Бош саҳифа / Жамият / Сардорлар совға олишди

Сардорлар совға олишди

Вилоят ҳокими Тўра Боболов таълим, санъат, маданият, спорт каби йўналишларда юксак натижаларга эришиб келаётган йигит-қизлар ва муаммо ҳамда таклифлари бор уюшмаган ёшлар вакиллари билан учрашув ўтказганди.

Унда «Истеъдодли ёшлар» йўналиши сардори, Термиз шаҳридаги 3-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Азиза Қосимова ҳокимдан Ёшлар иттифоқи вилоят Сардорлар кенгаши хонасини зарур мебель ва ноутбук билан таъминлашда амалий ёрдам сўраганди.

Мулоқот давомида ёшлар томонидан ўртага ташланган муаммолар, таклиф ва ташаббуслар қаторида ушбу мурожаат ҳам ижобий ҳал этилди. Учрашувнинг эртасидаёқ Сардорлар кенгаши хонаси учун офис мебеллар тайёрлаш ишлари бошлаб юборилди.

Яқинда вилоят ҳокимлигида 10 нафар сардорнинг ҳар бирига биттадан энг сўнгги русумдаги ноутбук совға қилинди.

Т.Боболов воҳа ёшлари сардорларининг қизиқишлари, орзу-умидлари билан танишиб, келгусида ташаббускор, шижоатли, эл-юрт манфаати йўлида бор куч-ғайратини, билимини сафарбар этишга қодир йигит-қизлар бўлиб етишишларига тилаклар билдирди.

Ўз навбатида, сардорлар Президентимизнинг ёшларга кўрсатаётган улкан эътибори ва ғамхўрлигига жавобан янги марралар сари интилишга, ижтимоий фаоллиги, ижодий ҳамда интеллектуал қобилиятларини доимо ривожлантириб боришга ваъда беришди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, жорий йил май ойида Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган «Энг намунали Сардорлар кенгаши» республика танловида вилоятимиз Сардорлар кенгаши фахрли 3-ўринни эгаллаганди. Ёшларга ҳамиша омад ёр бўлишини тилаймиз.

Ўз мухбиримиз

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE