Бош саҳифа / Спорт / Савия сўзини айтди

Савия сўзини айтди

Маълумки, Англия, Испания, Германия, Голландия каби футбол юксак тараққий этган мамлакатларда клублар бир мавсумда 42-45 тадан ўйин ўтказишади. Бизда эса жами учрашувлар сони 30 тага ҳам етмайди.

Европа футболчилари маҳорати юксаклигининг бир сабаби ҳам шунда. Улар ўз жанговарликларини бутун мавсум давомида барқарор ушлаб туришади.

Бизнинг чемпионатда ўйинлар сони камлиги етмагандай, биринчи ва иккинчи давралар орасидаги таътил ҳам чўзилиб кетган. Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси ана шу етишмовчилик ўрнини тўлдириш, футболчилар маҳорати ва жанговарлигини барқарор ушлаб туриш мақсадида лига кубоги мусобақаларини ташкил этган эди. Унда ҳар бир жамоа учтадан ўйин ўтказиши белгиланганди.

Мамлакатимизнинг “Пахтакор”, “Локомотив”, “Бунёдкор” ва бошқа етакчи клублари лига мусобақаларининг аҳамиятини тушуниб, ҳар бир учрашувга масъулият билан ёндошиб, тўлиқ асосий таркибни майдонга туширган бир пайтда Термизнинг “Сурхон” клуби раҳбарияти “ақллилик қилиб”, мантиққа тескари иш тутиб, лига баҳсларига тажрибасиз, маҳорати паст ўринбосарларни туширди. Натижа ўзингизга маълум. “Динамо” (Самарқанд)га 0:5 ҳисобида ютқазилган бўлса, куни-кеча ўз майдонида ўтказилган баҳсда 1:5 ҳисобида мағлубият аламини тортди.Тўғри, дастлабки 15 дақиқада Убайдулла Холиқуловнинг 25 метрлар чамаси узоқликдан тепган тўпи гол бўлди.

Аммо мўъжиза рўй бермади. Иккинчи бўлимда 1-лига вакили Ғузорнинг “Шўртан” жамоаси футболчилари тезликни оширишди. Маҳорат, савия ўз сўзини айтди. “Сурхон” иккинчи бўлимда ўз дарвозасидан 5 та тўп ўтказиб юборди. Шу билан “Сурхон”нинг лига кубогидаги тақдири ҳал бўлди. Амалда мусобақалардан чиқиб кетди. Энди “Сўғдиёна” билан Жиззахда ўтказиладиган учрашув ҳеч нарсани ҳал қила олмайди.

Икки учрашувдаги 1:10 ҳисоби “Сурхон” мухлисларини қаттиқ ранжитди. Ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам клуб раҳбарияти йирик ҳисобдаги мағлубиятлардан тўғри хулоса чиқариб олармикан? Бунга ишонгимиз келмаяпти.

М.ЖУМАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мусобақалар олдидан

Жорий йилнинг 15-17 август кунлари Термиз шаҳрида “Ёшлик спорт жамоалари” Республика мусобақасининг ҳудудий саралаш босқичи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE