Бош саҳифа / Жамият / САБР ҚЎЛТИҚЛАГАН АЁЛ

САБР ҚЎЛТИҚЛАГАН АЁЛ

Ҳар одамнинг ичида дард бор. Бировники ошкора, бировники пинҳона. Паттакесарлик Муҳаббат ая Хўжанова 14 йилдирки, муаммосини, ичидагини бировга айтишга ийманиб яшади. Жонидан ўтганида эшик қоқиб борган бир-икки мансабдорнинг иддаосидан яна умидлари сўнганди.

Ҳа, баъзи аёлларнинг қирқта эмас, мингта жони бор дегим келади. Ана шу минг жон тақдир чизиқ тортган йўлда минг марта ўлиб-тирилса-да тугамайди. Чунки уни сабр деган бақувват илдиз, матонат деган улкан тана, қаноат деган гуркираган шохлар ушлаб туради. Муҳаббат ая ҳам саккиз фарзандини ана шу сабри, матонати, қаноати билан катта қилди.

Жайрахона томонларда турмуш ўртоғи (марҳум) Рустам Каримов билан осойишта, фаровон турмуш кечирарди. Рустам ака Афғон урушига бориб, оёғидан жароҳатланиб келдию оиланинг ороми бузилди. Дардига даъво топилмагач, Рустам Каримов 45 ёшида оламдан ўтди.

— Эрим ўтганида кенжа ўғлим Исломбек ҳали бир ярим ёшда эди. У отасининг юзини ҳам эслолмайди. Болам 1-синфга борганда “Отаси йўқларнинг тўйи бўлмайдими?” деди-ю, шу-шу бошқа отаси ҳақида сўрамади. Ўшанда тенгқурларидан кам бўлмасин деб, юрагимга оғир ботган шу биргина сўз туфайли бор-йўғимни бериб, ўғлимга кичикроқ суннат тўй қилиб бергандим, — деб эслайди Муҳаббат Хўжанова. — Ёлғизлик қурсин, йўқчилик менинг ҳам, болаларимнинг ҳам силласини қуритди. Уларнинг қорнини тўйғазишдан бошқа нарсани ўйламаганман ўшанда. Мактабни тўлиқ битирар-битирмас ўғилларим ҳам, қизларим ҳам кунлик ишга, менинг ёнимга фаррошликка чиқиб кетишди. Улғайишди ҳам.

Уч ўғил, беш қиз бирин-кетин катта бўлишди. Шаҳарга кетсак, иш топиш осон, яхши яшаймиз, қорнимиз нон-ошга тўяр, деган илинжда Муҳаббат ая қишлоқдаги уйини сотиб, Термиз шаҳридаги “Паттакесар” маҳалласидаги торгина ҳовлига 8 қаноти билан кўчиб келди.

— Бу ерда бир-икки йил яхши яшадик, — дейди ая. — Аммо, ўғилларим уйланиб, қизларим турмушга чиқиб ҳам ўзидан тинчиб кетолмади. Қиз бўлса ҳам жонимдан чиққан жон, кўчага ташлаб қўёлмайман-ку. Куёвларим билан бирга шу тўрт хона уйда яшайвердик. Супрасидан қуруқ қўймаган Худойим набиралар билан сийлади. Улар бирин-кетин кўпайишгач, 30 жон бўлдик. Ўғилларим ҳам, куёвларим ҳам ҳаммоллик, устачилик қилиб кун кўради. Топганимиз ўртада. Бир кун қозонимиз гўшт кўрса, шукр қилиб, барчамиз баҳам кўрамиз. Ахир 18 та бола. Ейман-ичаман дейди. Бўлмаса, борига қаноат қиламиз.

Неча йилки, оиланинг топгани томоқдан ортмайди. Уйни таъмир қилишга эса гал келмайди. Томдан чакки ўтади, дераза ромлари ойна эмас, “клёнка” билан қопланган. Кафтдек ҳовлида 18 набира қий-чувлашиб ўйнайди.

Қизи Зарифа Каримова 2018 йилдан бери уй-жой олиш учун юугургани-югурган. Ҳали давлат ишида ишламас экансиз, деб қайтаришади. Давлат ишига киргач эса уйнинг бошланғич тўловига маблағинг йўқ дейишади. Болаларни ташлаб, Россияда ишлаб, пул тўплашди ҳамки, энди уй-жой олиш учун балинг етмаяпти, деб оғзига “уришди”. Маҳаллага бола парвариши учун нафақага ҳужжат тўплашганди, раис мезонга тўғри келмайсизлар деган баҳона билан рад этди.

— Бировнинг юки бировга тушмасин экан. Кўмак сўрашнинг ўзи аянчли биз учун. Аммо қўли калта одамнинг изи ҳам, жисми ҳам кўзга кўринмас, сўзи эса ўзгаларнинг қулоғига эшитилмас экан. Начора, ёлғиз қулини умиддан айирмасин экан. Ахийри, вилоят ҳокимига мурожаат қилдик.  Шундан кейин вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг ўзи уйимизга келиб, қизим Зарифага Шукрона массивидан 2 сотихли уй, яна бир қизимга турар жой беришганида кўз ёшимни тия олмадим. Наҳот, бизларга ҳам ёрдам берадиган мард топилди, экан дея ўзимга-ўзим савол берардим. Ҳокимимиз яна бир ўғлимга ер ажратишини, у ерга уй қуриб олиши учун ҳам ёрдам беришини айтди. Аста-секин қолган куёвларимга, қизларимга ҳам иш топишда, бошпанали бўлишга кўмаклашишар экан. Минг шукр. Шу кунга етиб келганимга шукр.

Ушбу сўзларни айта туриб, аянинг қўллари қалтирайди. Майишиб бораётган жуссасига разм соламан. Қийинчилик ҳоритган бўлса-да, ниятлари ушалган кунга, ўзи эмас, болалари, набиралари яшайдиган яхши шароитли уйга қувонади. Кўзлари ёнади. Қайта-қайта Яратганга шукрона айтади.  

Инсонлар бор, энг қийин шароитда ҳам шукр қилади ва имкон излайди. Аммо яна шундай тоифа кишилар борки, энг яхши шароитда ҳам нимадир етишмаётганидан ношукрлик қилади ва камчилик излайди.

Баъзан замонавий, янги қурилган, ҳамма шароити бор кўп қаватли уйнинг мармар зиналарини ойнадай ялтиллатиб қўйиш ўрнига, бир-бирига солган қўшниларни кўрамиз. Уйида гўштсиз қозон қайнаган куни онасиникига аразлаб кетиб қолган беўй келинларга дуч келамиз. Ҳайҳотдай ҳовлига сиғмай, жой, мол талашган ака-укалар баҳсига гувоҳ бўламиз. Шундай вақтларда эссиз сизга инсонлик, эссиз сизга фаровонлик дегимиз келади. Муҳаббат аядай минг бир жонини сабрининг қанотига қўлтиқлаб, шукр қилиб яшаганлардан эса ўрнак олса арзийди.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan