Бош саҳифа / Маданият / Санъат саройи фойдаланишга топширилди

Санъат саройи фойдаланишга топширилди

Баъзан иш, турмуш ташвишларидан чарчаб, турли кўнгилочар жойларга боришни, маданий ҳордиқ чиқаришни истаб қоламиз. Айниқса, кўз олдимизда ҳаётий воқеалар жонланадиган театрда кўнгилларни сел қиладиган бири-биридан ажойиб спектаклларни томоша қилиб, ҳам мароқли дам, ҳам руҳий қувват оламиз.

Энг қувонарлиси, энди воҳаликларнинг ҳам кўрганда дили ёришадиган, қаҳрамонлари кулганда кулиб, йиғлаганда йиғлаб ҳаётий хулосалар оладиган ибратхонаси бор.

Термиз шаҳрида вилоят мусиқали драма театри учун муҳташам ва кўркам санъат саройи барпо этилди. Уни томоша қилиш учун келган киши борки, дастлаб, бино олдидаги кўзни қувонтирадиган сўлим боғ ҳамда томчилари қуёшда ялтираб ўйноқлаётган фавворадан баҳри дили очилса, бино ичига киргач эса, унинг бежирим безаклари, замонавий қулайликларга эга томоша залини кўриб ҳайрати ортади. Беихтиёр, юрагининг қат-қатидан “Бизнинг Сурхондарёда ҳам шундай ажойиб маскан бунёд этилса бўларканку!” деган иқрор,  такрор-такрор ўтади. “Энди мен ҳам онамни, синглимни, фарзандларимни, яқинларимни  шу ерга олиб келаман”, дея дилига ҳам тугиб қўяди. Яқинда ушбу кўркам бинонинг тантанали очилиш маросимига ташриф буюрганларнинг кўнглидан ҳам ана шундай эзгу ўй-тилаклар ўтган бўлса ажабмас.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигидан ҳамда бошқа вилоятлар театрларидан ташриф буюрган меҳмонлар, санъат вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирок этди.   Дастлаб, маросимда вилоят ҳокими сўз олиб, бундай кўркам бинонинг қутлуғ ва қадимий байрам арафасида очилиши бежиз эмаслигини, негаки, Наврўз дилларга илиқлик олиб киргани каби санъат ҳам эзгулик туйғулари билан қалбларимизни тўлдириб туриши билан боғлади. Шунингдек, вилоят мусиқали драма театри жамоаси шу даргоҳдан етишиб чиққан санъат дарғалари, устозлар изини муносиб давом эттириб, замонамиз қаҳрамонларини, тарихий алломаларимиз образи гавдалантирилган асарлар яратишлари кераклигини таъкидлади.

Шундан сўнг, санъаткорларнинг чиқишлари, Ўзбекистон халқ бахшиси Шоберди Болтаевнинг термалари, театр жамоасининг спектакллардан намойиш этган саҳна кўринишлари барчага кўтаринки кайфият улашди.

—    Аввало, мана шундай кўркам ва барча замонавий қулайликларга эга бинода ижод қилишнинг ўзи бир бахт, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек миллий академик драма театри директори Фатхулла Масудов. — Шу боис, бундай имкониятни қадрлай билиш, муҳими, халққа манзур бўладиган, томошабин қалбини забт этадиган бадиий савияси юқори асарлар тақдим этиш учун тинимсиз изланиш ва меҳнат қилиш керак. Албатта, бу жараёнда биз — яъни Ўзбек миллий академик драма театри жамоаси ҳам сурхондарёлик ҳамкасбларимизни ҳамиша қўллаб-қувватлаймиз.

—    Бир пайтлар Эргаш Каримов, Муҳаммадали Абдуқундузов, Абдураҳмон Намозов ва яна бошқа бир қанча санъаткорлар даврида вилоят мусиқали драма театри гуллаб-яшнаган, — дейди меҳнат фахрийси Йўлдош Эрназаров. — Ўша вақтлар биз ҳам театрга кўп борардик. Чуқур маънавий-тарбиявий ғоялар билан суғорилган асарлар намойиш қилинарди. Баъзан кулиб, баъзан эса кўзда ёш билан томоша қилардик. Истардимки, энди ҳам театр жамоаси ана шу анъанани муносиб давом эттирса, энг аввало, халқнинг кўнглига яқин мавзуларга қўл урса. Чунки халқни ўзига ром эта олсагина театр жамоаси бугунги эътиборни оқлаган бўлади.

Тадбир сўнгида меҳмонлар вилоят мусиқали драма театри жамоасига ўз совғаларини тақдим этишаркан томоша зали олқишларга, қарсакларга тўлиб кетди. Йиғилганларнинг барчаси бундан буён ҳам ана шу олқишларнинг давомли янграшини тилаб билдирилган эзгу ниятларга хайрихоҳ бўлди.

Ф.РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Халқаро хунармандчилик фестивали

Сурхон воҳаси делегацияси Қўқондаги халқаро фестивалда фаол иштирок этмоқда. Қўқон шаҳрида илк бор Халқаро ҳунармандчилик …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE