Бош саҳифа / Жамият / Саломатлик—долзарб мавзу

Саломатлик—долзарб мавзу

Аҳолига кенг кўламда бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини, унинг ўз вақтида ва юқори сифатли бўлишини таъминлаш замонавий соғлиқни сақлаш тизимини яратишнинг муҳим устувор йўналиши ҳисобланади.
Ўтган давр мобайнида вилоятимизда қишлоқ аҳолисига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини яхшилаш мақсадида 245 та қишлоқ врачлик пункти ташкил этилган эди.

Шунга қарамасдан, бутун республикадаги каби бизнинг вилоятимизда ҳам қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тизимида кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш билан боғлиқ масалалар йиллар давомида ўз ечимини топмай келмоқда.
Бугунги кун давр талаби аҳолининг, айниқса, қишлоқ жойларда яшовчи аҳоли саломатлиги ҳолатининг патронаж тизимини сифат жиҳатдан тубдан яхшилашни талаб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига, шунингдек, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига фуқаролар томонидан қилинаётган мурожаатларнинг таҳлили аҳолининг тиббий ёрдам сифатидан, айниқса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари томонидан кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва унинг ўз вақтида кўрсатилишидан қониқмаётганлигини кўрсатмоқда.

Тиббиёт муассасаларини жойлаштириш ишлари оқилона олиб борилмаганлиги сабабли айрим аҳоли пунктлари бирламчи тиббий ёрдамдан тезкорлик билан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлган бўлса, айримларида хизматлар бир-бирини такрорлаш ҳолатлари юзага келган.

Ташкил этилган қишлоқ врачлик пункт лари ҳудудида яшовчи ёш болаларга ҳам, катта ёшдагиларга ҳам фақат умумий амалиёт шифокорлари ва патронаж ҳамширалар томонидан тиббий хизмат кўрсатиб келинган.
Қишлоқ аҳолиси тор соҳадаги шифокорларининг маслаҳатини олиш ва даволаниш учун туман марказидаги кўп тармоқли марказий поликлиника ва шифохоналарга мурожаат қилишган.

Шу вақтгача биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун чақирилган “103” тез ёрдам хизмати туман марказидан узоқда жойлашган қишлоқларга кечикиб борганлиги, айрим ҳудудлардаги аҳолининг тез тиббий ёрдам хизмати билан тўлиқ қамраб олинмаганлиги, тез ёрдам автотранспортларининг етишмаслиги ва тиббий бригадаларнинг камлиги аҳолининг тиббиёт ходимларига нисбатан ҳақли эътирозига сабаб бўлиб келган.

2017 йил 5 январь ва 7 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев раҳбарлигида соғлиқни сақлаш тизимининг ҳолати, муаммолар ва ривожланиш истиқболларига бағишлаб ўтказилган мажлис баёнига асосан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимликлари томонидан бирламчи тиббий-санитария тизимида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Самарасиз фаолият юритаётган қишлоқ врачлик пунктларини мақбуллаштириш бўйича Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Аҳолига тиббий хизматлар кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали тадбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича тузилган комиссия депутатлар, республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ва туман ҳокимликларининг вакиллари билан биргаликда вилоятдаги қишлоқ врачлик пунктларининг жойлашувини, техник жиҳозланганлик ҳолатини тўлиқ ўрганиб чиқишди.

Қишлоқ врачлик пунктларини мақбуллаштириш эвазига аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ташкил этиладиган қишлоқ оилавий поликлиникаларнинг афзаллиги тўғрисида қишлоқ аҳолиси ва фаоллари билан суҳбат ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди.

Республика миқёсидаги қишлоқ аҳолисига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкиллаштиришни янада яхшилаш борасида комиссия томонидан ўрганиб чиқилиб, берилган таклифлар асосида Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2857-сонли қарор қабул қилинди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йил 31 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 127-сонли буйруғи, 2017 йил 3 апрелда вилоят ҳокимининг 111-сонли қарори ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари, Республика Соғлиқни Сақлаш вазирлиги, вилоят ва туман ҳокимликларининг вакиллари томонидан вилоятдаги вазият тўлиқ ўрганиб чиқилиб берилган таклифлар асосида тез кунлар ичида қишлоқ врачлик пунктларини мақбуллаштириш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилади.

Сурхондарё вилоятидаги мавжуд 245 та ҚВП дан 94 аҳолиси учун барча қулайликларга ва кундузги стационарга эга бўлган қишлоқ оилавий пликлиника (ҚОП) лар ташкил этилади.

Ташкил этиладиган қишлоқ оилавий поликлиникасида умумий амалиёт шифокорларидан ташқари, юқори малакали, ўз вақтида тўғри ташхис қўя оладиган педиатр, терапевт, хирург, акушер-гинеколог ва УТТ шифокорлари ҳам фаолият юритади.

Ташкил этиладиган қишлоқ оилавий поликлиникалари ҳудудида аҳоли учун арзон ва сифатли дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар сотувини йўлга қўядиган “Дори-дармон” АК тизимининг дорихоналари жойлаштирилади.
Вилоятдаги туман, шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари, оилавий поликлиникалар ва ҚВПлар ҳар куни соат 8:00 дан 20:00 гача фаолият кўрсатади.

Бундан ташқари, ҚВПлар, қишлоқ оилавий поликлиникалари ёнида шифокорлар учун хизмат уйлари, тез ёрдам шохобчалари ва бригадалари ташкил этилгандан кейин ушбу ҳуддудда яшовчи аҳоли 24 соат давомида шифокорлар томонидан биринчи тиббий ёрдам ва маслаҳат олиш имконига эга бўлишади.

ҚОП ташкил этилгандан кейин ушбу ҳудудда яшовчи қишлоқ аҳолиси малакали бирламчи тиббий санитария ёрдамини ва тез тиббий ёрдамини олиш учун узоқ масофада туман марказида жойлашган поликлиникаларга юрмасдан қишлоқнинг ўзида ташкил этилган поликлиникасига мурожаат қилишади.

Вилоятдаги тоғли, чекка ҳуддудда, автотранспорт қатнови ноқулай ва туман марказидан узоқ масофада жойлашган 34 та ҚВП алоҳида (ҚВП) қишлоқ врачлик пункти сифатида сақлаб қолинади.

Ўта таъмирталаб, ночор, замон талабига жавоб бермайдиган, биноси йўқлиги учун вақтинчалик ижарада турган, туман марказига жуда яқин масофада жойлашганлиги сабабли тиббий муассаса сифатида самарасиз фаолият юритаётган 16 та ҚВП нинг фаолияти тўхтатилади.

Аҳолига кўрсатиладиган бирламчи тиббий санитария хизматини янада яхшилаш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида мақбуллаштириш эвазига қишлоқ оилавий поликлиникаларига бириктирилиб ўз фаолиятини тугатаётган 55 та ҚВП негизида “103” тез тиббий ёрдамнинг янги подстанциялари ташкил этилиб, аҳолига кеча-ю кундуз тиббий хизмат кўрсатиш ташкил этилади.

46 та ҚВП биноси ҚВП ва поликлиника шифокорлари учун хизмат уй-жойи сифатида фойдаланишга топширилиб, узоқ ва чекка ҳудудда жойлашган аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун малакали шифокорлар жалб қилинади.
Келажакда тиббиёт институтларини давлат гранти асосида тугаллаётган шифокорлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғи асосида камида уч йил ишлаб бериш шарти билан қишлоқнинг ўзида шифокор учун ташкил этилган хизмат уй-жойларига келиб, тиббий хизмат кўрсатишади.

Аҳолига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш мақсадида 2017 йил ҳисобидан республика бўйича 1200 дона, Сурхондарё вилоятига 91 дона тез тиббий ёрдам автомашинаси ажратилди, бугунги кунгача шулардан 4 таси олиб келинди.

Бундан ташқари, республикадаги ихтиссослаштирилган тиббий марказларидаги ва вилоят марказидаги юқори малакали шифокорлар қишлоқ аҳолисини кўрикдан ўтказиш, ташхис қўйиш ва даволаш мақсадида вилоят марказида ҳамда янги ташкил этиладиган қишлоқ оилавий поликлиникаларида аҳолини қабул қилиб, амалий ёрдам кўрсатишади.
Бир сўз билан айтганда, қишлоқ аҳолисига кўрсатиладиган бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкиллаштириш борасида ижобий ўзгаришлар кутилмоқда.

Бирламчи тиббий-санитария ишларини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлардан кейин тиббиёт ходимлари ҳар бир хонадонга кириб, аҳолини тўлиқ рўйхатдан ўтказиб, ҳомиладорлар, ўзгалар парваришига муҳтожлар, ногирон ва диспансер назоратида турадиганларни аниқлаб, патронаж ишларини тўлиқ бажариши шарт.

Патронаж хизмати – ҳомиладорлар, гўдаклар, ёш оилалар, қариялар, янги туққан аёллар ва парваришга муҳтож бўлган ёлғиз қария, ногирон ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга уй шароитида тиббий хизмат кўрсатиш тизимидир.

Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2857-сонли қарорида бирламчи тиббий-санитария хизматини янада яхшилаш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар белгиланган.

Ҳурматли воҳадошлар, бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг келажаги, тинчлиги, осойишталиги, соғлиги ва тиббиёт ходимлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг сифати билан шахсан Президентимиз қизиқиб турган бир пайтда, ўзимизнинг бебаҳо соғлигимизни сақлаш учун ўз вақтида тиббий профилактик кўриклардан ўтиб туришимиз, зарарли иллатлардан йироқ бўлишимиз, мунтазам равишда спорт билан шуғулланишимиз ва санитария меъёр ва қоидаларига риоя қилишимиз шарт. Тиббиёт ходимларининг шиори ҳар бир инсонни ўзи ва фарзандларининг соғлиги учун жон куйдиришга ундашдир.

М. САТТОРОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг амбулатория поликлиника хизмати бўйича ўринбосари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сувга чўкишдан сақланинг!

Сўнгги вақтларда вилоятимиз ҳудудида фуқароларнинг, айниқса вояга етмаганларнинг сув ҳавзаларида чўкиб кетиши билан боғлиқ нохуш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE