Бош саҳифа / Жамият / Сариосиёда байрам шукуҳи

Сариосиёда байрам шукуҳи

Энг улуғ, энг азиз байрам — Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги шодиёналари арафасида Сариосиё туманида қатор ижтимоий аҳамиятга эга бино ва иншоотларнинг тантанали очилиш маросимлари бўлиб ўтди.

Сариосиё туманида бугун 61 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият кўрсатади. Уларда хизмат қилаётган ходимлар ишининг самарадорлигини ошириш, қонунчилигимиздаги янгиликлардан хабардорлигини таъминлаш муҳим вазифалардан саналади. Қолаверса, соҳадаги ўзгаришлар билан танишиб, касбий малакаларини мунтазам ошириб бориши ҳам жуда зарурдир. Ушбу мақсадда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши учун алоҳида бинонинг қурилиши айни муддао бўлди. Мазкур маҳалла маркази икки қаватли бўлиб, 300 миллион сўм эвазига капитал таъмирланди. Бу ерда семинар ва видеоселекторлар ўтказишга мўлжалланган зал, мутахассислар ва аҳоли билан мулоқот ўтказиш учун хоналар мавжуд. Ҳар бир хона тегишли асбоб-ускуналар, жиҳозлар билан таъминланиб, интернет тизимига уланган.

— Туманимиз маҳаллаларида хизмат қилаётган ходимлар узоқ йиллардан буён шундай бинода, энг муҳими, бир жойда ишлашни орзу қиларди, — дейди Сариосиё туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раҳбари Хожиакбар Меликов. — Қисқа муддатда қурувчиларимиз бизга шундай бинони топширганидан хурсандмиз.

Бинонинг очилишида туман ҳокими А.Жўраев, вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раҳбари ўринбосари Р. Авазов ва бошқалар сўз олиб, маҳаллаларимизда тинчлик-осойишталик, ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитининг барқарор бўлишида ушбу бино беминнат хизмат қилишини таъкидладилар.

Шарғун шаҳарчасида замонавий қиёфа касб этган ҳудудий шифохонанинг очилиши ҳам катта тантанага айланди. Негаки, бир вақтлар ушбу муассаса вилоятдаги нуфузли шифо масканларидан бири бўлиб, кейинги йилларда у қаровсиз ҳолга келиб қолганди. Вилоят, туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар саъй-ҳаракати билан муассаса янгидан қад ростлади. Мазкур бинода шифохонанинг кардиология, хирургия ва реанимация бўлимлари учун зарур қулайликлар ҳамда барча маиший шарт-шароитлар яратилди. Яқин фурсатларда бўлимларни энг сўнгги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш кўзда тутилмоқда. Шундан сўнг, бу ерга шифо истаб келувчилар сони янада ортиши табиий. Малакали шифокорлар ва ҳамшираларнинг хизматидан аҳоли бугун ҳам бениҳоя миннатдор.

— Шарғун шаҳарчасида узоқ йиллар раҳбар бўлиб ишлаганман, — дейди меҳнат фахрийси Муҳаммади Муродуллаев. — Қаровсиз бўлиб қолган бино шундай гўзал кўриниш олганидан, унда оқ либосли шифокорларимиз эл хизматига шай туришларидан жуда қувонмоқдаман. Элга қилинган меҳнат ҳеч вақт зое кетмайди.

Шифохонанинг янгидан очилишида фахрийлар, туман фаоллари ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти иштирок этди. Туман ҳокими А.Жўраев бино қурувчилари раҳбари Худойназар Набиевга эҳтиром рамзи сифатида ўзбекона тўн совға қилиб, шифохона халқимизга туну кун хизмат қилишини билдирди.

Сариосиёга оқшом чўкди. Шундай бўлса-да, Шарғун маданият ва аҳоли дам олиш масканининг янги биноси очилишида иштирок этиш учун кўплаб юртдошларимиз тўпланишди. Тумандаги фольклор-этнографик жамоалари, истеъдодли ижрочилар жамланган ушбу гўшада эндиликда ёш иқтидор эгаларининг камол топиши учун ҳам муносиб шароитлар яратилди. Масканнинг очилишида сўз олган туман ҳокими А. Жўраев, туман фаоллари ва меҳмонлар санъатимиз ривожида шарғунликлар ҳам алоҳида ибрат кўрсатадилар, дея ишонч билдиришди. Шундан сўнг, маданият ва аҳоли дам олиш маскани санъаткорлари ижросида йиғилганларга байрамона дастур намойиш этилди.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE