Бош саҳифа / Маданият / Сеҳрли диёр шодиёналари

Сеҳрли диёр шодиёналари

Кўҳна ва қадимий Термиз шаҳрига бутун дунёдан ташриф буюрган бахшию оқинлар, санъаткорлар, халқ амалий санъати намояндалари ўзларининг бетакрор ижоди билан воҳамиз аҳли ва меҳмонларга хуш кайфият улашдилар.

Жумладан, I Халқаро бахшичилик санъати фестивалига Андижон вилоятидан ҳам 92 нафар иштирокчи ташриф буюрганди. Фестиваль кунлари доирасида Андижон вилояти ҳунармандлар уюшмаси қошидаги кулолчилик, қўғирчоқчилик, Шаҳрихон пичоқчилик, хаттотлик ҳамда миллий кийим тўқувчилари томонидан кўргазма ҳамда томошалар намойиш этилмоқда.

Айниқса, Андижон вилояти “Бедана”, “Зилол”, “Гавҳар”,“Ёр-ёр”кабифольклор-этнографик жамоаларининг “Халала-хўп”, “Омонёр”, “Овсинлар”, “Бедана” ҳамда Андижон давлат филармониясининг бадиий чиқишлари, шунингдек, «Мадамин дорбоз” халқ жамоасининг “Дор устида от ўйини”, “Масхарабозлар чиқиши”, Қўғирчоқ театринингўзбек халқ эртаклари асосида тайёрланган “Саёҳат” мусиқали концерт дастури ва миллий қўғирчоқлар томошаси барчада қизиқиш уйғотмоқда.

— Илк маротаба нишонланаётган ушбу тадбирда биз — андижонликлар водийга хос халқ оғзаки ижоди ва амалий санъати, урф-одатлар, ҳунармандчилик, дорбозлик, ошпазликнинг сир-асрорларини намойиш этаяпмиз, — дейди Андижон вилоят маданият бошқармаси етакчи мутахассиси Шоҳжаҳон Холбеков.

Фестивалнинг яна бир иштирокчиси Аҳаджон Йўлдошев ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:

 — Ушбу фестивалнинг ташкил этилганлиги нур устига нур бўлди. Биз Андижон туманидаги Бўтақора қишлоғида оилавий тикувчилик цехини йўлга қўйганмиз. Мен ушбу фестивалга ўзим ўйлаб топган инновацион ғоялар асосидаги жойнамоз, матодан тикилган бозорбоп халта ва яна кўплаб меҳнатимиз маҳсулини намойиш қилмоқдаман.

Ростдан ҳам А. Йўлдошевнинг буюмлари орасидаги ҳамён кўринишидаги жойнамоз ва мато халта эътиборни тортади.

Андижон вилоятига ажратилган майдонни айланаркансиз, водийга хос урф-одат ва анъаналар, ҳунармандчилик буюмлари, турли хил декорацияларда ифодаланган қадимий осори-атиқаларга гувоҳ бўласиз. Чиройли қилиб безатилган катта саҳнанинг кунботар тарафида марҳум шоир Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўзловчи, шоирнинг рамзий боғига дуч келасиз. Хиёбонда баногоҳ ҳазрат Мирзо Бобурни учратдик. “Бобурнома”нинг йирик нусхаси жозибаси ташриф буюрганларда қизиқиш уйғотмоқда. Сўнгги йилларда нафақат Андижонда, балки бутун Ўзбекистонда ном қозонган “Чўнтак чойхонаси”нинг майдонда қад ростлаганлиги гўёки водий ҳаётининг бир парчасини ўзида акс эттиргандек. Айниқса, “Андижон полькаси”ни тинглаганда, рақсга тушмайдиган ўзбекистонлик бўлмаса керак.

Тинч элга байрамлар ярашади, дейишади. Не бахт ки, бугун Термизийлар, Алпомишлар юртида улкан шодиёна. Бахшию оқинлар, жировлар, борингки, жамики ўзбек ва хориж халқ оғзаки ижоди дурдоналари, фольклор санъати кишиларга завқ-шавқ бахш этмоқда.

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Нега Турон деб аталган?

Тарихий асарлар ва географияга оид манбаларда Турон, Туркистон, Туркистон губернаторлиги, Ўрта Осиё, Марказий Осиё каби …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE