Бош саҳифа / Таълим / Рубоб билан вальс

Рубоб билан вальс

Истеъдод эгаси бўлган беғубор қалб соҳиби билан нурли суҳбатлардан кўра севимлироқ нарса йўқ, асло йўқ! Ёш созанда Комрон Мелиқуловни ана шундай самимияти кўнгилни мунаввар қиладиган кишилар қаторида кўраман. Аввалига, ўзим билан ўзим бўлиб, унга яхшироқ эътибор бермадим, яқиндан суҳбатлашолмадим.

Бир куни вилоят телевидениесининг ҳар куни эфирга узатиладиган, ёш созандалар ижро этган куйлар асосида тайёрланадиган “Соз сеҳри” телесаҳифасини тасвирга олаётганимизда энг фаол ижрочилардан бўлган Комрон ёнимга ниманидир сўрамоқчидек келди-да, тожикчалаб: “Сиз ҳам тожиксиз-а?” деди. Ёдимда бирдан адабий гурунгларда эшитганим машҳур ёзувчи устозимиз билан бўлган воқеа жонланди. Устоз энди олийгоҳни тамомлаб, республика радиосига ишга борган пайти, анча танилиб қолган ёзувчи, радиода масъул вазифада ишлаётган адибга кўнглини яқин ҳис этгиси келадими, тожик тилида гапиради. Ўша кезлар “миллатчилик” айбини тақаб қўйишдан осони йўқ. Масъул вазифадаги адиб ёш ходимга бу ҳолатни атрофдагилар билиб қолишса, иккаласига ҳам ёмон бўлишини тушунтириб қўяди.

Хуллас, шундан сўнг Комронни яқиндан билгим келиб қолди. Йўқ, у тожикча гапиргани учун эмас (теваракда тожикча гапирадиган озми?! Аслини олганда тожикчани ҳам дурустроқ билмайман), балки юқори даражадаги самимиятини кўриб, менда шу истак уйғонди. Қолаверса, қалби бегидир, гўзал фазилатлари бисёр инсонни ўзинг учун кашф этишдан яхшироқ иш бор эканми? Комрон Сариосиё туманида санъаткор оиласида туғилиб-ўсди. Отаси Нурали ака ўз ижроси билан воҳага танилган, элнинг яхши кунларида ҳамон уларнинг хизматида. Санъаткорлик қон орқали ўтган Комронда қашқар рубобига қизиқиш уйғонди. Унинг қалби уйи яқинида янги қурилган болалар мусиқа ва санъат мактабига талпинарди. Ўқитувчи аммаси Маҳфират опа жиянининг иқтидори ва иштиёқига ҳавас-ла боқиб, аҳд қилди: “Сени шу мактабда ўзим ўқитаман! Зўр санъаткор бўлиб етишганингда, аммангни эслаб юрасан…” Шу тариқа Комронжон берилиб соз ижросини ўрганишга киришди.

Термиз санъат коллежида фаолият юритаётган таниқли созанда ва педагог Нормурод Бакаровни санъатга яқин одамларнинг кўпчилиги танишади. У киши қашқар рубоби созандалиги бўйича яхши мутахассисларни тайёрлаган. Комронжон ҳам устанинг қўлида малакасини оширишни ният қилади ва мактабни тамомлаб, коллежга ўқишга киради. Аммо, доим ҳам биз истагандек бўлавермагани каби унинг номи бошқа ўқитувчининг синфига ёзилади…

Нормурод Бакаровнинг синфхонаси эшигида ўпкаси тўлган бола истиҳола ила пайдо бўлади.

— Мен сизнинг қўлингизда ўқийман деб келгандим. Бўлмаса, бу коллежга келишимдан нима наф?..

Бу синиқлик билан, аммо қатъий қўйилган савол туфайли Нормурод ака қай йўсин йўл тутишни билмай, боши қотади. Ҳамкасбидан ўқувчисини қандай қилиб тортиб олади? Болага ҳам рад жавоби бериб бўлмайди… Комроннинг иштиёқини ҳамда ижро маҳоратини кўради ва исми-шарифи ўқитувчисининг журналида турса-да, унга ўзининг дарсларида иштирок этишга рухсат беради. Иккинчи курсдан эса расмий равишда уни ўз синфига ўтказиб олади.

Шу орада Комроннинг телефонига қўнғироқ келади.

— Тошкентда ўқийдиган бир синфдошим ҳар куни телефон қилади. Ҳеч мослашолмайдими, қишлоқни, сизларни соғиндим, дейди. Сўнг гапирмай ўтираверади. Нима дейишимниям билмайман.

— Менинг ҳам бир синфдошим, яқин дўстим бор, исми Нурмуҳаммад. (Нурмуҳаммад билан Комрон кейин Зарабоғда кўришишди. Комрон бу афандинамо ошнамнинг гап-сўзларини Термизга келиб ҳам эслатиб юради.) Тўрт йил Тошкентда ўқиб ҳам шаҳарга ҳеч сингишолмади. Ҳар уйига қайтгунча қанот боғлаб учиб келса, ўқишга кетгунича елкасига ботмон-ботмон юк босилгандай залворли бўлиб қолади. Кайфият ҳам шунга монанд… Синфдошингизнинг ҳолатини тасаввур қила оламан… У ҳасратларини сизга сўзсиз айтаётган бўлади. Усмон Азимнинг сатри бор-ку: “Сенга айтадиган сўзим қолмади, Сенга айтадиган жимликларим бор…”, дейилган. Сиз қандай қилиб бўлса ҳам унинг кўнглига суянч бўладиган сўзларни топиб айтинг!

Гап айланиб яна савол бераман:

— Уйингизни соғинасизми, Комронжон? Термизга илк келганингизда мослашишга қийналганмисиз?

— Жуда қайтиб кетгим келарди. Ака, сизга бир нарсани айтаман, лекин кулмайсиз. Уйдан онам бериб юборган конфетларни егач, қоғозини Термизнинг кўчаларига ташлагим келмасди. Гўёки улар уйни соғинадигандек, бу ерларда қолса, азоб тортадигандек… Ҳаммасини сумкамга солиб, уйга олиб бориб, ўша ёққа тўкардим. Термизда қолдириб кетишга кўнглим бўлмасди.

— Э, қойил-е, аллақачон қобиқдан чиқиб олган экансиз-ку! Конфет қоғозларнинг ҳам “оғриғи”ни ҳис қилибсиз-а!

Менга қўшилиб Комрон ҳам жилмаяди.

— Барибир кулдингиз-а…

Йўқ, ҳақиқатдан ҳам Комрон ўз қобиғига ўралиб қолмаган истеъдод. У соз чалганда, бутун борлиғи оҳанг оғушида қолади. “Соз сеҳри” телесаҳифасида “Валенки” куйини ижро этганини кўриб, бир танишимиз ажойиб лутф қилди: “Комрон худди рубоб билан вальсга тушаётганга ўхшайди”. Эътибор бериб қарасам, ижро давомида нозик тебраниб, ростдан ҳам рубоб билан вальсга тушаётгандек.

Бўлди, дедим. Энди Комрон ҳақида ёзадиган мақоламга “Рубоб билан вальс” деб ном бераман… Дардлашганимизда бир қизни етти йил яхши кўрганимни, эрга тегиб кетганини айтиб, камига оҳангдор қилиб: “Мени етти йиллаб суйдирган гулни, Мени етти йиллаб куйдирган гулни, Энг ширин азоблар туйдирган гулни…”, дея ўша пайтлар ёзилган аламли сатрларни айтгандим, бехосдан у: “Бизнинг ҳам “стаж” етти йил” деди кулиб… Шундан кейин мен ҳеч қизга кўнгил беролмаганимдек, у ҳам бошқасини севолмабди. Ўзи буржимиз ҳам бир хил. Ўхшашликларимиз ҳам кўп экан.

Сирожиддин ИБРОҲИМ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маънавият сабоғи

Жойларда ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш ҳамда тарбия соҳасида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan