Бош саҳифа / Жамият / Ривожланишнинг янги босқичи

Ривожланишнинг янги босқичи

8-12 февраль кунлари Ўзбекистонда илк бор “Фаол фуқаролар” умуммиллий фестивалига старт берилди. Фаол фуқаролар фестивали дастуридан 20 га якин турли форматдаги тадбирлар жой олган: анжуманлар, конференциялар, мунозаралар, тақдимотлар ва маҳорат дарслари.

Жумладан, “Президент Мурожаатномаси — фукаролик  жамиятини  ривожлантиришнинг янги босқичи” халқаро конференцияси, Жамоатчилик кенгашлари форуми, ННТ мактаблари ҳамда Антикорупция лабораториялари тақдимотлари, “Орамиздаги қаҳрамонлар” лойиҳаси доирасида такдирлаш маросими бўлиб ўтмоқда. Фестиваль беш кун мобайнида нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимлик органлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, жами 2 мингдан зиёд иштирокчиларни қамраб олди. Бундан мақсад эса жамоатчилик кенгашларининг жамиятимизда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда бўлаётган ислоҳотлар жараёнида иштирок этишда фаоллигини оширишдан иборатдир.

Мазкур фестиваль доирасида Сурхондарё вилоятида “Халқаро мажбуриятларни бажарилишида жамоатчилик мониторингини ташкил этиш тартиби” мавзусида жамоатчилик муҳокамаси форматида тадбир ўтказилди.

Тадбир Термиз шаҳридаги “Матбуот уйи” биносида жойлашган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳудудий бўлинмаси музокаралар клубида бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Т.Боболов  сўзга чиқиб, Президент Мурожаатномаси, халқаро мажбуриятларнинг бажарилишида жамоатчилик мониторингини олиб бориш тартиби, бу борада воҳада амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.

Қайд этиш керак, сўнгги 3-4 йилда Ўзбекистонда халқаро ва миллий ҳужжатларимизда мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари асосларини такомиллаштириш борасида катта ютуқларга эришилди. Хусусан, маъмурий, жиноий, жиноий процессуал ва жиноий ижро қонунчилиги такомиллаштирилмоқда ҳамда инсонпарварлик тамойилига тобора кўпроқ мослаштирилмоқда.

Экспертлар фикрича, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги жараёнлар ҳануз камчиликсиз эмас, лекин шу билан бирга идоралар ва ташкилотлар ўртасидаги мувофиқлаштириш сезиларли даражада яхшиланмоқда. Муаммоларни ҳал қилишда давлат органлари ва жамоатчиликнинг биргаликдаги фаолияти кўзга ташланади. Масалан, сўнгги йилларда Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилди. Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоботига кўра, 2019 йилда Ўзбекистон ҳукумати томонидан пахта етиштиришнинг барча босқичларида тизимли ва давомли равишда болалар меҳнатидан фойдаланиш ва мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари кузатилмади. 2019 йил йиғим-терим мавсумида 94 фоиз ёлланма ишчилар ихтиёрий равишда иштирок этди, талабалар, ўқитувчилар, шифокорлар ва ҳамшираларнинг дала ишларига жалб этилиши эса бутунлай тугатилди.

Мамлакатнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва халқаро мажбуриятларни бажаришга содиқлиги Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам долзарблик касб этди. Буни бир қатор хорижий экспертлар ва сиёсатшунослар аввало, дунёда ва Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон тажрибасини, қисқа вақт ичида барча соҳаларда амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришларни нисбатан оммалаштириш сифатида баҳоладилар. Ушбу ислоҳотлар тажрибаси Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари учун ҳам, дунёнинг бошқа давлатлари учун ҳам, шу жумладан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасида ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши ушбу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилади.

Мулоқот давомида ана шулар хусусида фикр билдирилар экан, унда халқаро мажбуриятларни бажаришда жамоатчилик назорати, самарадорлигини ошириш, шунингдек, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш механизмларидан кенг фойдаланиш бўйича тавсия ва таклифлар ҳам ишлаб чиқилди.

Конференцияда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов, Халқаро Меҳнат Ташкилоти катта техник маслаҳатчиси Йонас Аструп, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари – Алия Юнусова, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари – Гулнора Маъруфовалар маъруза қилишди.

Йиғилишни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят ҳудудий бўлими раҳбари А.Наркабилов  олиб борди ва у муҳокамаларга бой тарзда ўтди.

Унда вилоятимиздан Олий Мажлис Сенати аъзоси О.Соатов, халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири С.Абдурайимов, Ёшлар парламенти аъзоси Ш.Суюновлар ҳам ўзларининг таклифларини билдиришди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур фестиваль “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан Адлия вазирлиги, АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Қозоғистоннинг фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (АРGО) ва қатор ҳамкорлар кўмагида ташкил этилди.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Номзодлар очиқ танлов асосида ишга олинади

Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan