Бош саҳифа / Жамият / Сатрларда қайноқ ҳаёт акси

Сатрларда қайноқ ҳаёт акси

Таҳририятимизга келаётган хатларнинг салмоғи ҳам, савияси ҳам анча юқорилаган. Буни одамларимизнинг ҳаётга, атрофга нисбатан уйғоқлиги, жамиятда фаоллигидан, қолаверса, жўшқин кайфият акс этган мактубларидан сезиш мумкин. Ўтган икки ой мобайнида муштарийлардан 110 та ана шундай мактублар олдик. Уларнинг 5 таси шикоят хати бўлса, 6 таси ижод намуналаридир. Шулардан  52 таси газетамиз саҳифаларида чоп этилди. 

Муштарийларимиз орасида ёшларнинг кўплиги бизни қувонтирди. Масалан, Термиз давлат университети талабаси Фотимахон Боқиеванинг хатларида бугуннинг долзарб муаммолари ҳақида қимматли фикрлар, мулоҳазалар келтирилган. Муаллиф “Тараққиёт кушандалари” мақоласи орқали ўқувчига “Терроризм шундай йўлки, унга кирган одам қайтиб чиқа олмайди. Аслида ҳамманинг тақдири ўз қўлида. Уни биргина ҳаракат билан мазмунли ёки барбод қилиш мумкин. Ана шу ҳақиқатни англаган ҳолда биз ёшлар ватаним менга нима берди деб эмас, мен ватанимга нима бердим, дея яшашимиз лозим” дея уқтиришга уринади. Ёки Термиз банк коллежи ўқувчиси Зебинисо Эшпўлатованинг она ҳақидаги ҳароратли сатрлари кўнгилга ором беради. У хатида “Агар бу дунё зулмат бўлса, ундаги нур онадир. Агар дунё бир боғ бўлса, ундаги энг гўзал гул онадир. Илло бу гулдан жаннатий бўй тенгсиз гўзаллик балқиб туради” дея азиз ва мукаррам оналаримизга чиройли таъриф берган.

Бу гал турли таълим муассасаларида ёшларга зиё улашаётган ўқитувчиларимиз ҳам фаол. Улар орасида Термиз шаҳридан Комила Мирзаева, Т. Ҳамраев, Шўрчи туманидан Дилшода Рўзиева, Шеробод туманидан Турғун Парпиев каби ижодкор педагоглар бор. Мактубларда турли мавзуларда, хусусан, миллий чолғу асбоби сурнай, ўзбек тили ва унинг имкониятлари, Ўзбекистон ва Бирлашган миллатлар ташкилоти ўртасидаги алоқалар ҳақида сўз борган. Шунингдек, Гавҳар Махмудхонованинг мактубида келтирилган одам савдоси билан шуғулланаётган кимсаларнинг қилмишлари ҳақидаги мулоҳазалар кишини ҳамиша огоҳ бўлишга чорлайди.

Айниқса, вилоят ўлкашунослик музейи ходими Ф.Мингбаева ва Ҳ.Умбаровларнинг воҳамиздаги шифобахш ўсимликлар ҳақидаги мактубида фойдали маълумотлар келтирилган. Масалан, полиз экинлари орасида учрайдиган семиз ўт дамламаси буйрак ва жигар шамоллашини даволаши, ичак яраларида, қон тўхтатишда асқотиши ҳақида айтиб ўтилган.

Азиз муштарийлар, сиз жамиятнинг фаол иштирокчисимисиз? Унда маҳаллангиз, қишлоғингиз, жамоангиз ва оилангизда рўй бераётган воқеаодисалар ҳақида хабар йўлланг. Биз ҳеч бир хат ёки телефон орқали мурожаатингизни эътиборсиз қолдирмаймиз. Уларни, албатта жамоатчилик ҳукмига ҳавола этамиз. Шуни ёдда тутингки, сизнинг муносабатингиз ва фикрингиз бошқалар учун ибрат, яъни фойдали бўлиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ногиронлар – эътиборда

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларга сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, зарурий тиббий-ижтимоий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE