Бош саҳифа / Маданият / Садоқат ва хоинлик

Садоқат ва хоинлик

Бу икки ривоятни қанча кўп эсласам, қанчалик катта тарбиявий аҳамиятга эга эканлигига шунча амин бўламан. Уларнинг бири халқининг садоқати боис енгиб бўлмас давлат тўғрисида бўлса, иккинчиси, хоин йигитнинг катта давлатни барбод этганлиги ҳақидадир.

Биринчи ривоят

Қадимда кичкина давлат бўлган экан. У шунчалик ривожланиб кетибдики, довруғи етти иқлимга етибди, ҳаттоки, бу давлатни босиб олмоқчи бўлган ҳукмдорлар ҳам пайдо бўлибди. Лекин ҳар қанча ҳаракат қилишмасин, ҳеч ким бу подшоликни енга олмабди. Ҳаттоки, катта давлатлар ҳам ўз мақсадларига ета олишмабди. Шунда бир давлат подшоси ҳийла йўлига ўтибди ва уламоларини чақириб, “Боринг, аниқланг, нега бу давлатни енгиб бўлмаяпти. Иложи бўлса, хоин топинг, хоин чиққан юртни босиб олиш осон бўлади”, дебди.

Вақт ўтибди, уламолар қайтиб келишибди ва подшоҳдан узр сўраб, “Подшоҳим, у давлатнинг кучи сирини аниқладик. У юртнинг фуқаролари ўз юртини, ўз подшосини шунчалар севишар эканки, у муҳаббат ва садоқатни ҳеч қандай куч енга олмайди. Узр подшоҳим, биз у юртдан хоин топа олмадик. Ўзингизга маълумки, хоин чиқмаган юртни енгиб бўлмайди”, дейишибди.

Иккинчи ривоят

Қадимда бир подшолик катталиги ва кучи жиҳатидан ўзидан бир неча марта катта бўлган бир давлатни осонгина енгибди. Подшоҳ сабабини сўраганида, ўнг қўл вазири мағлуб бўлган давлатдан хоин чиққанини, кечаси ҳамма ухлаган пайтда дарвозани очиб берганини ва тинч ухлаб ётган давлатни осонгина босиб олишганини айтибди.

Шунда подшо амр қилибди: “Янги туғилган чақалоқдан тортиб, энг мўйсафид фуқарогача бошини танасидан жудо этинг. Бу ерликларда хоиннинг қони бор”. Подшоҳ амри вожиб… Лекин, неча йиллардан буён фарзандсиз бўлган ўнг қўл вазирнинг 4-5 ёшлардаги бир болага меҳри тушибди ва уни фарзанд қилиб олишга рухсат сўрабди. Подшоҳ хоин қони бор болани олишга рози бўлмабди. Лекин вазир ҳаммаси берилган меҳрда ва тарбияда эканлигини айтиб, подшоҳни кўндирибди.

Ўнг қўл вазир бу болага шунчалик меҳр қўйибдики, худо унинг ўзига ҳам икки қиз берибди.

Йигит 20 ёшга кирибди. От чоптиришда, камон отишда, илму маърифатда унинг олдига тушадиган бўлмапти. Бу вақтда подшоҳнинг ҳам йигитга меҳри тушган ва вазирнинг қарори тўғри эканлигига амин бўлиб бошлаган экан. Бошқа бир давлатга юриш бошлаган подшоҳ давлатни шу йигитга топшириб, ишонч билан сафарга чиқибди. Қайтиб келиб, вайрон бўлиб кетган давлатни кўрибди. Ҳамма ўлдирилган экан. Вазир асраб олган ҳамда подшоҳ ишонган йигит аввал ўзини ўғил қилиб олган, тарбиялаган онасини, сўнгра икки синглисини ўлдириб, душманларга дарвозани очиб берган ва шу билан ўч олган экан…

Ҳайҳот, одам боласининг ишини кўринг… Меҳрга бўлган жавобни кўринг, тинч элини вайрон қилдирган хоинни кўринг…

Хоинликнинг тури кўп экан. Кимдир яқинларига хиёнат қилади, кимдир давлатига, кимдир ўзи ишлаб турган ташкилотига. Ҳозир расм бўлди, чет эл радиоларига юртимиздан норози бўлиб мурожаат этишлар. Ҳайрон қоласан, киши. Барпо этилаётганда, боғларга битта дарахт экмаган, қад кўтараётган биноларга битта ғишт қўймаган, бир дона тарвузга бир ҳовуч сув қуймаган, битта синган ойнани бутлай олмаганлар, қандай қилиб ёрдам беришлари мумкин…

Ҳа, хиёнатнинг ҳам тури кўп экан…

Азизлар, нима бўлганда ҳам шу заминга садоқатли бўлайлик. Миллатимизнинг ҳар бир шахсига оқибатли бўлайлик. Меҳр деган туйғу ғариб бўлиб қолмасин ва бу арзонлашиб кетмасин… Чунки Ватан остонадан бошланади, остонада эса доим бир зот куймаланади — бу Она.

М. ХОЛЛИЕВА,

Термиз шаҳар халқ таълими

бўлими мудири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Нега Турон деб аталган?

Тарихий асарлар ва географияга оид манбаларда Турон, Туркистон, Туркистон губернаторлиги, Ўрта Осиё, Марказий Осиё каби …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan