Бош саҳифа / Жамият / РУҲНИНГ КЕЧМИШИ

РУҲНИНГ КЕЧМИШИ

Эл нетиб топғай мениким, мен ўзимни топмасам.
А. Навоий

Денгиз шиллиққурти, кўримсиз, кўнгилсиз, очиқроқ айтадиган бўлсак, жирканч мавжудот. Мен эса одамни… чиғаноққа ўраниб олган шиллиққуртга ўхшатаман.

Хос кишилар учун қисса: Барчамизга яхши маълум, чиғаноқлар турли, катта ва кичик ҳажмда бўлишади… Аммо чиғаноқ ичидаги шиллиққуртлар ҳажми ҳамиша ҳам шунга яраша бўлавермайди… Уларга “вақт” турлича таъсир кўрсатади, яъни бири баҳри уммондан макон топса, бирини “оқим” балчиқли кўлмак томон олиб кетади. Шу боис тақдирлар турлича кечади.

Лойқа, балчиқли кўлмак ичидаги шиллиққурт чиғаноғи ичида чириб йўқ бўлишга маҳкум. Баҳриуммонни макон тутгани эса, шўр сувидан чиғаноқ ичида туз йиғилиб, шиллиққуртнинг рангсиз жасадига сингади. Жасад туздан тошқотади. Тўлқинлар эса уни йиллар давомида сайқаллаб, шаффофлантиради, шаклга солади ва… асрлар ўтиб сирли ва кўримсиз шиллиққурт ўрнида қимматбаҳо дур пайдо бўлади.

… ҳисса: Мен ҳали одамни бежиз чиғаноқ ичидаги шиллиққуртга ўхшатмадим. Мавжудлик ва истеъмолчилик хоссаларига кўра моҳиятан маҳлуқотдан ҳеч қандай фарқимиз йўқ! Чунки, барча қарашини моддийлаштирган (ўз манфаати билан ўлчайдиган) яна ҳам одми, очиқроқ айтадиган бўлсак, қорин ташвиши билан яшайдиган одамнинг (зоҳири) чиғаноғи (ташқи кўриниши) ҳарчанд кўркам, савлатли, ҳашамдор (жуда бой, илмли ва амал эгаси) бўлмасин (ботинан) маънан (руҳан) шиллиққуртлигича қолаверади…

Бизнинг ҳам шиллиққуртнинг туз йиғадиган жисмидек қалбимиз, онгу шууримиз, тафаккуримиз бор. Табиат бизга чиғаноқ ичидаги шиллиққуртдан фарқли ўлароқ “чириб“ йўқ бўлиб кетишимиз ёхуд “дур”га айланишимиз учун танлаш имкониятини туҳфа этган. Бу эса, албатта, бизнинг ҳаётга бўлган муносабатимиз ва ундан чиқариб ололадиган хулосамизга боғлиқ. Бунинг учун Биздан энг оғир ва машаққатли юмуш – ҳаётнинг истагини бажариш, яъни унинг кўзларига тик боқишимиз талаб этилади.

Биз бежизга ҳаётнинг кўзига тик боқишни жуда машаққатли “юмуш” деб атамадик; тирикликнинг ўзи заҳмат-машаққатдан ўзга бўлмаган бу оламда, у туғдирадиган муаммолари сабаб тирикчилик (манфаат) илинжида Эгасининг эмас, бандасининг қаршисида турли қиёфада турланиб-тусланмаслик, тўғри, ҳалол, башар дарди билан яшаш, унинг саодати учун курашиш, барча қарашларни иймон чиғириғидан ўтказиш, мағрурлик, ғурур учун, адолатсизлик ва ноҳақликка қарши курашиш каби хислатлар сизга керагидан ортиқ даражада даҳмаза бўлиб, иқтисодий-маънавий катта муаммоларни юзага келтириш билан бирга (сабр-қаноат эвазига) беназир изтироб ҳиссини ҳадя этади. Агар шу йиллар ичида шаклланиб, тобланган ирода кучи билан бу изтиробни назорат қилиш ва қай даражадир бошқариш имкониятига эга бўлсангиз, у шиллиққурт жасадига сингган туз каби қалбингизга сингади ва нурлантиради. Натижада, Сиз Борлиқни тўлақонли ҳис қилиб, одамларнинг зоҳиридаги аломатлардан ботинидаги кечинмаларини уқий бошлайсиз. Шунда Сиз оддий одамлар ҳеч қачон эга бўла олмайдиган илоҳий неъмат, уйғоқ Қалб ва ғойиб назарига эга бўлганингизни ҳис қиласиз. Зеро, азал битигида инсоннинг яратилмоғидан кўзда тутилган Мақсад ҳам шу эди!
(“Биз бу дунёни ўйнаб, беҳудага яратганимиз йўқ…“ Қуръони Карим, Духон сураси, 38- оят.)

…Изоҳ: Шиллиққуртнинг борар манзили маълум. Инсон эса жуда узоқ ва оғир сафарга отланган! Эътибор беринг-а, бор-йўғи бир неча кунлик хизмат сафарига отланишимиз бизни кўп ташвиш, таҳликага солиб, катта тайёргарлик кўришимиз талаб этилади-ю, нима учун ҳаддан ортиқ узоқ сафаримизга бунчалик бефарқ қараймиз? Мен вужуд (чиғаноқ)нинг эмас, руҳ-дур (шиллиққурт)нинг сафарини назарда тутаяпман! Бизнинг қарашларимиз вужудпарварлик, моддият билан чекланиб қолгани боисидан ҳар кун, ҳар лаҳза вужудимиз (қорин)ни сийлаш, уни лаззатларга кўмиш дарди-истагида умргузаронлик қиламиз-у руҳимиз, уни озиқлантириш ҳақида ҳатто бир бора ўйлаб ҳам кўрмаймиз! Вужуд (шиллиққурт) имиз эркалашларимиз, лаззатлар оғушида сўнгсиз сийлашларимиздан тобора тўлишгани (балчиқлашгани) дан теримизга сиғмай қувониб юрамиз-у унинг ичида ҳаво (зиё) сизликдан тобора димиқиб, ҳолсизланиб бораётган дур (руҳ) нинг ҳоли-кечмиши ҳақида бутунлай унутганмиз!..

Вақти, кези келар… вужуд сафари қаригач, хаста, ҳолдан тойган, нимжон, майиб ва мажруҳ тулпор (руҳ) имизда қолган олисдан-олис сермашаққат сафаримизнинг қай тарзда кечиши ҳақида қачон ўйлаб кўрамиз?..

Эркин НОРСАФАР,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Оқолтинда янги ҳаёт нафаси

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Оқолтин туманининг тошқиндан зарар кўрган аҳоли пунктларида сурхондарёлик қурувчилар томонидан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan