Бош саҳифа / Жамият / Саксон йилнинг сабоғи

Саксон йилнинг сабоғи

Тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали эндокринолог Серка Каттаев бир умр эл саломатлиги йўлида фидойилик билан хизмат қилиб келаяпти. Бир сўз билан айтганда, одамларга эзгулик улашишга интилиб яшаётган бу инсоннинг ҳаёти ибрат олгулик сабоқларга тўлиб ўтаяпти…

Шу кунларда таваллудининг саксонинчи баҳорини нишонлаётган бу оқсоқол шифокор 1938 йилнинг май ойида Бойсун туманидаги Панжоб қишлоғининг қадим “Сафедак” деб номланувчи сўлим манзилида туғилган. У босиб ўтган ва ўтаётган умр йўли ҳар жиҳатдан қизиқарли ва ибратли деса, арзийди. Чунки бу фидойи инсон нафақат ўзи танлаган соҳа — тиббиётда, балки ижтимоий ҳаётда ҳам ўзига хос хайрли из қолдирди.

Сўз юритаётганимиз Серка Каттаевнинг болалик даври узоқ Панжобда бошланиб, кейинчалик Термиз шаҳрида кечган. Отадан эрта етим қолган Серка Каттаев мактабга ўн бир ёшга тўлганда қатнай бошлаган. Термиздаги 2-мактабни йигирма бир ёшида тамомлаган. 1959 йилда уни вилоят ёшлар қўмитасига ишга таклиф этишган. Эътиборлиси, айнан шу йилдан эътиборан у воҳамиздаги йирик қурилиш жабҳаларида ёшлар қўмитасининг йўриқчиси сифатида иштирок этиб, ҳар жиҳатдан серғайрат ҳамда қобилиятли ташкилотчи эканлигини намоён эта олган. Табиатан ташаббускор ва ҳаракатчан бўлган ёш Серка Каттаев 1962-1968 йилларда Самарқанд давлат тиббиёт институтида таҳсил олди.

Шифокорлик фаолиятини 1968 йилда Термиз туман ҳудудий шифохонасида оддий даволовчи врач сифатида бошлаган. Кейинчалик, яъни 1969 йилда Ангор туманида жойлашган сил касалликлари диспансерига бош врач этиб тайинланган. Деярли эътибордан четда қолган, анчайин хароб ҳолга тушган диспансерни у бир йил ичида ҳар жиҳатдан намунали шифо масканига айлантирган. Бу ташкилотчилиги туфайли Серка Каттаев 1970 йилда Бойсун туманидаги Сайроб касалхонасига бош ҳаким этиб юборилган.

Чунки ўша йиллари Сайробдаги қишлоқ касалхонаси деярли ночор ҳолга тушиб қолганди. Атиги 10-15 нафар бемор ётиб даволаниши учун шароит бор эди, холос. Серка Каттаев эса ишни шифохонани таъмирлашдан бошлади. Шунингдек, тиббий техник жиҳозлар турини кўпайтиришга интилди. Тез орада наркоз, рентген, таҳлил лабораторияси, янгидан ташкил этилган туғруқхона бўлими учун турли жиҳозлар олиб келинди. Қолаверса, ҳудудда Серка Каттаев санитария ва шахсий гигиена ишларини ташкил этиш, аҳоли тиббий маданиятини оширишда ҳам бош-қош бўлган. Турли тоғли қишлоқлардаги юзга яқин ҳовлиларда С. Каттаев ташаббуси билан ҳаммомлар қурилган.

Тиниб-тинчимас ва янгиликка интилувчи Серка Каттаевни тиббиётнинг ўша йилларда бир қадар оқсай бошлаган соҳаси — санитария ишлари савиясини яхшилашга сафарбар этишди. Бу соҳада икки йил бош врач сифатида фаолият олиб борди. Тез орада аҳоли ўртасида олиб борилаётган санитария-маориф ишлари савияси тубдан яхшиланиб, ҳатто, вилоят соғлиқни сақлаш ҳайъати йиғилишлари кун тартибига алоҳида масала сифатида киритиладиган бўлди.

Эътироф этиш керакки, воҳамизда тиббиётнинг эндокринология соҳаси ривожи бевосита Серка Каттаев номи билан боғлиқ. Чунки у вилоят шифохонасида ҳам бир йил врач-эндокринолог бўлиб ишлади. Бу орада вилоят эндокринология диспансери ташкил этилиб, Серка Каттаев унга бош ҳаким этиб тайинланди. Бу вазифада у йигирма йилга яқин ишлади. Ўрни келганда эслатиб ўтиш жоизки, вилоятда эндокринология соҳаси умумий касалликлар сирасига киритилган, беморларни эса асосан мутахассислиги бошқа бўлган врачлар даволаб келишган. С. Каттаевнинг саъй-ҳаракатлари туфайли вилоятда илк бор махсус эндокринология диспансери ташкил этилгач, эндокринолог-врачлар тайёрлаш имкониятлари юзага келган. Шунингдек, Серка Каттаев диспансер бош шифокори бўлган йилларда эндокрин касалликларни аниқлайдиган лабораториялар ташкил этилган. Кўплаб врачлар қайта тайёргарликдан ўтиб малака ошириб қайтгач, тиббиётнинг ушбу соҳаси бўйича фаолият юрита бошлаганлар. Чунки мутахассис-кадрлар тайёрлаш билан бир қаторда, вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларидаги поликлиникаларда махсус эндокринология хоналари ташкил этилган.

Қилинган меҳнат қадр топса, ташаббуслар қўллаб-қувватланса, инсон янги марралар сари интилаверади. Янги-янги ғояларни илгари сураверади. Шукрки, Серка Каттаевнинг воҳада эндокринология соҳасини тараққий эттиришга қўшган ҳиссаси муносиб тақдирланиб келинмоқда. Ўз даврида у “Соғлиқни сақлаш аълочиси”, “Мустақилликнинг бир йиллиги” кўкрак нишонига, соғлиқни сақлаш вазирлигининг қатор фахрий ёрлиқларига сазовор бўлганлиги Серка Каттаевнинг эндокринология соҳаси ривожига қўшган ҳиссасига берилган муносиб баҳодир.

Серка Каттаев эндокринолог сифатида кўплаб шогирдлар тайёрлади. Шунингдек, бу соҳага оид ўттиздан ортиқ китоблар, қўлланмалар нашр эттирди. У турли йилларда 300 дан кўпроқ тиббий-маърифий мақолалар ҳам эълон қилди. Серка Каттаев “Эко мулоқот” номи билан чоп этиладиган газета нашрини ташкил этишга катта ҳисса қўшган. Бу эса Серка Каттаев нафақат малакали шифокор, балки яхшигина ижодкор эканлигидан далолат бериб турибди.

Тўра ҚОБИЛОВ,
Ўзбекистон журналистлари
ижодий уюшмаси аъзоси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

АФСОНАЛАР ҲАҚИҚАТГА АЙЛАНМОҚДА

Ёшлар кунида  Ангор туман давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan