. Ҳўкизлар туёғи ёйиб ташлаган, синган, майдаланган пояларни хирмоннинг атрофидан йиғиб ўртага, ҳўкизлар оёғи остига ташлай бошлади.

Жияни ҳўкизлар изидан жимгина қўлида говрон билан айланарди.

Ухлаб қолма, тағин, огоҳлантирди уни тоға, ҳўкизлар босиб кетади…

Ҳозиргина ухлаб олдим-ку, йиқилмайман. Чу, жониворлар! ҳўкизларга далда берди болакай тоғасига тақлид қилиб…

Мана, Ҳулкар юлдузлар тўдаси ҳам хирмон тепасига етиб келди. Тоға ҳўкизларни ечиб, уларни шу яқин орадаги сойга ҳайдади. Суғориб қайтгач, уларни шохларидан қозиққа боғлаб, майдаланган, буғдой аралаш сомондан ҳар бирининг олдига алоҳида-алоҳида тўкиб чиқди…

Тоға-жиян дастурхондаги қотган-қутган нон бурдаларини косадаги сувга ивитиб, майизлардан еб, нонушта қилган бўлишди. Эски, питиғи чиққан шолчаларни ҳўкизлар майдалаган қўр-сомонга тўшаб, устиларига тўнларини тортиб осмонга, юлдузларга тикилиб ётишди. Аммо қорин яхши тўймагани учунми, ҳадеганда уйқу келавермади.

Чарчадингми бугун? сўради тоға.

Унчамас. Озроқ.

 Бўлмаса, ухла.

Уйқум келмаяпти-да…

Биласанми, қадимда бу хирмонжой кимники бўлган?

Йўқ…

Қози бобоники. Кароматли хирмонжой. Одамлар шундай дейишади.

У кимнинг бобоси, тоға?

Аниғини ҳеч ким билмайди. Шу қишлоқ одамларининг энг катта бобоси бўлган. Қаерда, қачон қозилик қилган? Ҳеч ким айта олмайди. Дарёга тушиб кетадиган йўл бошида катта ўтов айланасидай тош ётибди. Кўргансан-а. Шунинг номини Қозининг тоши, дейдилар.

Ҳа-а.

Унинг бир чети ёрилган. Бунинг ҳам сабаби бор. Шу қишлоқдан бир киши белбоғини тўшаб унинг устида пешин намозини ўқипти-да, унинг жуда қулайлигини кўриб, мақтабди: “Зўр тош экан-да!”, депти у белбоғини белига боғларкан. Шу заҳоти бир нарса қарс этиб кетибди. Бурилиб қарсаки, тошнинг у намоз ўқиган чети тарса ёрилиб кетган экан.

Нимага?

Кўзи теккан. У одамнинг кўзи ёмон бўлган экан…У нимани мақтаса ёки ёмон кўрса, ўша нарса шикастланган…

Менинг ҳам кўзим, каттарсам, шундай зўр бўладими, тоға?

Буни худо билади. Сенга бу нимага керак?

Ёмон одамларга кўзим тегиб, шикаст етказишим учун керак.

Сен кўпам ўйлайверма. Ёмон одамларнинг жазосини бергувчи Худо бор тепамизда…

Нега бўлмаса Шоқол бургад1 , Сават кал юрипти. Худо уларни урмайди?

Улар сенга нима ёмонлик қилди?

Шоқол бобо онамни қишлоқ аёллари билан Бодиҳавога пахтага ҳайдаётганида, Сартахтагача изидан йиғлаб боргандим. Уйда иккинчи синф да ўқийдиган опам, мен, укам қолгандик…Уйимизда нон ҳам, ун ҳам қолмаганди. Онам бургадга кўп ялиндилар “Гўдакларим оч-наҳор, уларга қарайдиган кишим йўқ, мени шу навбат пахтадан қолдир”, деб. У кўнмади. Эгилиб, мени кўпкаридаги улоқдай ердан кўтариб олиб, эгарига кўндаланг ётқизиб, яланғоч баданимга қамчиси билан роса урганди. Кейин уйимиз олдида отининг устидан тупроққа ташлаб юборганди.

Сават кал-чи?

Унда ҳали мактабга бормасдим. Бир кўйлакда юрардим. Сават кал бир куни қишлоқдаги мачит олдида нега менинг ўғлимни урдинг, деб калламга муштлади, мўккиси билан тепди. Мен тупроққа йиқилиб, ҳушимдан кетиб қолдим. Отам бўлганларида эди-ку…

 Тоғаси бола жимгина йиғлаётганини сезди. Унинг ҳам кўнгли бузилиб кетди. Қўли билан жиянининг бошини силади:

Хафа бўлма. Улар худодан топади. Мени ҳам айтди дерсан. Ўтказган жабрлари учун бир куни келиб жавоб беради… Қўй, эслама буларни, ҳали катта бўласан…Бари унутилади…Энди ухла…

Яна бирор нарса айтиб беринг, тоға. Барибир уйқум келмаяпти… Бу хирмонжойнинг каромати бор дедингиз-ку…

Ҳа, айтгандай… ҳақиқатданам сирли жой. Ҳар йили шу ерда янчилган ғалладан кўп ҳосил кўтарилади. Бунга дуо кетган, дейишади. Бир замонлар қишлоқнинг бошқа далаларида ғалланинг шашти бўлмаган. Одамлар энди нима қиламиз? Бу йил нонсиз қоламизми, деб ўкинган. Шунда Қози бобо уларни тинчитиб: “Қўрқманглар, ҳали янчиб олинмаган хирмонларимиз бор, яратгандан ноумид бўлманглар”, депти.

Ўшанда ҳали мана шу хирмонжойда буғдой ғарамлари янчилмай турган экан. Ҳамманинг умиди шу хирмонда бўлибди. Уни янчибдилар. Сўнг “Ҳайдар” ғалла совуриш қўшиғини айтиб, панжшохалар билан буғдой ва сомон аралаш хирмонни бир бошдан, шамолнинг ўнгини олиб, юқорига ота бошлабдилар…

У қандай қўшиқ, тоға!

Эшит бўлмаса.

Ҳайдар-о, шамолингни, ҳайда-ё..

Хирмонимни совурай,
Элу халқни тўйдирай,
Сенга ҳам кафсан берай….
Ҳайдар-о, шамолингни, ҳайда-ё..

-Тоға, кафсан нима?

Улуш, ўша шамолни ҳайдаган, буғдойни совуришга ёрдам берган Ҳайдарнинг ҳақи.

Ҳайдар деган одам ҳам бўлганми, ўша пайтлар?

Ҳозир ҳам бор-ку. Уларнинг исми ҳам ана шу қўшиқдан олиб қўйилган.

Қизиқ…

Энг қизиғи энди, жиян. Қози бобонинг хирмонини янчиб, совура бошлабдилар. Ҳўкизлар туёғидан чиққан сомон ва буғдой аралаш нарса-қўрни совурган сари сомони ажралиб, тилларанг буғдой хирмонжойда тошиб кетаверибди. Ғалланинг тайёр бўлган қисмини қопларга солиб, уловларга ортиб олиб кетаверишибди, бу ёғини совураверишибди…Қип-қизил ақиқдай буғдой совургич панжшохалар орасидан, кураклардан шовуллаб тўкилиб, хирмоннинг четига чиқиб, тошаверибди…Ташиб улгура олишмабди. Кейин Қози бобо кафтлари билан хуш бўй таратаётган буғдойни четдан хирмон томон сурибдилар:

Бас… бас..

Шундан сўнг ғалла оқими тўхтабди. Ўша йили мана шу хирмонжойдан кўтарилган ҳосил одамларни очарчиликдан қутқариб қолган экан. Жиян, эшитаяпсанми?

Бола жавоб бермади. У илиқ хирмон устида маза қилиб ухлар, тушида отаси мачит ёнидаги тупроқ кўчада иккита ёвуз махлуқни заранг таёқ билан аёвсиз саваларди…

Бозор Илёс ал-Амин

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хирмон тўлиб тўкилди дон…

Воҳамиз ғаллакорлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ошириб бажаришди. Қабул масканларига бугунгача 289,9 минг ўрнига …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE