Бош саҳифа / Жамият / Сайёҳларни чорлайлик

Сайёҳларни чорлайлик

Мактабда ўқиб юрган кезларимда ўқитувчилар билан биргаликда Самарқандга саёҳатга бордик. У ерда жуда кўплаб сайёҳларга дуч келдик. Инглиз тилини яхши билганим сабаб, улар билан мулоқотга тутиндим.

Шунда бир сайёҳ мендан қайси вилоятдан эканлигимни, у ҳудудда қандай ўзига хос дам олиш масканлари, зиёратгоҳлар борлигини сўраб қолди. Аммо мен бу ҳақда тўлиқ маълумотга эга эмаслигимдан уялиб, тузук-қуруқ жавоб қайтара олмадим. Сайёҳнинг айтган гаплари эса қулоғим остида жаранглаб қолди.

Шу-шу бўлди келгусида вилоятимиз ички туризмини ривожлантириш, бу орқали юртимизга кириб келаётган сайёҳлар оқимини кенгайтиришни мақсад қилдим. Ниятларим ижобат бўлиб, жорий йилда Термиз давлат университетида ташкил этилган “Иқтисодиёт ва туризм” факультетига ўқишга топширдим. Талабаликка қабул қилингач, “Иқтисодиёт ва туризм географияси” фани ўқитувчиси Дилфуза Ҳамзаева бошчилигида соҳани чуқурроқ ўргана бошладим. Ҳозирда “Мавсумий туризмни ривожлантириш” мавзусида илмий изланиш олиб бормоқдаман. Ўрганишларим натижасида шундай хулосага келдимки, вилоятимизда туризмнинг барча соҳаларини ривожлантиришга имконият бор. Айниқса, бу борада Бойсун туманида жойлашган Деҳибола қишлоғи эътиборимни тортди.

Ушбу ғаройиб масканда бир вақтнинг ўзида тўртта фаслни кўриш имконияти мавжуд. Маҳаллий аҳоли томонидан тоғнинг тепа қисмига чиқадиган махсус йўлакчалар қилингани ҳавасингизни оширади. Гўзалликка ошиққан, ноёб масканлар шайдоси бўлган ҳар қандай сайёҳни бу жой беэътибор қолдирмаслиги аниқ. Фақатгина бу ерга борадиган йўллар ва транспорт масаласини ҳамда тарғиботни самарали йўлга қўйишда мутасаддилар бош-қош бўлиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бундан ташқари, Сариосиё туманида жойлашган Сангардак шаршараси ҳам баҳор фаслида ўзига хос тароват кашф этадики, бу ерга ҳам ҳар мавсумда сайёҳларни жалб қилиш яхши самара беради. Ушбу гўзал масканда ҳам йўл инфратузилмасини яхшилаш, махсус транспорт воситаларидан фойдаланиш ҳамда ўша ҳудудларда сайёҳлар учун уй-меҳмонхоналарни тайёрлашга эътибор қаратиш лозим. Бу жойларнинг гўзал табиатини, мўъжизакорлигини четдан кириб келаётган сайёҳлар билмаслиги аниқ. Шунинг учун ҳам уларга вилоятимизнинг ажойиб масканларини яқиндан таништиришга хизмат қиладиган видеороликлар, буклетлар тайёрлаш ва уларга тақдим этиш керак.

Маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳларни вилоятимизга кўпроқ жалб қилиш, нафақат ўзимиз яшаб турган жой донғини дунёга ёйишга, балки бу соҳадан яхшигина даромад олишга ҳам йўл очади.

Мафтуна АШУРОВА,
Термиз давлат
университети талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE