Бош саҳифа / Таълим / Сеҳрли бармоқлар

Сеҳрли бармоқлар

Термиз шаҳридаги 1-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида истеъдодли ёшларимиз таҳсил олаётгани ҳақида кўп эшитгандик. Мактаб фаолияти билан яқиндан танишиш асносида шунга гувоҳ бўлдик. Муҳташам бинога кириб борар экансиз, намойишга қўйилган суратлар, амалий санъат намуналарию ҳайкалтарошлик намуналари дилингизни равшан этади. Буларнинг барчаси мана шу даргоҳда таҳсил олаётган болалар ижодининг маҳсули эканлигини ҳис этасиз. Ажойиб! Ана шу онда ичкаридан мусиқа созларидан таралаётган куйлар қулоғингизга чалинади. Бу сеҳрли наволарда ҳам болалар юрагининг тўлқинлари, мавжлари сезилади.

Мактабда машғулотлар ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларида махсус жадвал асосида ташкил этилади. Ҳар бир ўқувчига алоҳида мураббийларга бириктирилиб, сабоқлар ҳам индивидуал тарзда олиб борилади. Фортепиано синфидаги машғулот хонасидамиз. Тажрибали устоз Раъно Арифбаева ўқувчилиларига  мусиқий асарлардан бирини ўргатмоқда.

— Мусиқа орқали инсон қалбини тушуниш, англаш мумкин,— дейди Раъно опа. — Илк сабоқлардаёқ боларимизга шуни тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Чалинаётган куйда ижрочининг ҳам ўз кечинмалари уйғун бўлиши мумкин. Асарни танлаш ва уни ижро этиш кўникмасига эга бўлишида мураббийнинг ўрни алоҳидадир.

Рухшона Орзиқулова мактабнинг умидли ёшларидан бири. У фортепиано бўлимининг 4-синфида ўқийди. Рухшонанинг мусиқага қизиқишига онаси сабабчи бўлганди. Ўшанда саккиз ёшли қизалоқни устози ижро қилган куй мафтун этган ва мактаб сабоқларига  одатланганди.

— Бармоқларим “ля” нотасига текканда борлиғимда ўзгача жаранг бергандек бўлади,— дейди Рухшона. — Мусиқада сеҳр бордек гўё. Устозимдан  биринчи ўрганган куйим Чайковскийнинг “Қўғирчоқлар касали” номли асари эди. Жуда таъсирли асар. Ҳозир ўзбек композиторларининг куйларини машқ қилилаяпман. Бир сирни айтсам, ўзим икки йил аввал куй яратгандим. Аммо унга ном қўйганимча йўқ. Келгусида кўпроқ куйлар яратиб, мамлакатимиз  ва хориж саҳналарида ижро этишни истайман.

Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган мактаб интернатининг физика-математика йўналиши 6-синфида ўқиётган Рухшонанинг санъатга бўлган қизиқиши ниҳоятда баланд. Орзулари ҳам бир олам. Мактаб ва шаҳар миқёсидаги “Бармоқлар сеҳри”, “Кўнгиллар полифонияси” каби танловларда фаол иштирок этиб,  совринли ўринларни эгаллаб келяпти. Рухшонанинг парвозлари янада юксак бўлишига умид қиламиз.

Баҳром
НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Ёш журналистлар” тўгараги

Иқтидорли ёшлар ҳар бир мактаб, коллеж ва олийгоҳда кўп. Ёшларнинг иқтидорини янада юксалтириш, талаб ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE