Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Саратонда сара ишлайлик

Саратонда сара ишлайлик

Пахтакорлар учун июль масъулиятли ва серташвиш ой. Мутахассисларнинг башоратига кўра, иссиқ ҳаво ҳарорати узоқ давом этиши кутилмоқда. Ғўза иссиқсевар ўсимлик бўлса ҳам ҳаво ҳарорати 35-36 даражага кўтарилганда физиологик жараёнлар секинлашади, фотосинтез ва биомасса ҳосил бўлиши жуда пасаяди, ўсимлик тургор ҳолатдан плазмолик — сўлиш ҳолатига ўтади.

Ҳозир ғўза гуллаш, кўсаклаш фазасида. Ўсимликда биомасса кўпайиб, фотосинтез жараёни кучайган. Озиқлантирилган далаларда ғўзанинг сувга талаби ошган. Ҳаво ҳароратининг кўтарилиб бориши, кучли шамолларнинг тез-тез такрорланиши ва гармсел шамолларининг бўлиб туриши туфайли ғўзанинг сувга бўлган талаби ошади.

Сув танқислиги сезилиб турган ҳозирги пайт да далани қорапушта қилиб суғориш шарт эмас. Тўпланган ҳосилнинг асосий қисмини сақлаб қолиш мақсадида эгат оралатиб суғориш, суғориш давомийлигини кўпи билан 18-24 соатдан оширмаслик, ҳар 60-80 метрда ўқариқлар олиш, тунги сувлашга алоҳида эътибор бериш тавсия этилади. Далаларни қорапушта қилиб суғориш ғўзанинг ғовлаб кетиши ва тўпланган ҳосилнинг кўп қисми тўкилиб кетишига олиб келади. Ҳосилни сақлаб қолиш учун суғоришдан сўнг дала етилиши билан қатор ораларига оби-тобида чуқур ишлов бериш талаб этилади.

Ғўзада шона, гул кўпаяётган ҳозирги пайт да культиватор ишчи органлари мато билан ўралган бўлиши, ишчи органлар сонини бироз камайтириб, қатор ораларига чуқурроқ ишлов бериш, тракторларни секин ҳайдаб, тўпланган ҳосилни сақлаб қолиш муҳимдир. Эрталаб эмас, балки ғўзада тургор ҳолат пасайган ва ҳаво ҳарорати кўтарилганда ишлов бериш мақсадга мувофиқ.

Ғўзани 10 июлдан кечиктирмай озиқлантириш тавсия этилади. Шарбат усулида суғориш мўл ҳосил етиштиришга хизмат қилади. Далага шарбат суви бир марта оқизилса, ҳосилдорлик 2-4 центнерга ва икки марта шарбат суви берилса, ҳосилдорлик камида 4-6 центнерга ортади. Шарбат суви ичган ғўзада макро ва микроэлементлар кўп тўпланади, тупроқда нам лик узоқ сақланади.

Ғовлаб ўсаётган ғўзаларга гуллаш фазасида 40-45 грамм ва кўсаклаш фазасида 90 грамм “Энтожеан” ишлатиш ҳосил элементларини сақлаб қолиш билан бирга, ўсимлик бўғинлар оралиғи қисқариши, барглар сатҳи камайиши, қалинлашиши ва дағаллашиши ҳисобига ҳашоратлар камроқ зарар етказишига сабаб бўлади.

Июль ойи давомида эрталабки ва кечки сал- қин пайтларда ғўзани суспензия қилиш, яъни баргидан карбамид, калий ва фосфорли ўғитлари билан озиқлантириш ўсимликнинг жазирама иссиқ ҳарорат ва гармсел шамолларга чидамлилиги, бардошлилигини оширади.

Бугун пахтазорда қандала, ўргимчаккана, кўсак қурти жуда кўп. Ғўза ва унинг ҳосилини зараркунандалардан ҳимоялаш учун биринчи навбатда биолабораторияларда фойдали ҳашоратларни кўпайтириш, ҳар гектар пахтазорга перемон тутқичлар қўйиш, шунингдек, мутахассислар тавсияси билан кимёвий чоралар қўллаш ва назоратни кучайтириш талаб қилинади.

Н. ОЧИЛДИЕВ,
пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш
агротехнологиялари илмий-тадқиқот
институти Сурхондарё илмий-тажриба
станцияси директори
М. ТОЖИЕВ,
лаборатория мудири, қишлоқ
хўжалик фанлари номзоди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

СОТИХИДАН БИР ТОННАГАЧА

Уй-жойи, томорқаси бор, тоғни урса толқон қиладиган йигитларнинг оиламни  боқаман, деган баҳона билан  хорижий мамлакатларда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan