Бош саҳифа / Жамият / Сариосиё – ислоҳотлар оғушида

Сариосиё – ислоҳотлар оғушида

Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан вилоятимизнинг энг чекка қишлоқларида ҳам аҳолининг замонавий тикув дастгоҳлари билан таъминланган корхоналарда фаолият олиб боришларига кенг имкониятлар яратилмоқда.

САНГАРДАКЛИКЛАР СЕВИНЧИ

 Ўзининг гўзал, бетакрор шаршаралари билан барчани лол қолдириб келаётган Сариосиё туманидаги Сангардак қишлоғи аҳолисининг яна бир янгиликдан севинчи чексиз. Сабаби, денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда жойлашган бу сўлим гўшада қад ростлаган «Сангардак чеварлари» тикувчилик корхонаси ва унда яратилган 500 нафардан ортиқ иш ўрни қишлоқ хотин-қизлари турмушини янада фаровонлаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

— Биз, ёшлар Президентимизнинг эътиборидан шодмиз. Ота-оналаримиз ҳам хурсандчилигимизга шерик. Қишлоғимиздаги янги тикув цехида фаолият юритиш бахтига муяссар бўлдик. Ишонсангиз, телевизорларда кўриб, шаҳар корхоналарида жўшқин меҳнат қилаётган тенгдошларимизга ҳавас қилардик. Бугун эса худди шундай орзумиздаги ишхонада ишлаш бахтига муяссар бўлдик. Қишлоғимизда туман марказларидан қолишмайдиган ижтимоий масканларнинг қад ростлаётганидан, албатта, қувонамиз, -дейди ёш тикувчилардан Ирода Набиева.

Янги корхонада бирдан иш бошлаб юборишнинг ўзи бўлмайди. Аммо, қишлоқ қизларининг иш ўрганишлари, замонавий тикув ва бошқа дастгоҳлардан унумли фойдаланишлари учун воҳамиздан ҳамда қўшни вилоятлардан тажрибали тикувчилар, шу соҳа усталари иш ўргатиш учун жалб қилинди. Бу ерда юзлаб ёшлар учун янги иш ўринлари яратилган бўлса, яна бир муҳим жиҳати Сангардак, Кенгузар, Нилу, Хўжаи Хубон, Боғча, Чайноқ, Тожик каби ўнлаб қишлоқ аҳолисининг энди тикув-бичув ишлари учун туман марказига боришларига ҳожат қолмайди. Ёш тикувчилардан яна бири Муҳаррам Тожиддинова 11-синфни битириб, севган касбитикувчилик билан айнан қишлоғида шуғулланиши учун имконият яратилганидан мамнун.

Тикув корхонасининг очилиш маросимида сўзга чиққан қишлоқ нуронийлари Юртбошимиз томонидан аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида олиб боралаётган изчил ислоҳотлар чекка-чекка ҳудудларда ҳам ўз самарасини бераётганидан тўлқинланиб гапиришди. Тадбирда таниқли шоир Эшқобил Шукур, юртимизнинг севимли хонандаси Маҳмуд Номозов ва туман маданият уйи ижодий ходимлари қишлоқ аҳолисини ўзларининг чиқишлари билан хушнуд этишди.

ШОДЛИКЛАРИГА ШОШИРГАН ШАРҒУН

Бугунги кунда туманнинг Шарғун шаҳарчасида ҳам катта бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида белгилаб берган устувор вазифалари ва бунёдкорлик ишларидан бири ҳам айнан Шарғун шаҳри аҳолисининг яшаш, ишлаш шароитини яхшилашга қаратилган эди. Айни пайтда “Обод марказ Давлат дастури” доирасида 23,4 км. ички йўлларни таъмирлаш ишлари якунига етмоқда. Қисқа вақт ичида бу ерда 2,3 км.га асфальт ётқизилган бўлса, 1250 метр бўлган пиёдалар йўлакчалари қурилиб, кенг кўчаларга тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Шунингдек, кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Табиий газ таъминоти тубдан яхшиланди. Биргина “Кончилар” маҳалласида газ тақсимлагич мосламаси янгидан ўрнатилган бўлса, “Феруз” маҳалласи ҳудудидаги 120 метр газ қувурлари янгисига алмаштирилди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 13,141 км. ичимлик суви қувурларини тортиш режалаштирилиб, бугунги кунда 97 фоизга уддаланган. Шаҳарда канализация тармоғи деярли яроқсиз аҳволга келиб қолганди. Бу қувурларни янгидан ётқизиш ишлари якунига етказилмоқда.

Шу куни шаҳарда янгидан очилган “Шахтёрлар хиёбони” ҳам одамлар билан гавжум бўлди.

— Шарғун шаҳринининг қайта тикланган жамолини кўриб, ниҳоятда хурсанд бўлдим, -дейди Шарғун шахта касаба уюшмаси раҳбари Ҳикматулло Яров. – Бу ўзгаришларни жорий йилнинг 30 март куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Шарғун кўмир конига қилган ташрифлари натижаси, десам адашмайман. Ушбу Ўзбекистонда ягона бўлган “Шахтёрлар хиёбони”нинг бунёд этилгани биз, шахтёрларга нисбатан чуқур ҳурмат ва меҳнатимизнинг эътирофи намунасидир.

Шунингдек, замонавий жиҳозлар билан таъминланган оилавий поликлиника, туман маданият уйи ва 8-сонли мактабгача таълим муассасалари биноларининг фойдаланишга топширилиш жараёнлари ҳам катта тадбирга айланиб кетди.

— 1972 йилдан буён таълим соҳасида ишладим. Нафақага чиққунимча 20 йил 8-сонли “Юлдузча” болалар боғчасида мудиралик қилдим. 50 йилдан буён капитал таъмирлаш ишлари бўлмаган бу бир қаватли бино умуман талабга жавоб бермасди. Айни пайтда янги қиёфа касб этган боғчани кўриб, кўз қувонади,-дейди Тамара Эргашева.

Аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида кўп қаватли биноларнинг капитал таъмирдан чиқарилишидан эса аҳоли янада мамнун. “Кончилар” маҳалласида яшовчи Мавлуда Ёрова ва Сайёра Алимбоеваларнинг таъкидлашича, шаҳарчада кўп қаватли уйларда яшаш шароити жуда оғир, ҳаддан ортиқ таъмирталаб аҳволда бўлган. Бир суткада 2-3 соат электр энергияси берилган, холос. Қишда эса уйларни иситиш имкони бўлмаган.

— Айниқса, ёзнинг жазирамасида кечки пайт болаларимизни уйимиз олдига сайрга олиб чиқмоқчи бўлсак, улар учун бирор-бир шароит йўқ эди. Мана, бугун хаёлимизга келмаган болалар ўйингоҳи, ички сув қувурлари, канализация тармоғи барпо этилиб, мушкулимиз осон бўлди,-дейди фуқаролар.

92 ёшни қаршилаган нуроний отахон Носирхон Тўрақулов мустақилликнинг илк кунларида туманда “Боғу бўстон” фермер хўжалигини минг машаққатлар билан ташкил этганини хотирлади.

— Мен уйимга боришим учун Шарғун шаҳрининг кўчаларидан ўтардим. Ота-боболаримиз қўним топган мозор аянчли аҳволда эди. Марҳумларнинг дафн маросимларига келган пайтимизда кўплаб ноқулайликлар, қабристондаги турли миллат вакилларига мансуб қабрларнинг ташландиқ ҳолга келиб қолганлиги кўнглимизни хира қиларди. Бугун 20 дан ортиқ миллат ва эллат вакиллари, 2 мингдан зиёд фуқаро мангу қўним топган бу биродарлик қабристонида катта ободонлаштириш, қурилиш ишлари амалга оширилди,-деб бугунги дориломон кунларга шукроналар айтиб, дуога қўл очади.

Биз ҳам ўз ўрнида вилоятимизнинг тобора нурафшон масканлардан бирига айланиб бораётган Сариосиё туманининг бугунги ҳаётбахш ислоҳотлар билан ҳамнафас янада кўркамлашишига, аҳолининг турмуш шароити янада барқарорлашишига тилакдош бўлиб қоламиз.

Алиёр Ражабов

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE