Бош саҳифа / Жамият / Саодатли умр

Саодатли умр

Инсон бу дунёда ўз олдига эзгу мақсад қўйиш билан ҳаёт йўлини зийнатлайди. Ахир, халқимизда “Яхши ният – ярим давлат,” деб бежизга айтилмаган. Зеро ҳар ким ниятига қараб, бу дунёда ўз улушини олаверади. Илм излаган кишилар охир-оқибат зиёга, маърифатга ошно тутиниб, мурод-мақсадларига етадилар. Пировардида, эл-юртнинг олқишига сазовор бўлишади.

Узун туманида туғилиб, вояга етган Мастура опа ҳам ёшлигидан эзгуликни мақсад қилгани шубҳасиз. Яъни, мактабни тамомлаб, қайси соҳада ўқисам экан, деб ўйлаб ўтирмасдан, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг тарих факультетига ҳужжат топширди ва синов имтиҳонларини аъло баҳоларга топшириб, талаба деган номга сазовор бўлди. Олий билимгоҳда устозларидан илм сирларини пухта ўзлаштирди. Ўқишни битиргач, Узун туманидаги 4-умумий ўрта таълим мактабида иш бошлади. 16 йил мобайнида шу мактабда ёшларга тарих фанидан сабоқ берди. 1996 йилдан эътиборан 1-ихтисослаштирилган боғча-мактаб умумтаълим мажмуасида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, 2009-2011 йилларда “Янгирўзғор” МФЙ раиси, 8 йил Узун қишлоқ фуқаролар йиғини раиси ҳамда 6-ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ва қисқа муддат директорлик вазифаларида фаолият юритди. 2018 йилда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Узун туман бўлими раҳбарлигига тайинланди.

 — Мастура Маъмуржонова туманимиздаги 1-ихтисослаштирилган боғча-мактаб умумтаълим мажмуасида директор ўринбосари вазифасида ишлаган дамлардан бошлаб, билимдон устоз, фидойи ва ташаббускор мураббий сифатида одамларнинг ҳурматига сазовор бўлди. Шунингдек, элнинг суюкли ва муносиб фарзанди сифатида “Янгирўзғор” маҳалла раиси бўлиб ишлаганда ҳам шу элнинг дарду ташвиши билан яшади. Ўша йиллари Мастура опанинг шахсий ташаббуслари билан Жума Пирназаров номли жамоа хўжалигининг тарихий музейи қайта тикланди, — дейди Узун туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Д. Сафарова.

Мастура опа жамоат ишларидаги иштироки, ташкилотчилиги, эл ишончи сабаб, 1999 йилда вилоятда бўлиб ўтган “Фаол аёллар” кўрик-танловининг ғолиби бўлди.

2004 йилдан шу кунга қадар халқ депутатлари Узун туман Кенгаши депутати. Айни пайтда регламент ва депутатлик одоби доимий комиссияси раиси.

Бугунги кунда “Оила” маркази раҳбари сифатида тумандаги хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш, оилаларда соғлом муҳитни тарғиб қилишда ўз кучини аямаяпти. Жамиятдаги фаоллиги, жамоат ишларидаги фидойилиги сабаб, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 15, 20 ва 25 йиллиги кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

Айниқса, жорий йил Мастура опа учун муваффақият билан бошланди. Президентимизнинг фармонига кўра, 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тақдирланганлар орасида воҳадошимиз Мастура Маъмуржонова ҳам бор. Бугунги кунда Мастура опанинг кўксини “Дўстлик” ордени безаб турибди.

— Давлатимиз раҳбари томонидан “Дўстлик” орденига муносиб кўрилганлигимдан жуда ҳам мамнунман. Юртбошимиз томонидан билдирилган бу ишончни оқлашга, Ватанимга яна ҳам сидқидилдан хизмат қилишга ҳаракат қиламан. Ўйлайманки, бу нафақат менга, балки бутун Узун туман хотин-қизларига берилган мукофотдир, — дейди М. Маъмуржонова.

Х. ТОҒАЙМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сувга чўкишдан сақланинг!

Сўнгги вақтларда вилоятимиз ҳудудида фуқароларнинг, айниқса вояга етмаганларнинг сув ҳавзаларида чўкиб кетиши билан боғлиқ нохуш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE