Бош саҳифа / Иқтисодиёт / РЕЖА АНИҚ: ВАЗИФА ВА МАСЪУЛИЯТ ҚАТЪИЙ Эркинжон ТУРДИМОВ, вилоят ҳокими, сенатор

РЕЖА АНИҚ: ВАЗИФА ВА МАСЪУЛИЯТ ҚАТЪИЙ Эркинжон ТУРДИМОВ, вилоят ҳокими, сенатор

Муҳтарам депутатлар,
Ҳурматли сессия қатнашчилари!
Ҳаммамизга маълумки, Конституциямизнинг 103-моддаси ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 251-моддасига асосан вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг ўтган йил якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари ҳақидаги ҳисоботи эшитилиши белгилаб қўйилган. Бугунги сессияда 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг устувор йўналишлари хусусида маслаҳатлашиб оламиз.
Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 14 январдаги Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган йиғилишида “Танқидий таҳлил, қатъий тартиб интизом ва шахсий жавобгарлик–ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак” номли маърузасида кўрсатиб ўтилган муҳим вазифалар ҳаммамиз учун дастуруламал бўлиб қолиши лозим. Шундан келиб чиқиб, жорий йилда олдимизга қўйилган энг устувор вазифаларнинг бажарилишини сўзсиз таъминлаш ҳам фарз, ҳам қарз.
Ҳурматли депутатлар, ҳаммамиз бир ҳақиқатдан тўғри хулоса чиқаришимиз керак ва бунинг фурсати аллақачон етди, деб ўйлайман. 2016 йилда амалга оширишимиз керак бўлган кўплаб ишлар бой берилганини тан олишимиз лозим.
Бунга жойлардаги раҳбарларнинг масъулиятсизлиги, халқдан жуда узоқлашиб кетганлиги сабаб бўлди, десам хато қилмаган бўламан. Шу заҳматкаш халқимиз фидойилиги ва кўмаги билангина ислоҳотлар амалга ошишини унутишга ҳаққимиз йўқ.
Биз халқ дардини тинглаб, унинг муаммоларини бартараф этадиган бўлсак, олдимизда турган энг асосий вазифани бажара олдик, деб айта оламиз. Агар халқнинг муаммоларини бартараф этмасак, у катталашиб, вилоят миқёсидаги муаммога айланади. Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, “Ўзини ҳурмат қилган раҳбар, аввало, ишни пастдан, яъни энг чекка ҳудудларда яшайдиган аҳоли орасидан, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишдан бошлайди”.
Ўтган йил вилоятда, ялпи ҳудудий маҳсулот 108,0 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 106.4, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва ишлаб чиқариш 104.3, хизматлар ҳажми эса 116,3 фоизга бажарилиши таъминланди. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши 75,2 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,1 фоизга юқори бўлган.
2016 йилда нарх-навони барқарорлаштириш бўйича вилоятда амалга оширилган қатор ижобий ишлар натижасида, инфляция даражаси белгиланган режага нисбатан 0,8 фоизга камайтиришга эришилгани қувонарли ҳолдир. Шунингдек, маҳаллий бюджет олдидаги вилоятнинг боқимандалик қарзи 168,1 миллиард сўмни ташкил этиб, 2015 йилга нисбатан 40,2 миллиард сўмга камайган. Айниқса, Президентимизнинг 2015 йил 25 декабрдаги ПҚ-2458-сонли қарорига мувофиқ ўтган йил вилоят иқтисодиётига молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан жалб этилган капитал қўйилмалар ҳажми 1891,8 миллиард сўмга тенг бўлиб, 2015 йилга нисбатан 111,2 фоизга бажарилганлигини айтиб ўтиш лозим деб ҳисоблайман.
Вилоятда 2015-2017 йилларда йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш дастурига мувофиқ 1089 та лойиҳа бўйича 2 триллион 928 миллиард сўмлик иш бажарилиши керак эди. Лекин ўтган йил 1,5 трлн. ўрнига 719,4 миллиард сўмлик иш амалга оширилган. Натижада, белгиланган режа 48,1 фоизга бажарилган холос.
Муҳтарам Президентимиз “Қачонки халқ биздан рози бўлса, мақсадимизга эришган бўламиз” деб ҳар бир йиғилишда куюнчаклик билан таъкидлайдилар. “Демоқчиманки, 2017 йилда олдимизда турган муҳим масалаларнинг ижросини таъминлаш учун энг асосийси ҳар бир раҳбар, у ким бўлишидан қатъий назар – маҳалла раиси, корхона, ташкилот ва фермер хўжалиги раҳбарими, ҳокимми, авало халқнинг розилигини олиши керак.
Билиб қўйинглар, вилоят телеканалида ҳар ҳафтанинг якшанбаси ҳокимлар, пайшанба куни эса тармоқлар бўйича мутасадди ташкилот ва корхоналари раҳбарларининг халқ олдидаги ҳисоботини беришни йўлга қўйдик. Вилоятда мавжуд 713 та маҳалла фуқаролари йиғинида туман ҳокими, туман прокурори, туман ички ишлар бўлими бошлиғи, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, профликлика инспекторларининг фамилия, исми шарифлари ва уларнинг иш ва уяли алоқа телефонлари тўғрисидаги маълумотлар келтирилган махсус панолар ўрнатилади. Бу орқали, фуқаролар ўз қишлоғидаги, маҳалласидаги муаммолари бўйича бемалол мурожат қилишлари мумкин бўлади. Асосий мақсадимиз, халқимизга муносиб турмуш ва фаол иш шароитини яратиб беришдир.
Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олдимизда катта вазифалар турибди. Биринчидан, 2017 йилда камида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 2016 йилга нисбатан 109,1 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 112,1 фоизга, қишлоқ хўжалигида ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш 106,3 фоизга, қурилиш-пудрат ишлари 112,5 фоизга, чакана савдо айланмаси ва жами хизматлар ҳажмини
114,8 фоизга ўсишини таъминлашимиз лозим бўлади.
Иккинчидан, энг муҳим масалалардан бири вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини белгилаб берадиган омил бу экспортдир. Бунинг учун ҳудудий корхоналар томонидан 144,0 миллион АҚШ долларилик мева-сабзавот ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспортини амалга ошириш талаб этилади. Биз мева-сабзавот экспорти бўйича 22 та янги корхонани экспорт фаолиятига жалб этиш ва уларнинг сонини 60 тага етказишни мўлжаллаб турибмиз.
Учинчидан, вилоятда импорт ўрнини босувчи ва экспортга мўлжалланган маҳаллий хом-ашё негизида маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини, ҳамда турини кўпайтириш зарур.
Бугунги кунда, вилоятда 5 та корхонада маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётган бўлса, келгуси 5 йилда уларнинг сонини 53 тага етказиш эвазига янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ва уларнинг таннархини пасайтириш, сифатини яхшилашдан ташқари, 827 та янги иш ўрни яратилади.
Тўртинчидан, вилоят бўйича барча дастурларга киритилган 4 минг 720 та лойиҳани амалга ошириш орқали 2,3 триллион сўм ва 105,6 миллион доллар миқдоридаги инвестицияларни жалб қилиш натижасида 51 471 та янги иш ўринларини яратиш вазифасини сўзсиз бажарилишини таъминлашимиз керак. Бунинг учун тижорат банклари томонидан тадбиркорларга 797,5 миллиард сўм кредит ажратишлари лозим бўлади.
Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш учун тижорат банклари ходимлари уйма-уй юриб, энг кам иш ҳақининг 100 баробари миқдоригача гаровсиз ҳамда 9 фоизли кредитлар ажратган ҳолда, аҳолини 100 тадан товуқ сотиб олишга, 20 тадан ёнғоқ, лимон, бодом ва бошқа кўчатлар экишга жалб этишлар лозим.
Бешинчидан, бугунги кунда вилоятда 755 та корхона фаолият юритмаяпти. Бу ҳақида аниқ режа ва таклифларни тадбиркорлик субъектлари ҳамда тижорат банклари қисқа фурсатда ишлаб чиқишлари керак. Шунингдек, 2017-2018 йилларда 302 та кам қувватли, бўш турган ва қурилиши тугалланмаган объектлар учун 73,1 миллиард сўмлик, шундан 2017 йилда 64,3 миллиард сўм маблағ (32,7 миллиард сўми банк кредитлари) эвазига 1 212 та янги иш ўрни яратилади.
Олтинчидан, 2016 йилда вилоятимиз харажатларини қоплаш учун республика бюджетидан 681,5 миллиард сўм субвенция олган. Жорий йилда барча зарурий чораларни кўрган ҳолда маҳаллий бюджет даромадлари қисми бўйича белгиланган 969,8 миллиард сўм маблағни йиғиш орқали вилоятнинг субвенция олиш даражасини 33,1 фоизга (533,0 млрд. сўмга) пасайтириш, Шўрчи туманини субвенциядан чиқариш кўзда тутилган.
Шу мақсадда, жисмоний шахсларнинг мол-мулкидан 25,2 млрд., ер солиғидан 54,0 миллиард сўмлик солиқ йиғимларини ўз вақтида йиғиб олиш лозим бўлади. Бунинг учун барча туман ва шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, солиқ инспекцияси бошлиқлари кунлик ижрони таъминлаш фаолияти, ҳафта якунида вилоятда кенгайтирилган тартибда, танқидий руҳда муҳокама қилиб бориш талаб этилади.
Еттинчидан, Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги “2017-2019 йилларда тўқимачилик ва трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги ПҚ-2687-сонли қарорида белгиланган 299,4 миллион долларлик 10 та енгил саноат лойиҳаси вилоятда амалга оширилади.
Бундан ташқари, Денов туманида “Шашмохкашшоб” корхонаси томонидан қиймати 17 миллион еврога тенг ип-калава ишлаб чиқариш ва “Денов текстил” томонидан қиймати 700 минг долларлик тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳаларни амалга ошириш жуда зарур. Чунки бу вилоятда пахта толасини 100 фоиз қайта ишлаш имкониятини беради.
Саккизинчидан, вилоят пенсионерларнинг нафақаларини нақд пул орқали тўлаб бериш тижорат банклари томонидан асоссиз кечиктирилмоқда. Воҳада асосий турдаги озиқ-овқат маҳмулотларини белгиланган нархларда сотиш, терминаллар орқали савдо қилиш тартиби умуман назоратсиз қолдирилган. Вилоятдаги тижорат банклари 1 мартга қадар 1730 та банк терминали олиб келиб, мижозларга тарқатиши ва 209,2 минг нафар пенсионер нафақасини ўз вақтида тўлашни йўлга қўйиши зарур ва шарт.
Тўққизинчидан, вилоятда ахборот коммуникация тизимларини ривожалантиришга жуда катта эътибор қаратиш керак. Ваҳоланки, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида янгиликлар жорий этиш бўйича вилоят ахборот технологияларини ва коммуникацияларини ривожлантириш ҳудудий бошқармаси ташаббускорлиги мутлақо сезилмайди. Бошқарма томонидан бирорта таклиф ҳам берилмайди, берилган таклифларнинг ижросини таъминлашнинг уддасидан ҳам чиқмайди.
Вилоят бўйича электр энергиясидан 262,0 миллиард, табиий газ бўйича 108,1 миллиард ва ичимлик сувидан 11,2 миллиард сўмлик дебитор қарздорликни кескин камайтириш, бунинг учун истеъмолчилар билан шартномалар тузиш, тўловларни ундиришни қатъий назорат қилиш, тегишли мутасадди раҳбарларга юклатилди.
Дебитор қарздорликни йил бошига нисбатан ўсишига йўл қўйган мутасадди раҳбарлар ва туман (шаҳар) ҳокимларига нисбатан тегишли қатъий жазо чораларини кўриш, вилоятда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича бир қатор ишларни амалга ошириш талаб этилади. Бунда, республика бюджети ҳисобидан ажратилган 32,6 миллиард сўмлик маблағ ҳисобидан 57 та объектни 1 июнга қадар тўлиқ фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Президентимизнинг 2016 йил 23 ноябрдаги ПҚ-2661-сонли қарорига асосан вилоятда 2017 йил 156,74 км. паст кучланишли электр тармоқлари қуриш ва 41 та трансформатор ўрнатиш ишлари 1 августда якунланади. Вилоятда 148 минг дона маиший газ баллонларни аҳолига етказиб бериш ва туманларда 1 тадан сервис марказларини қуриш ишлари 1 июлга қадар якунланиши лозим. Бойсун, Шеробод ва Қизириқ туманларида 1 августга қадар автомобилларга АЁҚШ шохобчаси қурилади.
Сурхон воҳасида ички йўлларни таъмирлаш бўйича 2016 йилда йўл қўйилган камчиликларни такрорламаслик, жорий йилда ажратилган 28,6 миллиард сўмлик маблағ ҳисобидан 265 км. ички йўлларни таъмирлаш ишларини 1 майга қадар якунлаш талаб этилади.
Бу йил Сурхон воҳасида жуда катта қурилиш ишлари амалга оширилади. Жумладан, жорий йил инвестиция дастури асосида 36 та мактаб, 22 та мактабгача таълим муассасаси, 20 та касб-ҳунар коллежи, 12 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 47 та болалар спорти объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини 1 июлга қадар якунлаш зарур. Намунавий лойиҳалар асосида арзонлаштирилган 1009 та уй-жойни 1 июнга қадар тўлиқ фойдаланишга топшириш ва қўшимча ажратилган 400 та уй-жой қурилишини жадаллаштириш зарур.
Аҳолига қулай ва сифатли автотранспорт хизматини йўлга қўйиш мақсадида ноқонуний таксилар фаолиятига чек қўйиш, Термиз шаҳри ҳудудида автобуслар йўналишлари ва қатновини кўпайтириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан 100 та автобус олиб келиш режалаштирилган. Шунингдек, шаҳарда янги “Деҳқон бозори” ва “Савдо” мажмуаларини қуриш, Денов шаҳрини мукаммал архитектура ечимлари асосида бозорларини қуриш ва кўчириш ишларини амалга ошириш зарур.
Яна бир оғриқли нуқта бор. Коллеж битирувчиларининг иш билан таъминланиши ўта оғир аҳволда. Тадбиркорлик фаолиятларини бошлашлари учун уларга кредит маблағларини ажратиш ишлари тизимли ва қатъиян назорат қилиниши лозим.
Термиз давлат университетида ҳар йили 35-40 та талаба магистрликни ёқласада, уларнинг илмий ишлари амалиётга умуман жорий этилмаган. Университет билан халқ таълими ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими ўртасида ҳамкорлик йўқ. Бу эса, университет ректори ва мутасаддилари ўз ишларига етарлича масъулият билан ёндошмаётганлигини кўрсатади.
Яна бир гап. Вилоятда спорт соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳам етарли эмас, федерациялар фаолияти деярли ташкил этилмаган. Федерацияларга вакиллар бириктирилмаган. Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Термиз шаҳридаги “Сурхон” спорт мажмуаси ҳолати бугунги кун талабига умуман жавоб бермайди. 2017 йилдан бошлаб вилоят футбол жамоасининг мамлакат чемпионати биринчи лигасида иштироки йўлга қўйилди. Энди эса вилоят командаси фаолиятини жонлантириш орқали 2017 йилда биринчи лигада яхши натижа кўрсатиш, 2018 йилда эса муносиб ўрин олиш чорасини кўришимиз зарур.
Бу йил вилоятда 92,2 минг гектар майдонга чигит қадалади. Вилоятда гектаридан 28,8 центнер ҳосил олиш ҳисобига 285,5 минг тонна пахта хом ашёси етиштирилади. Гектаридан 47,6 центнер ҳосил олиш ҳисобига 462 минг тонна ғалла етиштириш учун барча агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли қилиб бажаришни таъминлаш талаб этилади.
Жорий йилда экин майдонларини оптималлаштириш бўйича 18 минг гектар майдонга мева-сабзавот ва узумчилик ва полизчилик фермер хўжаликларини ташкил этиш орқали 795,0 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади.
2017 йилда Денов туманидаги “Сайид оталиқ” масжиди, Термиз туманидаги “Султон Саодат” ва “Пайғамбар ороли” мажмуалари, Термиз шаҳрида жойлашган “Александр Невский” черкови каби объектларда бажариладиган ишларни қатъий назоратга олиш талаб этилади.
Азиз юртдошлар! Ҳаммамиз учун муқаддас бўлган оилани мустаҳкамлаш, хонадонларда тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратиш биринчи галдаги вазифамиз. Айниқса, аёллар ўртасида маънавий-маърифий тарғибот ишларини кенг йўлга қўйиш, бунда ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, оилаларда ажралишлар кўпаётганлиги сабабли, мавжуд муаммолар ечимини халқ билан мулоқот қилиш орқали аниқлаш ва уларни бартараф этиш зарур.
Жойлардаги раҳбарлардан аёлларга муносиб меҳнат шароити яратиш, оилавий бизнес, касаначилик, ҳунармандчилик, томорқа хўжалигини ривожлантиришда ёрдам бериш талаб этилади.
Хулоса қилиб айтганда, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили биз раҳбарларга халқнинг дарди билан яшаш масъулиятини янада оширмоқда. Режа аниқ: масъулият ва вазифа қатъий эканлигини унутишга ҳаққимиз йўқ. Жорий йилда Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан олдимизга қўйилган вазифаларни бекаму кўст бажариш учун барча куч ва имкониятларимизни ишга солишимиз лозим бўлади. Ўйлайманки, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган Сурхон воҳасининг ишбилармон ва тадбиркорлари, деҳқон ва фермерлари, раҳбар ва мутасаддилари олдиларига қўйилган шарафли вазифаларни ёруғ юз билан адо этадилар.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Шерободдаги сайлов округлари сиёсий жараёнга тайёрми?

Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази вилоят бўлими томонидан ОАВ вакиллари, ТерДУ талабалари, участка сайлов …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan