Самарали ҳамкорлик

0
126

иқтисодий юксалиш сари янги қадам

Ўтган ойда Сурхондарё вилоят ҳокими бошчилигидаги ишбилармонлардан иборат делегация Австрия, Венгрия ва Словакия давлатларида бўлиб қайтишди.

Самарали ташриф давомида Австрия, Венгрия ва Словакиянинг учта ҳудуди билан тўғридан-тўғри яқин ҳамкорлик ўрнатилиб,  турли йўналишдаги тадбиркорлик субъектлари билан 30 дан ортиқ музокаралар ўтказилди. Еттита замонавий йирик ишлаб чиқариш субъектларига ташриф буюрилди. Вена, Будапешт ва Братиславада 3 та бизнес-семинар ўтказилди. Яқин йиллар ичида қўшма инвестдастурлар асосида Сурхондарё вилоятида қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва енгил саноат соҳаси, шунингдек, вилоятда етиштирилган мева-сабзавотларни қуритилган ҳолда Австрияга экспорт қилиш каби йўналишларда умумий миқдори 70 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 5 та муҳим келишув имзоланди.

Яна қўшимча равишда умумий миқдори 54 миллион АҚШ долларига тенг бўлган бизнес-дастурларни ҳамкорликда амалга оширишга келишиб олинди. Венгриянинг Дабаш ва Сурхондарёнинг Термиз шаҳарлари ўртасида эса яқин ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш бўйича битим имзоланди.

Ўтказилган ҳар бир музокаралар ва бизнес-семинарларда вилоят ҳокими бугун Ўзбекистон дунёга ўзининг янгича иқтисодий сиёсати ва қарашларини намоён қилаётгани, хорижий инвесторлар ҳеч қандай тўсиқларсиз, қонун доирасида эркин фаолият олиб бориши ва топган даромадини бемалол конвертация қилган ҳолда олиб чиқиб кетиши мумкинлиги ҳақида маълумот берди.

Австриядаги тадбиркор ва ишбилармонлар билан ўтган учрашув ва музокаралар натижасида “Lemberona Handels GmbH” компанияси билан Сурхондарёдан Австрияга 5 миллион АҚШ доллари миқдорида қуритилган меваларни етказиб бериш бўйича икки йиллик экспорт шартномаси имзоланди. Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати ва қурилиш соҳасида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида “Parasalpine Gmbh” компанияси ва Сурхондарё вилояти ўртасида 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги шартнома ҳам расмийлаштирилди. Шунингдек, ҳудудда замонавий технологиялар асосида йирик чорва моллари ва йилқичилик кластерини ривожлантириш бўйича “Kinger GmbH” компанияси билан биргаликда 12 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестицион келшувга эришилди.

Венгриянинг Баболна шаҳрида жойлашган “Баболна Тетра” паррандачилик корхонаси раҳбарлари билан ўтган учрашув ва музокаралар ҳам самарали якунланди. Марказий Европадаги энг йирик ва узоқ йиллардан буён фаолият олиб борувчи мазкур корхона раҳбари Золтан Будай ҳам самимий учрашувдан сўнг “Агротехсервис” корхонаси билан ҳамкорликда 3 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиб, паррандачиликка ихтисослашган қўшма корхона ташкил этишга розилик билдирди ва шу ернинг ўзида келишув имзоланди.

Сафар давомида делегация аъзолари бир нечта йирик ишлаб чиқариш корхоналарида ҳам бўлишди. Австриянинг Каринтия Федерал ерларига қарашли бўлган Фильдкершён шаҳрида жойлашган йирик металл конструкциялар ишлаб чиқарувчи “Haslinger Stahibau GmbH” ва қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи “Kortner Solar” компаниялари ҳамда Стокерай шаҳрида жойлашган ёғочни қайта ишлашга ихтисослашган “JAF Group” корхонаси иш фаолияти билан ҳам танишдилар.

Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масаласида Пешт вилоятининг раҳбари Церенк билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё ва Пешт вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги келгуси ҳамкорлик, шунингдек, мазкур вилоят губернаторининг жорий йил июнь ойида Ўзбекистонга ташрифи борасида фикрлар алмашилди. Учрашув якунида эса юқорида айтилганидек, Венгриянинг Дабаш ва Сурхондарёнинг Термиз шаҳарлари ўртасида яқин ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш бўйича битим имзоланди.

Словакия Республикасига амалга оширилган ташриф доирасида вилоят ҳокими Трнава вилоятининг губернатори Жозеф Вискупич билан учрашди. Унда ҳам ҳудудлараро савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни яхшилаш борасида келишиб олинди ва учрашув якунида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Айтиш керакки, вилоят ҳокими бошчилигигидаги делегациянинг Марказий Европа давлатларига қилган сафаридаги учрашувлар, имзоланган битимлар, аввало, Сурхондарёнинг иқтисодий ўсишида муҳим бўлган ҳамкорликни йўлга қўяди.

Баҳриддин МИНГБОЕВ,
журналист

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг