Санъатга бахшида умр

0
58

Қадимдан театр ҳаёт мактаби сифатида эътироф этилган. У томошабин маънавиятини мустаҳкамлайди, ўтмиш ва бугун, азалий қадриятлар ҳақида сўзлайди, инсонни тарбиялайди.

Саҳна асарларининг ҳар томонлама мукаммал юзага келиши замирида изланувчан, юксак билим ва иқтидорга эга драматург, режиссёр ҳамда актёрларнинг меҳнати ётади.

М.Уйғур номидаги вилоят мусиқали драма театри бош режиссёри,  Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Мансур Равшанов умрини томошабин кутган, авлодларга ибрат бўладиган ана шундай саҳна асарларининг яратилишига, умуман, театр санъати ривожига бағишлаб келаётган фидойилардан.

Серқирра фаолияти давомида ўзбек ва жаҳон драматурглари асарлари асосида саҳналаштирилган кўплаб  спектакллари минглаб театр ихлосмандлари ва томошабинлар қалбидан жой эгаллаган Мансур Равшанов  қутлуғ 80 ёшни қаршилади.

Шу муносабат билан вилоятимиз ҳокими Эркинжон Турдимов таниқли режиссёрни таваллуд куни билан муборакбод этиш мақсадида у кишининг хонадонига ташриф буюрди. Донишмандлик фасли —  табаррук ёш билан қутлаб, ижодкорнинг ўзбек театр режиссёрлиги ривожи йўлидаги кўп йиллик самарали хизматларини эътироф этди. М.Равшановга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари билан бир қаторда, театрдаги жўшқин фаолиятига енгиллик яратиш мақсадида хизмат автомашинаси ҳам топширилди.

Ўз навбатида М.Равшанов Термиз шаҳрида янги Санъат саройининг қуриб фойдаланишга топширилиши юртимизда театр санъатига қаратилаётган юксак эътибор намунаси бўлганлиги,  бунга  жавобан вилоят мусиқали драма театри жамоаси томошабоп саҳна асарларини яратиш устида иш олиб бораётганлигини таъкидлади.

Гулзор ТЕМИРОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг