Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Самарали саноат сиёсати Ўзбекистонда қандай амалга оширилади?

Самарали саноат сиёсати Ўзбекистонда қандай амалга оширилади?

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Иқтисодий эркинлик” рейтингида мамлакатимизнинг 26 поғона кўтарилгани ислоҳотларимизнинг халқаро майдондаги эътирофи сифатида қайд этилди. Шубҳасиз, бу натижага Янги Ўзбекистон таркибий ислоҳотларни амалга оширишдаги изчиллиги, шунингдек, самарали саноат сиёсатини юритаётганлиги туфайли эришилди, деб айтиш мумкин.

Жорий йилги Давлат дастурида бу борадаги ишлар кўламини кенгайтирган ҳолда саноат тармоқларини ривожлантириш билан боғлиқ барча йўналиш ва масалалар тўлиқ қамраб олинди.

Қайд этиш жоиз, иқтисодиёт ва саноат тармоқлари учун муҳим ўзгаришлардан бири бу — электр энергияси ва табиий газ таъминотида монополиянинг бекор қилиниб, бозор муносабатларининг шакллантирилишидир. Ишлаб чиқариш қувватларининг ўсиб бориши энергия таъминотида узлуксизликни таъминлашни тақозо этади. Қолаверса, қазиб олиш харажатлари юқори бўлганда ташқаридан мақбул нархларда энергия импорт қилиниши ҳар томонлама оптимал ечим ҳисобланади. 

Шу мақсадда суюлтирилган газ импорти учун белгиланган божхона божи ва уни импорт қилиш учун талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар бекор қилиниб, жорий йил 1 июнга қадар ишлаб чиқарувчи ва импортёрлар учун электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш соҳасига бозор механизмларини жорий этиш орқали улгуржи бозорни шакллантиришнинг “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади. Бунда, биринчи босқичда шу йилнинг 1 августидан бошлаб, йирик корхоналар электр энергияси ва табиий газни импорт асосида сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шубҳасиз, бу суюлтирилган газ бозорида самарали рақобат муҳитини яратиш, ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг қувватларини оширишни рағбатлантириш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари корхоналарининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш учун қулай шарт-шароит яратади. Ўз навбатида, табиий газни юридик шахсларга бозор тамойиллари асосида сотиш механизми ҳамда табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш, етказиб бериш ва қабул қилиш жараёнидаги тафовутлар ва йўқотишларнинг олдини олишга, энг муҳими, шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, республика минерал хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш дастурининг ишлаб чиқилиши, қидирув ишларида фойдали қазилмаларнинг янги истиқболли майдонларини излаш улушини жорий йилда 40 фоизга етказиш, ахборот очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида давлат геология фондидаги архив материаллари бўйича рақамли ахборотлар банкининг ташкил қилиниши соҳага сармоя жалб этилишида ҳамда узоқ муддатли истиқболли режаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Жорий йилнинг ўзида 50 та кон ва истиқболли майдонлар ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар шаффоф механизмлар асосида аукцион савдоларига жойлаштирилиб, маҳаллий ва хорижий инвесторларга таклиф этилиши назарда тутилмоқда.

Биргина заргарлик соҳасида кумушнинг биржа орқали заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга эркин сотиш тартибининг жорий этилиши ушбу соҳада кенг имкониятлар яратилишига, хусусан соҳадаги хуфиёна иқтисодиёт улушининг кескин камайишига олиб келади.

Ҳар бир соҳада бўлгани каби энг долзарб масалалардан бири бўлган саноат тармоқларини мутахассис кадрлар билан таъминлаш бўйича ўтган йилдан бошлаб амалга оширилаётган чора-тадбирлар жорий йилда ҳам давом эттирилиб, ихтисослашган мактаб (синф)лар фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилади. Уларни олий таълим ташкилотлари ва ишлаб чиқариш корхоналари билан ўзаро боғлаш учун хорижий мамлакатлардан ўқитувчилар жалб этилади.

Сир эмас, инвесторларга инвестиция киритиш учун иқтисодий ва кичик саноат зоналарига бериладиган солиқ ва бож имтиёзлари билан бир қаторда, муҳандислик коммуникация тармоқлари билан таъминланганлик даражаси, ҳудудда транспорт инфратузилмаси ва логистика марказларининг мавжудлиги катта аҳамиятга эгадир.

Бу борада эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини зарур инфратузилма билан таъминлашга 1,6 трлн. сўм йўналтирилиши, ҳудудларда 130 минг км узунликдаги паст кучланишли электр тармоқлари ва 40 мингдан ортиқ трансформаторни босқичма-босқич янгилаш ҳамда 5 мингдан ортиқ таъмирталаб кўприкни тиклаш бўйича дастурлар қабул қилиниши, бу ишлар учун 400 млрд. сўм маблағ ажратилаётгани ҳудудлар саноат салоҳиятини оширишга хизмат қилиши аниқ. 

Бир сўз билан айтганда, Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича йил давомида самарали ва фаол жамоатчилик назорати амалга оширилади. Шу мақсадда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари дастуриламал ҳужжатни рўёбга чиқариш бўйича чора-тадбирларни ҳар ойда муҳокама қилиб бориши, Ҳукумат ҳар ойда танқидий кўриб чиқиб, ҳар чоракда ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаган тадбирлар юзасидан масъулларга тегишли чоралар кўриб бориши белгилаб қўйилди.

Ўз навбатида, парламент ҳам ҳар чоракда Бош вазир ва Ҳукумат аъзоларининг Давлат дастури бажарилиши юзасидан ахборотларини эшитиб боради ҳамда бу борада ижро ҳокимияти фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқади. Албатта, буларнинг барчаси ўз ишимизга янада масъулият билан ёндашишни талаб этади.

Ботир МАРДАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ангорда жун ва ипакчилик ривожлантирилади

Президентимиз жорий йилнинг 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan