Бош саҳифа / Сиёсат / Сайловнинг молиялаштириш тизимини бузганга қандай жавобгарлик бор?

Сайловнинг молиялаштириш тизимини бузганга қандай жавобгарлик бор?

Конституциямизда фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, миллий сайлов тизимининг асослари белгилаб қўйилган. Бу қоида ва меъёрлар асосини эса Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пакт ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган ва умумэътироф этилган демократик принциплар ташкил қилади.

Шунингдек, бу принциплар қаторига, жумладан, қонунийлик, ошкоралик ва адолат тамойиллари ҳам киради. Шу асосда мамлакатимизда сайловда иштирок этувчи ҳар бир шахснинг сайлов жараёнларидаги фаолияти билан боғлиқ асосий тартиб-қоидалар, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг ҳимоясини таъ­мин­лаш­ бўйича қонуний кафолатлар миллий қонунларимизда батафсил белгилаб берилган.

Шу ўринда сайловда иштирок этувчи шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда, кимга ёки қаерга мурожаат этиши лозим, де­ган савол туғилиши табиий. Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, амалдаги қонунларимизда сайлов комиссиялари қарорлари ва уларнинг хатти-ҳаракатлари устидан қоида тариқасида юқори сайлов комиссиясига ёки судга мурожаат қи­лиш ҳуқуқи кафолатланган. Қайд этиш жоизки, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқ­лари кафолатларини судларнинг мустақиллигисиз тасаввур қи­либ бўлмайди.

Шу маънода Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш биз учун энг устувор вазифадир.

Айниқса, суд бирор-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўй­маслик шарт. Шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим.

Ҳақиқатан ҳам, фақат амалда тўлиқ мустақил бўлган суд адолатли, асосли ва қонуний қа­рорлар қабул қилади. Қонуний қарор эса, жамиятимизда адолат тамойилларини таъминлашда ўта муҳим ўрин тутади.

Шу маънода айтганда, жамиятимизда барча масалалар, хусусан, манфаатдор шахс сайлов комиссиялари қа­рорлари устидан юқори сайлов комиссиясига мурожаат қилмасдан, тўғридан-тўғри суд­га мурожаат қи­лиш ҳам мумкин. Бунда юқори сайлов комиссия­сига мурожаат қилмаганлиги ҳолати манфаатдор шахснинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқига тўсқинлик қилмайди.

Сайлов кодекси талабига кўра, Қорақалпо­ғис­тон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, тегишли вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий Кенгашларининг Сенат аъзолари сайлови бўйича қўшма мажлислар, шунингдек, Марказий сайлов комиссияси қарорлари устидан тўғ­ридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилинади. Чунки улар энг юқори инстанция ҳи­­соб­ланиб, қабул қилган қарорларининг қонунийлигига баҳо берувчи юқори сайлов комиссияси мавжуд эмас.

Депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари, депутатликка номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан ке­йин ўн кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин. Сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоятлар қои­да тариқасида жавобгар жойлашган жойдаги маъмурий судларга берилади.

Қўшма мажлислар, шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилинади.

Албатта, амалдаги қонунларимизда судлар томонидан бундай шикоятларнинг кўриб чиқиш тартиби ва муддати аниқ белгилаб қўйилган. Яъни судлар бундай шикоятларни шикоят келиб тушганидан сўнг уч кун ичида, сайловга камида олти кун қолганида эса, дар­ҳ­ол кўриб чиқади.

Масалан, сайловчи — сайловчилар рўйхатидаги хато ёки ноаниқликни ту­затиш ҳақидаги мурожаатини 24 соат ичида кўриб чиқмаслик ёки асоссиз рад этиш, сайловчилар рўйхатига киритилмаганлик, нотўғри киритилганлик ёки рўйхатдан чиқарилганлик, муддатидан олдин овоз бериш ҳу­қуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш ёки ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш ҳақидаги аризани кўриб чиқмаганлик ёхуд рад этганлик каби ҳолатлар юзасидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Шу ўринда амалдаги қонун талабларига эътибор қаратсак, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-модда 4-қисмига кўра, номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шу ўринда яна бир ҳолатга эътибор қаратиш жоиз. Яъни сайлов жараёнида номзодлар, сиёсий партияларнинг обрў-эътиборини тўкиш учун атай ёлғон маълумотларни тарқатиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Қонунчилигимизда ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарлик учун ҳам жавобгарлик кўзда тутилган. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғ­рисидаги кодекснинг 51-модда 6-қисмида маз­кур тоифадаги ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод, сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа усуллар орқали тарқатиш — фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса, беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш маъмурий судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишга оид бошқа материаллар олинган кундан бошлаб бир сутка мобайнида кўриб чиқилади.

Сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасига мувофиқ туман (шаҳар) маъмурий судлари томонидан кўриб чиқилади.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 30-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комис­сия­си хатти-ҳаракатлари ё қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги ишларни Ўзбекистон Республикаси Олий суди би­ринчи инстанция суди сифатида кў­риб чиқади.

Сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қилинган шикоятлар аризачи, тегишли сайлов комиссияси вакили, прокурор, агар шикоят аризачига эмас, балки бошқа фуқарога дахлдор бўлса, ўша шахсни чақирган ҳолда, унинг иш­тирокида кўриб чиқилади. Бу шахс­ларнинг суд мажлисига келмаслиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Шу ўринда сайлов натижаларини ҳақиқий эмас, деб топишнинг оқибатлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қилинган шикоят қаноатлантирилган тақдирда, суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши билан дарҳол тегишли сайлов комиссиясига ва аризачига топширилади.

Айтиш керакки, Сайлов кодексида сайлов давомида йўл қўйилган, овоз бериш якунларига таъсир қилган қои­дабузарликлар сабабли сайлов умуман ёки айрим сайлов округлари бў­йича ёхуд айрим сайлов участкалари бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги белгиланган.

Қонунчилик палатасига сайловни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор Марказий сайлов комиссия­си томонидан қабул қилинади. Сайлов якунлари эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида ушбу қарор устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиш мумкин.

Маълумки, маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайловни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги қарор тегишли сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади. Бу қарор устидан, овоз бериш якунлари эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида судга шикоят қилиш мумкин.

Суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши билан дарҳол тегишли сайлов комиссиясига ва аризачига топширилади. Ушбу суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлган тараф шу суд орқа­ли юқори инстанцияга апелляция шикояти беришга, прокурор эса, апелляция протести келтиришга ҳақли.

Амалдаги қонунда сайлов ўтказиш жараёнига аралашганлик учун ҳам тегишли жавобгарлик белгилаб қўйилган. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-модда 2-қисмида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, худди шунингдек, уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтирганлик учун — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 51-модда 3-қисмига кўра, Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг қарорларини ижро этмаганлик, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий равишда рад этганлик ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузганлиги учун мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солинади.

Бундан ташқари, сайлов жараёнида номзод, ишончли вакил, кузатувчи ёки сиёсий партия ваколатли вакили ўзларининг ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобласа, бу борада тегишли сайлов комиссияси, Ички ишлар идоралари ва прокуратура органига мурожаат қилиши мумкин.

Агар юқорида қайд этилган шахсларнинг ҳуқуқлари, ҳақиқатан ҳам, бузилгани аниқланса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-4-моддасига белгилаб қўйилганидек, мансабдор шахсларга энг кам иш ҳа­қининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинади.

Қонунчиликда сайловни молиялаштириш тартибини бузганлик учун ҳам жавобгарлик назарда тутилган. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-8-моддасида сайловни молиялаштириш тартибини бузганлиги учун фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса, ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланган.

Сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатлар тегишли сайлов комиссия­лари томонидан тасдиқланмасдан уларни чоп этиш ёки эълон қилиш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади. Жамоат­чилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари тахминларини, шунингдек, сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этиш ва эъ­лон қи­лиш тартибини бузганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-9-моддасига кўра, мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақи­нинг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солинади.

Сайлов ўтказиш жараёнида содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар прокуратура органлари ва Ички ишлар идоралари томонидан расмийлаштирилади.

Ички ишлар ёки прокуратура ор­ганларига хабар келиб тушганидан кейин 24 соат ичида сайлов комиссия­си аъзолари ҳамда зарур бўлганда хабарни етказган шахс иштирокида ҳу­қуқ­бузарлик содир этилган жойнинг ўзида ҳуқуқбузарликда гумон қилинган шахснинг хатти-ҳаракатлари ўрганилади.

Шундан сўнг ўрганиш жараёнида тўпланган ҳужжатлар, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 282-моддасига мувофиқ, маъмурий ҳуқуқ­бузарлик тўғрисида баённома ёки қа­рор, бошқа ҳужжатлар ва иш бўйича ашёвий далиллар билан бирга ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланган пайтдан бошлаб, бир суткадан кечиктирмай маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш учун туман (шаҳар) маъмурий судига юборилади.

Юқорида қайд этилганлардан кўринадики, мамлакатимизда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи тўлиқ кафолатланган. Энг муҳими, қонунларимизда ўзининг теран ифодасини топган бу қои­далар халқаро сайлов стандартларига тўлиқ мос келади.

Э.ЮЛДОШЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг девонхона мудири ,

Ш.ҚОДИРОВ,

Жиноят ишлари бщйича Бойсун туман судининг девонхона мудири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Taksist YaTT sifatida faoliyat yuritishi mumkin

Prezidentimizning “Аvtomobil transportida yo‘lovchilar tashish faoliyatini tartibga solishni yanada soddalashtirish choratadbirlari to‘g‘risida”gi qarori qabul qilindi. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan