Саховат

Хайру саховат, эҳсон, кекса ва беморларга мурувват кўрсатиш халқимизга хос азалий қадриятлардан  саналади.

Юртимизда сўнгги пайтларда ногиронлиги мавжуд ва имконияти чекланган фуқароларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида кўплаб хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Куни кеча Шеробод туманида  буюк муҳаддис Абу Исо Муҳаммад ат Термизий зиёратгоҳида туман ҳокимлиги ва ҳомийлар иштирокида хайрия тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокими Ў. Бобоқулов, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси А. Чориев, тиббиёт бирлашмаси бош шифокори З. Шозамонов, “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Р. Раҳимовалар сўзга чиқиб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, имконияти чекланган ва  кам таъминланган аҳолига яратиб берилаётган шароит ва имтиёзлар ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Ташкилотчилар ва ҳомийлар томонидан 99 миллион 600 минг сўмлик 62 та ногиронлик аравачаси ва эшитиш мосламалари имконияти чекланган фуқароларга топширилди.

— Туман ҳокимлиги ва тегишли мутасадди ташкилотларнинг бу ғамхўрлигидан беҳад миннатдормиз. Очиғи, бу миннатдорчилигимизни қандай изҳор қилишни ҳам билмаймиз. Барча ташкилотчиларга ўз ташаккуримизни билдирамиз, — дейди “Деҳқонариқ” МФЙ да яшовчи  Баҳринисо Маматмуродова.

Тадбир сўнггида иштирокчиларга хайрия оши берилди.

Х. ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan