Бош саҳифа / Жамият / Сариосиёдаги олис тоғли ҳудуд — “Чош”ликлар ҳаётидан ҳикоя

Сариосиёдаги олис тоғли ҳудуд — “Чош”ликлар ҳаётидан ҳикоя

Сариосиё туманининг олис тоғли ҳудудида жойлашган “Чош” маҳалласида 399 та хўжаликда 1610 нафар фуқаро истиқомат қилади. Ушбу маҳалла етти қишлоқдан иборат. Маҳаллада иккита мактаб қурилган бўлиб, қишлоқ болалари таҳсил олиши учун зарур шароитлар мужассам.

Вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг ўтган йилнинг январь ва май ойларида “Чош”га қилган ташрифидан сўнг, қисқа муддатда маҳаллада катта ўзгаришлар бўлди. Жумладан, “Чош” маҳалласидаги 7 та қишлоқ аҳолиси туман марказига қийинчиликлар билан йилнинг фақат 8 ойида хавфли довон йўли орқали  қатнаётганлигини айтиб, ҳокимга мурожаат қилишган эди. Туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ходимлари томонидан  уч ой давомида олиб борилган ишлар натижасида янги 15 километр йўл қурилиб аҳоли фойдаланиши учун топширилди. Бу ҳам бўлса қишлоқ аҳлининг туман марказига, қўшни қишлоқларга келиб кетиши, борди-келди қилишида, айниқса, бозор-ўчарга кенг имконият яратди. Қисқа қилиб айтганда, қишлоқда қурилган йўл тараққиётга олиб борадиган йўлакчака айланди. “Чош” маҳалласи раиси Содиқжон Фозиловнинг айтишига қараганда, бу йўл орқали фақат тўққиз ой давомида техникалар бемалол юра олади, аммо қор қалин ёққани сабабли қишда йўл беркилиб қолади. Уч ой давомида туман марказига бориш-келиш мушкул. Фақатгина зарурият юзасидан пиёда ёки эшакда ҳаракатланиш мумкин. Буни яхши биладиган қишлоқ аҳли қишлигини ёз-куз ойларида ғамлаб қўйишар экан.

— Қишлоғимиз одамлари асосан чорва, асаларичилик, боғ-роғнинг ортидан кун кечиради, — дейди маҳалла оқсоқоли Содиқжон Фозилов. — Йўқ деганида беш-олтиталаб қорамол, қўй-қўзиси бор. Маҳалламизда ўтган икки йил ичида катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Эндиликда қишлоқ аҳлига «Uzmobil» алоқа оператори хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилди. Ўтирган жойимизда ҳам республикамизнинг исталган нуқтаси билан боғланишимиз, алоқада бўлишимиз мумкин. Бунинг учун денгиз сатҳидан 2764 метр баландликда алоқа оператори антенаси ўрнатилди. Пастикалон қишлоғига янги трансформатор ҳам  ўрнатиб берилди. 1965 йилда қурилган 59-мактаб биноси қайтадан таъмирланди ва янги спорт зал қурилди. Ушбу спорт залда ёшларимиз тинимсиз машғулотлар олиб боришмоқда.

Ёш авлодга таълим-тарбия берадиган олий маълумотли кадрларимизкўп. Фақат инглиз тилини ўргатадиган мутахассис йўқ. Ҳар йили 10 дан ортиқ ёшларимиз олий таълим муассасаларига  ўқишга киришаяпти.

Ўзим ҳар куни одамларнинг ҳолидан хабар олиб тураман. Эшаккаминаманда, жонивор билан йўлга отланаман. Маҳалла аҳли ниҳоятда меҳнаткаш, танти, ҳамжиҳат. Қишлоқдаги қабристонни ҳам ҳашар йўли орқали тош билан ўрадик. Еттита қишлоқ ўртасига кўприк қурилди. Бу ердагилар шаҳар томонлардан, қўшни маҳаллалардан янги томорқа олиб, уй ҳам қуришаяпти. Қор босган пайтларда ўша томонларда яшаб қайтишади, ё бўлмаса ўғилларини уйлаб учирма қилишади.

Қишлоқ аҳлининг дарду ташвишларига ошно яшаётган, уларга янада қулайлик бўлишини истаётган маҳалла оқсоқолининг режалари бисёр. “Яна иккита кўприк қуришни режа қилганмиз. Маҳалладаги симёғочларни янгилаш, уларга ёритгичлар ўрнатишимиз керак. Зиёратгоҳларни обод қилишимиз лозим”, дейди оқсоқол. Унинг ва маҳалладагиларнинг энг катта орзуларидан бири қишлоққа Тўпаланг сув омбори томондан йўл олиб келиш. 35-40 километр йўл қурилса, чошликлар йилда ўн икки ой ҳаракатланишига, шаҳарга бориб-келишига имкон туғилади. Йўллар беркилиб қолмайди.

Айни пайтда маҳаллада тўрт нафар фелдьшер бор. Шулардан бири аёл. Шунда ҳам мен аёлман, деб ўтирмай эшакда бутун маҳалла аҳлининг соғлиги учун жон куйдириб, қишлоқларни айланиб чиқаркан бояқиш.

— Бизда қишлоқ врачлик пункти йўқлиги сабаб, фуқаролардан бири оғриб қолса, уни қўшни маҳалладаги энг яқин касалхонага 10-15 нафар забардаст йигитларимиз насилкада кўтариб оборишади, – дейди Содиқжон Фозилов.  – Бу йил маҳаллада қишлоқ врачлик пункти қурилади. Бу биз учун жуда катта янгилик бўларди.

Чошлик йигитлар баробарида қизларимиз ҳам аълочи, дея ғурурланган маҳалла раиси, айрим ота-оналарнинг уларни олий таълим олишига рухсат беришмаётганидан оғриниб қўяди. “Ахир улар ҳам олий маълумотли бўлишса, замонавий ҳаётга интилса, келажакда ўзларига фойдали бўларди. Ҳам оила тутумида, ҳам фарзанд тарбиясида, қолаверса, рўзғорнинг кам-кўстини бутлаш учун ҳам билим, тажриба ва албатта, моддият ҳам зарурда”.

“Чош”да пишган олмалару ўриклар бозоргирлиги билан ажралиб туради. Сўлим табиати ўзига чорлаб турадиган қишлоқда одамлар орасида бир-бирига бўлган ишонч, самимият ва оқибат кучли. Улар билан гаплашсангиз шукроналикни туясиз. Ҳеч нолиганини эшитмадим. Камчиликларини ҳам маромига етказиб айтадики, унинг муаммо эканлигини ҳам пайқамайсан киши. Ҳар гал бир келиб кетинглар қишлоғимизга, дея чорлаб турган қишлоқ аҳлининг меҳмондўстлигини ҳам илғаш қийин эмас.

Олис тоғли қишлоғида истиқомат қилаётган чошликлардан ҳам чемпионлар, ҳарбийлар чиқишаяпти. Ўтган йилнинг декабрида беш ёшли Саддам Содиқжонов спортнинг каратэ тури бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлди.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хатловдан ўтган 23 964 нафар аёл тақдирида ўзгариш борми?

Термиз шаҳрида 180 676 нафар аҳоли мавжуд бўлиб, шундан аёллар сони 88531 нафарни ташкил этади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan